Ўзбекистон | 22:25 / 23.03.2020
20154
1 дақиқада ўқилади

Ташкилотлар ҳарорати кўтарилган ходим ҳақида хабар бериши шарт қилиб қўйилди

Иш жойларида ходимларнинг тана ҳарорати ўлчанади ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимлар иш жойида бўлишига йўл қўйилмайди.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Ўзбекистон ҳудудида 24 март соат 00:01дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилади.

Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шарт:

  • ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини жорий этиш;
  • иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва ҳарорати юқори ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик, ушбу ходимлар ҳақида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар бериш;
  • коронавирус юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;
  • ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш.

Мавзуга оид