Шаҳрихонда бир кўча бор: сув йўқ, йўл – «шудгор», электрда ҳатто дазмол ишлатиб бўлмайди
Аҳоли вакилларининг ўз яшаш ҳудудидаги муаммолар ҳақидаги мурожаати ортидан Шаҳрихон тумани Қозиқўрғон қишлоғи Матхошим кўчасида бўлдик.
200та хонадон истиқомат қилувчи Матхошим кўчасида электр энергияси таъминоти қониқарсиз ҳолатда, кўчалари қишда лой, ёзда чанг, тоза ичимлик суви эса умуман йўқ.
Кўчада яшовчи ота-оналар фарзандларини боғча ва мактабга хавотирда жўнатиб, кутиб олишади. Чунки кўчадаги қўлбола симёғочларда электр симлари одам қўли етадиган жойда осилиб турибди.
Кир машина ишлатиш, кийим дазмоллаш учун электр қувватининг етарли эмаслигини-ку айтмаса ҳам бўлади.
Овқат пишириш ва рўзғор учун сув маҳалла четидаги зовурда чиқаётган, ичишга яроқсиз сизот сувли булоқдан ташилади.
Манзилга етиб борганимизда, бизни шу маҳалланинг Матхошим кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар кутиб турган экан.
«Электр чатоқлигидан музлаткич, кир ювадиган машина, тефал, дазмол ишлата олмаймиз...»
Улар маҳаллада йиллар давомида тўпланган муаммолар ҳақида гапириб берди.
«Бизга бу ерлар 2000 йили давлат томонидан яшаш учун ажратиб берилган. Ўша йиллари кўчиб чиққанмиз. Ҳудудда 200тага яқин хонадон бор. Йиллар давомида яшаш шароитимизни яхшилаш учун ўзимиз ҳаракат қилиб, кўчаларимизга шағал тўктирдик. 10 йил олдин кўча бошига ўзимизнинг аҳоли вакиллари бетон симёғочлар ўрнатди. Шу симёғочлардан бошқа барча хонадонларга қўлбола симёғочлар орқали сим тортиб олишга мажбур бўлдик.
Электр токининг кучсизлигидан, кир ювиш машинаси у ёқда турсин, ҳатто дазмол ҳам ишлата олмаймиз.
Ўтган йили август-сентябрь ойларида маҳаллани «Обод қишлоқ» дастурига кирди, дейишди. Бетон симёғочлар олиб келишди. Аксарият қисмини ўрнатишди. Қолганлари эса турган жойида шундай турибди. Йиқилиб, қийшайиб, синиб кетганлари ҳам бор. Ўрнатилган симёғочлари талабга жавоб бермайди. Ҳали симлари ҳам тортилмаган.
Қишда уйларимизни иситиш ҳам муаммо бўлди. Табиий газ йўқ. 20 йил ичида тоза ичимлик суви ҳам етиб келмади. Рўзғор учун дала четида чиққан зах булоқ сувидан фойдаланамиз.
Гоҳида бу булоқда ҳам сув йўқ бўлиб қолади. Шунда зовур сувларини тиндириб ичишга тўғри келади», – дейди Мўйдинжон Ҳасанов.
«Шу ерда истиқомат қилаётганимизга 10 йилдан ошди. Симёғочдаги симлар осилиб ётибди. Ёш болаларни ҳар куни боғча ва мактабга жўнатамиз. Уларни жўнатгач, уйда хавотирланиб ўтирамиз.
Ўтган йили «электросеть» ходимлари келишди. Уйимиз олдидаги дарахтларни кестиришди. Лекин симёғочлар ўрнатилмади. Ўшандан бери ҳали хабар олишгани йўқ.
Электрчилар қачонки «дод» деб борсангиз, кейин келади. Аҳоли 6 йилдан бери арз қилиб келади», дейди Холмирза ота Эргашев.
«Кечки пайт «ток» кўп ўчаётгани ва қуввати пастлиги сабабли фарзандларимиз дарс тайёрлашга қийналади. Уларни мактабга жўнатиш учун кийимларини ювиб, дазмоллаб беришимиз керак-ку.
Биз ҳам фарзандларимиз оппоқ ва дазмолланган кўйлакларда ўқишга боришини хоҳлаймиз», – дейди Гулзодахон Раҳимова.
«Онам халтага пойабзал солиб беради»
Кўча йўлида мактаб томон кетаётган ўқувчиларни учратдик. Болажонлар қўлбола симёғочда тортилган хавфли электр токи ёнида, қўл етадиган жойдаги симлар олдида тортишмачоқ ўйнаб кетишяпти. Уларнинг сумкасида захира пойабзали ҳам бор экан.
«Кўчамизни аҳволи ёмонлиги учун дадам ва маҳалладагилар пул тўплаб шағал тўктиришди. Йўлимиз бироз бўлса ҳам яхшиланди.
Онам мактабга кетаётганимда янги пойабзалимни халтага солиб беради. Мактабга боргунча эски пойабзалимни кийиб, кейин алмаштириб оламиз», – дейди улардан бири.
«Фарзандларимизни тоза кийимда мактабга жўнатамиз. Мактабдан қайтишда улар елкаларигача лой, тупроқ бўлиб кетади. 4 фарзандимдан 3 нафари мактабга боради», – дейди Дилфузахон Маллаева.
Маҳалла кўчаларини айландик. Ҳақиқатдан ҳам аҳолининг бир неча бор трансформатор ва симёғоч керак, деб ёзган мурожаати бўйича ўтган йили туман электр тармоқлари корхонаси томонидан олиб келинган бетон симёғочлар йўл четига ташлаб кетилганини кўрдик.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи бир фуқаронинг хонадонида электр қувватини ошириш учун лабораторияда фойдаланиладиган автотрансформатор (ЛАТР) борлигини айтишди. Ускуна орқали электр қувватини кўрганимизда 135 вольт эканига гувоҳ бўлдик.
Шу пайт суҳбатимизга қаердандир пайдо бўлган, блокнот ушлаб олган киши қўшилди. Ўзини Шаҳрихон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Шавкатбек Нурматов деб таништирган соҳа мутасаддиси муаммога изоҳ берди:
«Ўтган йили Қозиқўрғон маҳалласидаги кўчаларга 74 дона симёғоч олиб келганмиз. Трансформатор учун линия ҳам тортиб қўйдик. Лекин йил якунланиб қолгани учун ишни охирига етказа олмадик.
Яна 35 дона симёғоч ва трансформаторни лойиҳага киритганмиз. Бу йил 2-чоракда барча белгиланган ишларни якунига етказамиз», – дейди Шавкатбек Нурматов.
Матхошим кўчасидан чиқиб кетаётган пайтимизда маҳалла бошида сув минорасига кўзимиз тушди. Миноранинг юқори қисмидаги тешиклардан сув оқиб, исроф бўлмоқда.
Холмирза ота Эргашевнинг айтишича, бу сув минораси 40 йил олдин ўрнатилган экан. Туман «Сувоқава» ташкилотига бир неча бор мурожаат қилинган. Ҳар сафар мутасаддилар шу чорак охирида тўғрилаймиз ёки кейинги чоракда бартараф қиламиз, деб ваъдалар беришган.
Занг тортган сув минорасидаги тешикларни ямаш учун маҳалла аҳли кўп ҳаракат қилибди. Лекин буни уддалай олишмаган. Эски минора бўлгани учун бирорта одам юқорига чиқса, қимирлаб кетаркан. Шу боис чиқишга ҳеч ким ботина олмас экан.
Сув минорасини таъмилаш учун кран ҳам олиб келишибди. Лекин минора остига тушган сув ерни юмшатиб юборгани учун муаммони бартараф этишнинг иложи бўлмаган.
Маҳалла аҳли сув минорасига кетаётган электр энергияси ва беҳуда оқаётган сувга ачинаётганини билдирди. Айтишларича, минора соатига 40 тонна сув тортади. Агарда ускуна соз ҳолатга келтирилса, маҳалладаги барча кўчаларга сув бемалол етади.
Электр тармоқлари корхонаси бошлиғи ваъда берганидек, балки кўчадаги электрдаги муаммолар тез орада ечимини топар, бироқ биз 200та хонадон истиқомат қилаётган кўчанинг бугунги ҳолати, аҳолининг бу борадаги мурожаатлари Шаҳрихон туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларни ташвишга солмаганига ҳайрон қолдик.
Туман ҳокимлигида
Муаммоларга изоҳ олиш учун Шаҳрихон тумани ҳокимлигида бўлдик.
Ҳокимлик биносида навбатчидан ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарини сўраганимизда, у вилоятнинг Наврўз байрамини ташкиллаштириш учун Хонобод шаҳрига кетганини айтди.
Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Бахтиёр Фозилов билан суҳбатлашдик.
«Матхошим кўчаси туман ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бошқармаси балансидаги кўча ҳисобланади. Бу кўчалар маҳаллий бюджетнинг ортиқча маблағлари ҳисобидан дастур асосида таъмирланади.
Бу йилги дастур ҳали тасдиқлангани йўқ. 25 март санасида йил якуни бўлади. Шундан сўнг, йўл таъмири учун маблағ ажратилиб, кейин шакллантирилади.
Дастурдан ташқари, туман ҳокимлиги ва молия бўлими ташаббуси билан ёқилғи ажратилса, бу кўчага ўхшаган лой кўчаларни шағаллаштиришимиз, муаммоларни ҳашар йўли билан бартараф қилишимиз мумкин», – деди бош муҳандис.
Ўзини «Сувоқава» ташкилоти ходими деб таништирган Ҳасанбой Тожибоев сув минораси масаласида изоҳ берди.
«Ҳақиқатдан ҳам, Матхошим кўчасидаги фуқаролар ўтган йили мурожаат қилгани эсимда бор. Бу кўчадаги сув минораси 1980 йилда қурилган. Бу йил Қозиқўрғон маҳалласининг «Обод қишлоқ» дастурига киритилиши мўлжалланган. Дастурга кириб қолса, бизда қудуқни реконструкция қилиш ҳамда 3 километр масофага янги тармоқ тортиш бўйича лойиҳа тайёр».
Соҳа мутасаддиларидан изоҳ олгач, айтган гапларига ишониш ёки ишонмасликни билмай қоласан киши.
Электр тармоқлари корхонаси 2-чоракда белгиланган ишларини якунламаса, туман ҳокимлиги ва молия бўлими ташаббус кўрсатмаса ва бу йил ҳам «Обод қишлоқ» дастурига тушмай қолса, Матхошим кўчасида ҳамма нарса эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетиши тайин.
Аҳоли яна неча йил шу аҳволда яшайди?
Сарварбек Назаров,
Аҳрорбек Ёқубжонов.
Мавзуга оид
20:10 / 28.01.2024
Андижонда ёниб кетган бозор ўрнида уй-жой қурилиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди
01:13 / 26.01.2024
Андижонда буюм бозори ёниб кетди
00:35 / 15.04.2023
Шаҳрихонда ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида низо келиб чиқди
12:47 / 10.01.2023