Жаҳон | 19:58 / 13.03.2020
26364
8 дақиқада ўқилади

Путиннинг президентлик муддатини бошидан ҳисоблаш – Ким қандай фикрда?

10 март куни Давлат думаси депутати Валентина Терешкова Конституцияга президентлик муддатини бошидан ҳисоблаш тўғрисида ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Шу куни Владимир Путин Давлат думасида депутатлар олдида чиқиш қилиб, бунга рози бўлди, аммо ўзгартириш фақат Конституциявий суд ва Россия халқи маъқуллаганидан кейин қабул қилинишини айтди.

ALEXANDER NEMENOV/AFP/GETTY

Путиннинг бешинчи ва олтинчи муддатга сайланишига имкон бериши мумкин бўлган тузатиш кўплаб тортишувларга, танқидларга ва мемларга сабаб бўлди. «Биринчи канал», ВГТРК (Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси) ва НТВдаги сиёсий шоуларда янги ўзгартиришларни «барқарорлик» билан оқлашди, қонунда «Худо ва анъанавий оила» тилга олинишидан хурсанд бўлишди ҳамда амалдаги Конституцияни «шармандали» деб аташди. TJ «60 минут», «Время покажет» ва «Место встречи» кўрсатувларида янги Конституция қандай муҳокама қилинганлигини баён қилди.

Шоунинг деярли барча иштирокчилари муддатни «бошидан ҳисоблаш»ни қўллаб-қувватлади, бу Россияга барқарорлик кераклиги билан изоҳланди

«Биринчи канал», ВГТРК ва НТВ сиёсий дастурларида Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларга қарши чиқадиган экспертлар деярли йўқ эди. Барча кўрсатувларнинг бошловчилари ўзгартиришларни қабул қилиш ёки қабул қилмасликни фақат халқ овоз бериш йўли билан ҳал қилишига эътибор қаратдилар.

Сиёсатшунос Олег Матвейчев «Биринчи канал» эфирида «барча сўровларга кўра» Россия халқи Путинни умрбод президент сифатида кўришни истаётганини айтди. Бироқ у қандай сўровлар назарда тутилганига аниқлик киритмади. «Путин 2024 йилда президент бўлиши учун биргина имконият бор, биз бу имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак», дея қўшимча қилди у.

Дастур иштирокчиларининг аксарияти ҳозирги сиёсий вазиятда Россияга энг аввало барқарорлик кераклиги ҳақида фикрлар билдиришди. Давлат думаси вакили Константин Затулиннинг фикрича, Россияда Путиндек тажрибали ва истеъдодли етакчи йўқ. Затулин барқарорликни таъминлаш учун фақат дидга қараб «кимларнидир тарқатиб юбориш» орқали муаммо келтириб чиқармаслик кераклигини қўшимча қилди.

Юрист Виталий Серукановнинг айтишича, Путин ҳеч қачон айтган сўзидан қайтмайди, шунинг учун у 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашмайди. Серукановнинг сўзларига кўра, президентлик муддатини «бошидан ҳисоблаш» таклифи фақат Конституцияга киритилган ўзгартиришларга овоз беришга эътиборни жалб этиш учун айтилган бўлиши мумкин.

Сиёсатшунос Дмитрий Абзалов «Биринчи канал» ва ВГТРК эфирида Конституцияга киритилган ўзгартиришлар оммавий кўриб чиқиш учун тақдим этилгани ва «саҳна ортида» қабул қилинмаганини таъкидлади.

«Тизимни саҳна ортида ўзимизга мослаб ўзгартиришимиз мумкин эди - буни овоз беришсиз амалга оширса бўларди. Президент бу масъулиятни одамлар билан бўлишишни хоҳлади», деди у.

Кўрсатувлар меҳмонлари амалдаги Конституцияни «шармандали» деб топишди ва ўзгартиришлардаги анъанавий қадриятлардан хурсанд бўлишди

«Биринчи канал»даги «Время покажет» кўрсатувининг бошловчилари кўрсатувнинг аксарият вақти давомида Ғарбнинг Россия Конституциясига таъсири тўғрисида гапиришди. Бошловчи Артём Шейнин АҚШ ва Европани ўз сиёсати ва қадриятларини Россияга тиқиштиришда айблади. Шейнин Россиянинг ўз йўли борлигини ва Ғарбнинг либерал қарашлари русларга тўғри келмаслигини айтди.

