Жамият | 10:58 / 11.03.2020
9805
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХББ техник шикастланган «Матиз» машинаси акс этган видео бўйича тушунтириш берди

Ҳайдовчи номаълум транспорт воситасига урилиб кетмаслик мақсадида бошқарувидаги автомашинани олиб қочган ва ағдарилиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг 10 март куни ижтимоий тармоқларда техник шикастланган “Матиз” автомобили тасвирланган видеолавҳа тарқалди.
 
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, жорий йилнинг 25 февраль куни соат 22:30ларда ҳайдовчи М.А. “Матиз” русумли транспорт воситасини бошқариб, Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳкўчаси бўйлаб, Шастри кўчаси томонидан Шаҳрисабз кўчаси томонга қараб кетаётган бўлган.

Қайд этилишича, у йўлнинг ўрта қаторидан йўналиши бўйича “Китоблар олами” дўкони қаршисида амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 1, 3-қисмларида кўрсатилиб ўтилган талабларга риоя қилмаганлиги оқибатида ўзига нисбатан чап ён томонида ҳаракатланиб кетаётган номаълум транспорт воситасига урилиб кетмаслик мақсадида бошқарувидаги автомашинани олиб қочган ва ағдарилиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган. 

Натижада, ҳайдовчи М.А. тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилган.

“Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари, йўлларда ҳаракатланганда “Йўл ҳаракати қоидалари”ги амал қилишингизни, ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймаслигингизни сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид