Жаҳон | 12:15 / 18.03.2020
89679
3 дақиқада ўқилади

Хитойлик шифокорлар европалик ҳамкасбларининг коронавирусни даволашдаги хатоларини маълум қилишди 

Коронавирус тарқалиши ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Уҳан шаҳри шифокорлари европалик шифокорлар коронавирусга қарши курашда уларнинг хатоларини такрорлаётганларини айтмоқдалар.

Фото: Francesca Volpi / Bloomberg

Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлигининг коронавирус эпидемиясига қарши курашда иштирок этган хитойлик шифокорлардан интервью олган мухбирлари маълум қилди.

Хитойлик шифокорлар касалланганларга қаровчи европалик ҳамкасбларининг етарлича ҳимояланмаганликларини жиддий хато деб аташмоқда. Бунинг оқибатида шифокорлар ва ҳамширалар орасида касалланиш даражаси ошмоқда. Уханда янги вирус ҳақида маълумот оз бўлган ва ҳимоя воситалари етишмаган январнинг дастлабки ҳафталарида минглаб тиббий ходимлар коронавирусга чалинган, улардан камида 46 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Пекиннинг Бирлашган тиббиёт коллежи профессори Ву Донгнинг айтишича, Европа давлатларида коронавирусни даволашда шифокорлар вирусга чалинаётгани билан боғлиқ жорий вазият Уханда кузатилган бошланғич вазиятга ўхшайди. “Европалик ҳамкасбларимиз иш жараёнида бу вирусга чалинмоқдалар, вазият Ухандагига жуда ўхшаш. Биз тиббий персонални ҳимоялашимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган профессор. Пекиндаги тиббиёт коллежининг интенсив терапия бўлими бошлиғи Ду Биннинг таъкидлашича, Уханда шифокорлар орасида отоларинголог ва окулистлар кўпроқ вирусга чалинганлар. “Фикримча, бунга сабаб, бундай мутахассислар беморлар билан жуда яқин алоқада бўлишидир. Бу улар осонгина зарарланганларининг асосий сабабидир”, деб айтган мутахассис.

2003 йилда авж олган SARS (ўткир оғир респиратор синдром) эпидемияси вақтидаги касалланганлардан фарқли, коронавирусга чалинганларнинг баъзиларида бошида енгил аломатлар пайдо бўлади ёки умуман пайдо бўлмайди. Шу сабабли касалланганлар ўзлари билмаган ҳолда вирусни бошқа одамларга юқтирадилар. Шу сабабли хитойлик мутахассислар касалликни эрта босқичда аниқлашга имкон берувчи тестлар ўтказиш муҳимлигини таъкидлаб ўтишган. 

Ду Биннинг таъкидлашича, Хитойда енгил аломатларга эга беморларни даволашда халқ табобати қўл келган. Бироқ, унинг айтишича, аксарият ғарб шифокорлари Хитой табобати усулларини самарасиз ёки нотўғри деб ҳисоблашади.

Хитойлик мутахассислар эпидемияга барҳам берилгач ҳам огоҳ бўлиш кераклигидан огоҳлантиришди. Бу янги касалланиш ҳолатлари юз бериши мумкинлиги билан боғланган.

Таъкидланишича, коронавирусга текшириш қандай ташкиллаштирилганига кўра муайян давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимига баҳо берила бошланди. Мисол учун, АҚШда расмийлар тестлар сустлик билан ишлаб чиқилаётгани учун, Ҳиндистон ва Индонезияда улар умуман ўтказилмаётгани учун танқид қилинган. Касалланганлар сони 8,3 мингдан ошиб кетган Жанубий Корея эса ҳар куни минглаб одамларни вирусга текширгани эвазига вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлди.

Хитойлик тиббиётчиларнинг фикрича, Хитойда эпидемия охирлаб қолди. Бу орада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қолган давлатларда коронавирусдан касалланиш ва ўлим ҳолатлари Хитойда қайд қилингандан ошиб кетганини таъкидламоқда. 

Аввалроқ ЖССТ Европани пандемия маркази деб тан олганди. Ундан энг кўп Италия жабр кўрмоқда. Айни вақтда коронавирусга чалинганлар сони бутун дунё бўйлаб 183 мингдан ошиб кетди.

Мавзуга оид