«Царьград» телеканали асосчиси Константин Малофеев Россиянинг ҳозирги Конституциясини «шармандали» деб атади ва ҳеч қачон сайловга бормаганини, аммо апрелда овоз беришга боришини айтди. Малофеев Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларда «Худо, эркаклар ва аёллар иттифоқи - давлатни ташкил этувчи нарсалар» борлигидан хурсанд эканлигини қўшимча қилди.

«Единая Россия» депутати Елена Николаева Конституциядаги асосий ўзгартириш - Россия ҳуқуқининг халқаро ҳуқуқдан устуворлиги деб ҳисоблашини айтди.

«Биз 1991 йилдан бери халқаро юрисдикция остидамиз ва ўзимиз билмаган қонунлар бўйича яшаяпмиз. Бизни бошқаришга уринишмоқда», деди у.

Ўзгартиришлар тўғрисида атиги бир неча киши салбий фикр билдирди - улардан бири кейинги кўрсатувга таклиф қилинмайдиган бўлди

НТВ телеканалидаги «Место встречи» эфирида сиёсатшунос ва психолог Наталья Шавшукова ўзгартиришларга «йўқ» деб овоз бериш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани ҳақида фикр билдирди. Шавшукова россияликлар шу тарзда давлат институтлари бир шахснинг манфаатлари учун ўзгартирилишига йўл қўймасликларини айтди.

«Давлат тўнтаришини жонли эфирда томоша қилиш имконияти жуда кам бўлади. Эндиликда 22 апрелда бўлиб ўтадиган овоз бериш [конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисида] янги маъно касб этиб бормоқда. Давлат тўнтариши - Путиннинг қилган иши шу бўлди. Овоз бериш ноқонуний эканлигини ҳамма тушунади деб ўйлайман», деди сиёсатшунос.

Шавшукованинг фикри НТВда мутлақо қўллаб-қувватланмади: бақир-чақир билан унинг овозини эшиттирмасликка, гапини бўлишга ва унинг ноҳақ эканлигига шама қилишга уринишди.

Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, 10 март кунги эфирдан сўнг, телеканал унинг 11 март кунги кўрсатувга таклифномасини бекор қилган.

Сиёсатшунос Андрей Никулин овоз беришда мустақил кузатувчилар бўлмаслигидан хавотир билдирди. Шунингдек, у Россияда сайлов монархияси ташкил этилмоқда деб ҳисоблайди: «Путин ҳокимиятда қоладими ёки йўқми – буни фақат ўзи ҳал қилади».

Юрист Борис Надеждиннинг фикрича, Конституциявий суд ўзгартиришлар киритиш тартибини конституцияга зид деб топади ва 22 апрелда овоз бериш бўлмайди.

Амалдорлар федерал каналларнинг гапларини такрорламоқда. Терешкова ўзгартиришларни танқид қилувчилар Россияни ёмон кўради деб ҳисоблайди

Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар танқид қилинганига ўз муносабатини билдирди, чунки унингча, «Терешкова ва унинг оиласига қарши ғазабнок кампания бошланган».

«Бизнинг устунлигимиз нефть ва газ эмас. Нефтнинг ҳам, газнинг ҳам нархи тушиб кетиши мумкинлигини кўриб турибсиз. Бизнинг устунлигимиз - Путин ва биз уни ҳимоя қилишимиз шарт», деди у.

Президентлик муддатини бошидан ҳисоблаш тўғрисида ўзгартириш киритишни таклиф қилган депутат Валентина Терешкова ўзгартиришларни танқид қилувчилар Россияни севмаслигини айтди: «Мен бу мамлакатни ёмон кўрадиган, ифлослик қилиш учун ҳамма нарсага қўл ураётган одамлар ҳақида гапиришни ҳам истамайман».

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Терешковани қўллаб-қувватлади: «Сиз Россия халқининг фикрини айтиб, тўғри иш қилдингиз». Қодировнинг фикрича, ўзгартиришларни танқид қилганлар Путиннинг сиёсатдан кетишига умид қилишган, аммо ўзгартиришлар унга яна икки муддат қолишга имкон беради.

«Хориждаги жаноблар ва уларнинг Россиядаги малайлари Владимир Путин бир неча йилдан кейин сиёсатдан кетишига, Россия Федерацияси Ғарб ва АҚШнинг буйруғини бажарадиган учинчи нав мамлакатга айланишига умид қилганди. Бўлмади! Владимир Путин сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади, буни сайловчилар ҳал қилади. Улар қандай қарорга келса, шу бўлсин!», деди у.

Мавзуга оид