Ўзбекистон | 15:40 / 22.03.2020
77725
3 дақиқада ўқилади

«1-горбольница»га янги бемор жойлаштирилишига қаршилик кўрсатилгани аудиоси тарқалди. Вазирлик вазият бўйича изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «1-горбольница»даги норозилик билан боғлиқ аудиога изоҳ берди.

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси («1-горбольница»)да рўй берган шов-шувли воқеа юзасидан изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, ушбу шифохонага олиб келинган бемор коронавирусга чалинган бемор бўлмаган. Кўрсатилган қаршиликдан кейин у бошқа шифохонага олиб бориб жойлаштирилган.

«21 март куни соат 18:15да «Деҳли-Тошкент» йўналиши бўйича Ҳиндистондан учиб келган рейсда 254 нафар йўловчи орасида 9 ёшли бола ҳам бўлган. Сирдарёлик бу бола Ҳиндистонда бошидан операция ўтказган (кўпчилик одатда бу давлатга турли операциялар ўтказиб келиш учун боради – таҳр.) ва қайтган пайтида тана ҳарорати 39 даража бўлган.

Республикадаги вазият, шифо маскани яқинлиги ҳисобга олиниб, қолаверса «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси карантинга олингани ва энг муҳими – реанимация бўлимида жой борлиги учун бола шу шифохонага олиб борилган. Қолаверса, ҳар бир бемор, айниқса болалар соғлиги учун шифокорлар жавобгардирлар.

Бу шифохонада сақланаётганлар ва уларнинг ташқарида турган яқинлари орасида «коронавирусга чалинган одам орамизга олиб келинди» деган гап тарқалиб, шифокорларнинг тушунтиришларига қарамай кескин норозиликлар билдирилган.

Кейинчалик бола бошқа ихтисослашган шифохонага жойлаштирилиб, реанимацион чора-тадбирлар амалга оширилди. Айни пайтда бола ўз кузатувчиси бўлган бобоси билан махсус жойда ва аҳволи ўртача оғирликда, коронавирусга оид лаборатор текширувлар амалга оширилмоқда. Бемор бу касалликка чалингани айни пайтда тасдиқланмаган.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, шифокорлар сизнинг соғлигингиз ва хавфсизлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар», – деди вазирлик маълумотида.

Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси билан боғлиқ аудиолар тарқалди. Унда коронавирусга чалингани тахмин қилинган бемор шифохонага жойлаштирилишига қаттиқ қаршилик кўрсатилгани, норозилик овозлари ва йиғи-сиғи эшитилади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдинроқ 1-сонли клиник шифохона карантин туфайли ёпилгани ҳақидаги хабар берилганди.

Мавзуга оид