«Бир кун ушбу минбарда туриб: «Биз енгдик, деб айтамиз» — Трамп одамларни уйда қолишга чақирди
АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда коронавирусга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ билан мавжуд вазият ҳақида суҳбатлашиб, матбуот анжуманида оммага мурожаат билан чиқди.
У Covid-19 билан боғлиқ 15 кунлик ҳаракат режаси эълон қилинганини эслатиб ўтган.
«Кўплаб америкаликлар ўз уйларидан ишлай оладилар, шундай қилишсин ҳам. Соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат саноати соҳаларида хизмат кўрсатувчилар бундай йўл тутиш имконига эга эмас, лекин ўзларини хавфсизликда сақлаш учун қўлларидан келган барча ишни қилишлари керак», деган АҚШ президенти.
У мамлакатда саёҳат учун чекловлар бўлиши мумкинлигини айтиб, фуқаролардан уйда қолишни, зарурат бўлмаса, ҳеч қаерга бормасликни сўради.
«Бир кун ушбу минбарда туриб: «Биз енгдик, деб айтамиз»
Мамлакатдаги Covid-19 тест-синовларининг етарли даражага етказишга эришиш учун ҳаракат қилинаётганини таъкидлаган Трамп штатларга ўз ҳудуди доирасида синовларни ишлаб чиқиш имкониятини берганини маълум қилди.
«Бир кун мана шу минбардан туриб: «Биз енгдик, деб айтамиз», деди у.
«Ўйлайманки, бизнинг иқтисодиётимиз тезда тикланади»
Шунингдек, у туризм соҳаси, айниқса, кичик бизнес ва авиакомпаниялар эпидемия туфайли қийин аҳволга тушиб қолганига ишора қилди ва ушбу соҳада ишлайдиганларга зарар етказмаслик учун ёрдам кўрсатишини, Молия вазири Стевен Мнучин ҳам бугун Конгресс аъзолари билан рағбатлантириш пакетини ўз ичига олган қонун лойиҳаси ҳақида келишишини айтди.
«Ушбу пакет катта бўлади, Оқ уй қонун лойиҳасини 800 миллиард доллар миқдорида имтиёз сифатида Конгрессга тақдим этишни таклиф қилди. Икки томоннинг фидокорлиги халқимиз саломатлиги ва иқтисодиётимизни ҳимоя қилиши мумкин. Ўйлайманки, иқтисодиётимиз тезда тикланади. Агар биз мамлакатимиз учун тўғри йўлни танласак, ишлар тезда изига тушиб кетади», деди у.
«Хитой вируси» ифодасига изоҳ
Трамп твиттерда Covid-19’ни «Хитой вируси» деб номлаганини эслатди.
«Хитой вирус бизнинг мамлакатимиздан келганига оид нотўғри маълумотлар тақатаётганди. Бу асоссиз эди. Вирус қаерда пайдо бўлган бўлса, ўша ердан келган, дейишга мажбурман», деди у.
У эпидемиянинг аввалбошда жиддий қабул қилинмагани борасидаги танқидларга шундай жавоб қайтарган: «Мен ҳали пандемия эълон қилинмасдан аввал бу бир улкан эпидемия эканини ҳис қилгандим».
«Биз иқтисодий рағбатлантириш режаси устида ишламоқдамиз»
АҚШ Молия вазири Мнучиннинг айтишича, вазирлик жуда муҳим иқтисодий рағбатлантириш режаси устида ишламоқда.
Вазир режа Сенатга тақдим этилишини ва режани тезда қабул қилиш учун Сенат билан иш олиб бораётганликларини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ишчиларни рағбатлантириш пакети ва авиакомпаниялар, шунингдек, меҳмонхоналарни бошқариш каби муҳим соҳаларга кредит кафолати тақдим этилмоқда.
Мнучин авиакомпанияларнинг раҳбарлари билан учрашганини айтди.
«Авиакомпаниялар учун вазият 11 сентябрга қараганда ёмонроқ», деди у.
300 миллиард доллар миқдоридаги солиқ кечиктирилади
Мнучиннинг таъкидлашича, ходимларга солиқ имтиёзларини бериш ғояси Трампга маъқул бўлган. «Солиқ имтиёзи одамларни яқин 6-8 ой ичида пул билан таъминлайди. Биз кейинги икки ҳафта ичида фуқароларимизга чеклар юбориш вариантини кўриб чиқмоқдамиз», деди вазир.
Солиқни қайтариш жараёни 15 апрелгача узайтирилганини айтган Мнучин қарийб 300 миллиард доллар тўлаш кечиктирилишини маълум қилди. Шунингдек, эпидемиянинг бозорларга таъсири ҳақида тўхталди ва бозорлар албатта очиқ қолишини айтди: «Америкаликлар ўз пулларини тасарруф қилиш имконига эга эканликларини билишлари керак. 11 сентябрдан кейин бозорлар технологик ўзгариш туфайли ёпилди. Мен банклар ва Нью-Йорк фонд биржасига телефон қилдим. Бозорларни очиқ тутишни ҳамма хоҳлайди. Биз бунга эришиш учун барча ишни қиламиз».
Пенс қурилиш компанияларидан ниқобларни маҳаллий касалхоналарга топширишни сўради
Шунингдек, Covid-19’га қарши курашиш гуруҳининг бошлиғи бўлган АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳам бозорда N95 русумли ниқобларга эҳтиёж мавжудлигини айтиб, қурилиш компанияларидан ўзларининг ниқобларини маҳаллий касалхоналарга топширишни сўради.
Ишчи гуруҳда бўлган америкалик доктор Энтони Фаучи эса мамлакатда вирус билан касалланиш ҳолати яқин 45 кун ичида авж олиши мумкинлигини маълум қилди.