Жамият | 10:11 / 15.03.2020
136400
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors’нинг тузатиб бўлмас нуқсони бор машинасини олган фуқаро: «Янги Cobalt олдим, десам бошимга ғалва сотиб олган эканман»

Андижонлик фуқаро автосалондан янги Cobalt автомашинасини сотиб олган. Бироқ ушбу машинанинг бўёқлари тўкилиб тушмоқда. Автосалон эса уни бошқасига алмаштириб беришга рози бўлмаган. Бундан ҳам ёмони машинадаги нуқсон фақат бўёғида эмас...

Мамлакатдаги монопол автоишлабчиқаруви UzAuto Motors АЖнинг ўзи ишлаб чиқараётган айрим турдаги автомобиллар нархини ошириши ортидан жамоатчиликнинг кескин норозилиги авж олиб турган бир пайтда таҳририятга айнан ушбу завод маҳсулоти ҳисобланган Cobalt машинасини сотиб олиб, барака топмаган фуқаронинг мурожаати келиб тушди.

Андижонлик Исмоилжон Ваҳобов 2019 йилнинг апрель ойида «Асака-Автосавдо» МЧЖдан яхши ниятлар билан 84 миллион сўм тўлов қилиб Cobalt автомобилини сотиб олади.

Ниҳоят янги автомобилга эришганидан бахтиёр Исмоилжон «оқ тулпор»ни ўн кунча маза қилиб миниб юради. Бироқ, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. У сотиб олинганига икки ҳафта бўлмаган автомобилнинг олди капотидаги буёғи кўчаётганини сезиб қолади.

«Капотдаги «краска» кўчишни бошлаганидан сўнг, машинани автосалонга олиб бориб, «Менга бошқа автомобил беринглар, бунинг буёғи кўчиб кетяпти» дедим. Улар маслаҳат қилишиб, капотни алмаштириб беришди. Қарангки, бир ой ўтиб-ўтмасдан янги машинанинг капоти алмашди. Озгина вақт ўтиб, Cobalt’нинг ўнг ва чап қанотлари ҳамда том қисмида ҳам буёқлар кўчишни бошлади.

Бу муаммодан бошим қотиб яна «Асака-Автосавдо» салонига бордим, улар мутахассисларни чақиртиришди. Мутахассислар экспертиза ўтказишиб, машинанинг олди ўнг ва чап қанотлари ҳамда том қисмида бўёқ кўчаётганини аниқлашди. Кафолат муҳандиси бошчилигидаги мутахассислар далолатнома тузишиб автомобилимда бўёқ кўчиш нуқсони юз бергани тасдиқланди.

Шундан сўнг автосалон иккита қанот ва том қисмини алмаштириб беришни таклиф қилди. Мен рози бўлмадим. «Кузовни тўлалигича алмаштириб беринглар», дедим. Чунки мутахассислар кузовнинг бошқа қисмларида ҳам буёқ кўчмаслигига кафолат бера олишмаганди. Ўзингиз биласиз, машина бўялса нархи тушиб кетади.

Кейин, кузовини бутунлай алмаштириш борасида «Автотеххизмат»даги мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Улар кузовни тўла алмаштириш самара бермаслиги, кузов алмаштирилса машинанинг қисмлари бўшаб, турли товушлар чиқарадиган бўлиб қолишини айтишди.

Автосалондагилар эса эътирозларимга жавобан «Машинани сотиб устига пул қўшсангиз, 10 кунда заводдан янгисини чиқариб берамиз», дейишди. Қизиқ, бу ишни ўзим ҳам қила оламан-ку? Кўриниб турибдики, машина заводдан «брак» чиққан, бу ҳолатда ҳеч қандай тўловсиз янгисига алмаштириб беришлари керак эмасми? Мен қиммат нархга бўлсада автомобил сотиб олдим, деб ўйлагандим, энди билсам ўзимга ғалва сотиб олган эканман. Ҳеч ким мени эшитмаяпти», дейди Исмоилжон Ваҳобов.

Шундан сўнг нуқсонли Cobalt’нинг эгаси билан автомобилнинг  ҳақиқатда нуқсонли эканлигини текшириш мақсадида «кичик тажриба» ўтказдик. У автомобилнинг ўнг қаноти чеккасига скотч лентаси ёпиштириб, сўнг уни ажратди. Дарҳақиқат, қанотнинг сиртидаги буёқ скотч лентасига билан бирга кўчиб чиқмоқда.

«Автомобилимнинг нафақат бўёғида балки, гидравлик насоси ва руль колонкасида ҳам нуқсонлари бор, яъни янги минган кунимдаёқ товуш чиқара бошлаган. Бу бўйича ҳам мурожаат қилганман. Бу камчиликларни ҳам автосалондагилар Тошкентга бориб, ҳақиқатда «дефект» борлигини тасдиқлатиб келганимдан сўнг тан олишган.

Янги машина олиб минсам, бир-икки йил устахонага кирмайман, деб ният қилгандим. Афсуски, шу машинани олганимдан буён куним устахоналарда ўтмоқда», дейди фуқаро.

Гарчи, шу каби ҳолатларда тарафлар қандай йўл тутиши лозимлиги шартномада аниқ белгилаб қўйилган бўлмаса-да, фуқаронинг талаби жиддий: автомашина янгисига алмаштириб берилиши шарт! Чунки юқорида ҳам айтилганидек, машинага бошқа бўёқ сепилса ёки кузови алмашса унинг нархи кескин тушиб кетади.

Бинобарин, Фуқаролик кодексининг 1017-моддаси биринчи қисмига кўра, товарнинг конструктив ёки бошқа нуқсонлари оқибатида фуқаронинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.

Ўйлаймизки, UzAuto Motors АЖ вакиллари андижонлик бу йигитнинг муаммоси устида жиддий бош қотириб кўришади.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов
Монтаж устаси - Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид