Ўзбекистон | 08:15 / 13.03.2020
11659
2 дақиқада ўқилади

Биринчи марта Марказий ҳарбий округда қўмондонлик мобил пункти ҳаракати қўққисдан текширилди

Бош штаб қўшинларни жанговар ва кундалик фаолиятини бошқариш маркази раҳбарияти томонидан биринчи марта Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги қўққисдан текширилди 

Фото: Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Бош штаби қўшинларни жанговар ва кундалик фаолиятини бошқариш маркази раҳбарияти томонидан биринчи марта Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги қўққисдан текширилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди. 

Тезкор навбатчи томонидан берилган “йиғин” сигналига мувофиқ, шахсий таркиб қурол-аслаҳа ва экипировкасини олиб, қисқа фурсатда жанговар шай ҳолатга ўтди. Жанговар техникалар паркидан ҳарбий техникалар колоннаси “Сазаган” дала ўқув майдонига йўл олди. 

Бўлинмалар билан тезкор алоқани таъминлаш мақсадида мобил қўмондонлик пунктлари қулай позицияларни эгаллаб, белгиланган муддатда ёйилди. Шартли душман ва вазият ҳақида дастлабки маълумотлар юқори раҳбариятга маълум қилинди.

– Сўнгги икки йил ичида мудофаа вазирлиги қўшинларида мобил қўмондонлик пунктлари замонавий информацион алоқа ва техник воситалар билан бутланди. Бу эса ҳаракатда ва жойда маълумотларни узатиш ва қабул қилиш, ҳар қандай шароитда қўмондонлик билан видеомулоқотни ташкил этиш, асосийси бўлинмаларни бошқариш каби кенг имкониятлар сари йўл очди, – дейди полковник Диёрбек Тожибоев. – Бундан бир неча йиллар олдин мобил қўмондонлик пунктлари бўлса-да, техник воситалар эски, алоқа сифати яхши бўлмаган. Кўпроқ стационар (бир жойдаги) пунктдан фойдаланилган. Ҳозирги кунда эса мобил пунктлар энг сўнгги маркадаги техник воситалар билан таъминланган.

Дала ўқув майдонида техникалар ниқобланди. 

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ташаббуси билан барпо этилган кўп функцияли мобил устахона ҳамда зенит қуролига ўрнатилган зирҳли қалқон қўшинлар ҳаётига татбиқ этилди.

Мавзуга оид