Ўзбекистон | 12:43 / 13.03.2020
244833
3 дақиқада ўқилади

«Бу ҳозирги шароитда тўғри эмас» — Президент автомобиллар нархи борасида фикр билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдирди.

«Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим. Ҳар бир қарорни етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш зарур. Аввало халқимизнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш керак», - деди президент.

Давлат раҳбари бозор иқтисодиётига ўтиш оғирлиги, лекин мамлакатимиз шу йўлдан боришини таъкидлади.

9 март уни Ўзбекистондаги ягона автомобил ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилди. Нархлар турли машиналар кесимида 15-21 фоиз атрофида ошганди.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда ва жамоатчиликда ишлаб чиқарувчининг бу қарорига кескин муносабатлар билдирилиши бошланди. 

11 март куни UzAuto Motors компанияси нархларни қайта кўриб чиқиш қарори нархлар конъюнктураси, шунингдек, ички ва ташқи бозордаги умумий макроиқтисодий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ эканлигини маълум қилди. Шунингдек, «Ўзавтосаноат» яқин келажакда масъул давлат органлари томонидан кўриб чиқиладиган Ўзбекистон бозорига олиб кириладиган хорижий автомобилларга божхона тўловларини камайтириш ташаббуси билан чиққани маълум қилинди.

Депутатлар компания раҳбарияти билан учрашувда ўз эътирозларини билдиришди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралади ва UzAuto Motors’ни монополияда айблади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам UzAuto Motors автомобиллари нархи оширилиши юзасидан кескин муносабат билдирди ва истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келинаётганини таъкидлади.

Мавзуга оид