Ўзбекистон | 14:29 / 16.03.2020
60077
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус Ўзбекистонда: одамлардаги кайфият, савдо ва харидлар

Кеча, 15 март куни тонгда Ўзбекистонда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди.

Фото: KUN.UZ

Шундан сўнг, кун ярмига бориб Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга бағишлаган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман якунларига кўра, Ўзбекистонда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча оммавий тадбирлар, жумладан, умумхалқ сайллари тўхтатилиб, боғча, мактаб ва олий таълим муассасалари карантинга ёпилиши белгиланди.

Kun.uz мухбири аҳолининг вазиятдан қай даражада хабардорлиги ва ҳимоя чораларини билиши, қолаверса, савдо марказларидаги аҳвол билан танишиш мақсадида пойтахтдаги «Фарҳод» деҳқон бозорида  бўлди.

Бозорда сотувчи ва харидорлар билан суҳбат ўтказилди.

«Биз ҳозирча бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланганимиз йўқ. Худо бор, барчамизни ўзи асрасин. Кўп қатори барчамизни асрасин. Шунингдек, гигиена қоидаларига ҳам амал қиламиз», деди бозордаги харидорлардан бири.

Ундан шахсий гигиена қоидаларидан қанчалик хабардорсиз, дея сўраганимизда қуйидагича жавоб олди:

«Билишимча, бу ҳам гриппнинг бир тури. Унга қарши соғлом ҳаёт тарзини кечириш керак». 

Бошқа бир харидор эса Ўзбекистон раҳбарияти аҳоли саломатлигини асраш бўйича керакли барча ишларни қилаётганига ишонади.

«Халқимиз соғлиғи учун керакли одамлар ҳар томонлама меҳнат қилаётганига ишонаман.

Хоҳлардимки, вирус ҳақидаги хабарларни барча ўқисин ва шу қоидалар бўйича ҳаракат қилишсин.

Оиламиз билан хабардормиз, коронавирусдан сақланиш учун қўлларимизни тез-тез ювишимиз, иложи бўлса, ёнимизда ҳам антисептик воситаларни олиб юришимиз керак.

Халқимиз бу синовдан ўтиб олади, ҳеч ким ваҳимага тушмасин. Бу қанчалик қийин бўлмасин биз вирусдан ўта оламиз», дейди у.   

Яна бир харидорнинг фикрича, вазият қўрқиш даражасида эмас. «Ўйлайманки, аҳвол шу даражада бўлганда бизни ана шу сигналда огоҳлантиришарди», дейди суҳбатдошимиз.

Биз билан суҳбатлашган сотувчилардан бири 15 март ҳолатига кўра, полиз маҳсулотлари сотувида сезиларли ўсиш бўлганини тасдиқлади. «Бугун бозорда қандайдир одам кўпроқ. Қоплаб картошка, пиёз олаётганлар ҳам бор. Буни қандайдир вирус билан боғлашяпти. Мен ундай нарсаларга тушунмайман. Қолганини билмайман», дейди сотувчи.

«Коронавирус Ўзбекистонга келган дейишяпти, лекин биз сезганимиз йўқ. Одамларнинг бозорга келиш фоизларида ўсиши ёки камайишида бирор ўзгариш сезмадим» дейди яна бир савдогар.

«Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори ўринбосари Жаҳонгир Исмоиловнинг айтишича, ҳар доим ҳам дам олиш кунлари бозорларда одам гавжум бўлади. Шунинг учун айни пайтда  маҳсулот етишмай қолиши мумкин эмас. Асосий турдаги озиқ-овқат 27 турда бўлса, уларнинг битта «Фарҳод» деҳқон бозорининг ўзига етказилишига 2 та алоҳида вилоят – Андижон ва Тошкент вилоятлари бириктирилган. 

Бундан ташқари, «Озиқовқатсаноат», «Озиқовқатхолдинг» уюшмалари томонидан ҳам арзон расталар ташкиллаштирилган.

«Бозорнинг ўзида ҳам «Элга хизмат» растаси ташкил этилган бўлиб, унинг захираси маҳсулотга талаб кескин ошадиган вақтларда 15-20 кунга бемалол етади. Агар доимий маромда харидлар давом этадиган бўлса, анча узоқ муддатга етади. Шунинг учун ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», - дея қайд этди бозор ходими.

Бундан ташқари, бошқа харидорлар ҳам коронавирус ҳақида маълумотга эга эканликларини, қанақа тартибда гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклигини билишларини маълум қилишди.

Айрим савдогарларнинг саволларимизга жавоб беришича, болаларига таътил берилгани учун уйда улар билан шуғулланишади.

Биз бозорда учратган болалар таътил вақтини телевизор кўриш билан ўтказмоқчи эканликларини, гигиена қоидаларини ҳам  билишларини айтишди.

Бозор кайфиятини кузатиб, бу ерда ҳаёт доимгидек давом этаётганининг гувоҳи бўлдик: одамлар ойлаб ғамлаш учун маҳсулот олишаётгани йўқ. Нарх-навонинг ҳам кескин ўсиш ҳолатлари кузатилмади.

Бироқ, назаримизда,  одамларда вирус ва ундан ҳимояланиш ҳақида етарли даражада билим йўқ. Бу эса ОАВларга одамларга тушунтириш берувчи материалларни кўпроқ тайёрлаш вазифасини юклайди.

Илёс Сафаров тайёрлади
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид