Ўзбекистон | 20:49 / 19.03.2020
20022
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фармацевтика тармоғи карантинга қанчалик тайёр? Агентлик директори билан суҳбат

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда кунига 2 млн дона тиббий ниқоб ишлаб чиқариляпти. Вирусга қарши дориларнинг 90 фоизидан ортиғини маҳаллий тадбиркорлар етказиб бермоқда.

Ўзбекистон фармацевтика тармоғи коронавирус инфекцияси даврига қанчалик тайёр, тақчиллик ва нархлар ошишининг олдини олиш бўйича қандай ишлар қилиняпти?

Kun.uz шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев билан суҳбатлашди.

– Бугунги кунда агентлик томонидан вирусга қарши дори-дармонлар тақчиллигини бартараф қилиш учун қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

– Дори-дармонларни етказиб бериш бўйича муаммо йўқ. Сабаби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирусга қарши курашиш бўйича дорилар рўйхати ишлаб чиқилган. Дорихоналарда барча дорилар етарли. Бундан ташқари, мазкур рўйхатдаги дорилар нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилмоқда, балки хориждан ҳам келтириш чоралари кўрилмоқда.

Тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар ҳозирча тақчил. Бунга эса фуқароларимиз томонидан эҳтиёжидан ортиқча харид қилиши сабаб бўлмоқда. Ниқобларни 2та олиш керак бўлган вақтда 20та, 20та олиш керак бўлганда 40та олиши натижасида, етказиб беришда узилишлар кузатилиши мумкин.

Тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналар олдин бир сменада ишлаётган бўлса, ҳозирда уч сменада иш йўлга қўйилган. Бу дегани ишлаб чиқариш қувватлари уч бараварга ошди.

Бундан ташқари, докалар ҳам тиббий воситалар турига киради. Енгил саноат корхоналари билан келишган ҳолда ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпмиз. Енгил саноат корхоналари томонидан тиббий ниқобларни ишлаб чиқариш кунига 2 млн донани ташкил қилмоқда.

Тиббий ниқобларни ишлаб чиқаришни осонлаштириш мақсадида лицензиялаш талабидан озод қиляпмиз. Бу билан вақтдан ютяпмиз. Лекин лицензиялашни олиб ташладик, дегани сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, дегани эмас. Улар стандартлар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишади.

Шунингдек, агентлигимиз ниқоблар ишлаб чиқарувчи текстил корхоналари билан мунтазам алоқа ўрнатган. Муаммолар вужудга келгудек бўлса, биргаликда бартараф этяпмиз.

Вирусга қарши дори воситаларининг қанчаси импорт қилинмоқда ва қанчасини ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз?

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирусга қарши дори воситалари рўйхатининг 90 фоизидан ортиғини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бермоқда.

Тахминан 6-7 хил дори воситалари ҳозирги кунда импорт бўлиб келмоқда. Лекин уларнинг ҳам Ўзбекистонда бир нечта тури рўйхатдан ўтказилган. Яъни бир ишлаб чиқарувчи етказиб бера олмаса, бошқа ишлаб чиқарувчидан импорт қилинади.

Тақчиллик юзага келгани сабаб айрим «тадбиркорлар» ёки чайқовчилар томонидан нархлар оширилиши кузатилмоқда. Aгентлик томонидан нархларни мониторинг қилиш ишлари қай даражада йўлга қўйилган?

– Ҳақиқатан ҳам бозорда тақчиллик юзага келса, айрим чайқовчилар ёки тадбиркорлар томонидан бозорларда нархларни ошириш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ниқоблар нархи борасида гапирадиган бўлсак, жаҳон бозорида ниқоблар хом-ашёсининг нархи ошган. Сабаби – бутун дунёда бу маҳсулотга эҳтиёж бор. Aлбатта, бу бизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Уларда ҳам таннарх ошиши кузатилди.

Лекин ҳозир аҳолининг асосий норозилигига олиб келинаётган вазият ўртадаги чайқовчилар ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиб, кўчаларда бир неча бор қимматга сотишмоқда. Бунинг олдини олиш учун агентлигимизда штаб ташкил этилган. Штаб вакиллари ишлаб чиқарувчилар билан бевосита дорихоналарни боғлаш билан шуғулланяпти.

Қонунчилигимиз бўйича, дорихоналарда дориларга 20 фоиздан ошиқ устама қўйиш мумкин эмас.

Қонун бузилиш ҳолатлари, нархни ошириш ҳолатлари учрадими?

– Бундай ҳолатлар учраб турибди. Монополияга қарши кураш қўмитаси билан биргаликда нарх оширган дорихоналарга чора кўриш арафасида турибмиз.

Тақчилликнинг олдини олиш учун дорихоналарда дори воситаларни фуқароларга сотишда қандайдир чекловлар қўйиш керакдир? Бу эса дори востиларининг чайқовчилар қўлига чиқиб кетишининг олдини олади.

– Тўғри айтасиз. Ушбу тақчилликнинг олдини олиш учун дорихоналарга тавсия тариқасида мурожаат қиляпмиз. Яъни жон бошига 10тадан кўп маска беришни тақиқлаш бўйича тавсиялар беряпмиз.

Шу ўринда фуқароларимизга айтиб қолардимки, дори воситалари борасида ваҳимага тушмасин. Aгентлик томонидан тақчилликнинг олдини олиш борасида барча ишлар қилинмоқда. Захираларимиз ҳам етарли даражада.

Суҳбатни юқоридаги видео орқали тўлиқ кўришингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Тасвирчи –
Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид