Ҳантавирус интернетда шов-шув келтириб чиқарди. Ваҳимага тушмаслик учун бир неча сабаб бор
23 март куни Хитойда бир киши ҳантавирусдан вафот этди ва бу – коронавирус пандемияси вақтидаги яна бир ваҳимали янгиликлардан бири бўлди. Аммо таъкидлаш керакки, ҳантавирус – янги инфекция эмас ва у одамдан одамга деярли юқмайди.
Хитойдаги расмий нашрлардан бири – Global Times мамлакатда бир киши ҳантавирусдан вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.
«Юннан провинциясидан бўлган бир киши душанба куни чартер автобусда Шандонг провинциясига кетаётган вақтида вафот этди. Ундан олинган таҳлиллар ҳантавирусга мусбат натижа берди. Автобусдаги қолган 32 киши ҳам текширувдан ўтказилди», – дейилади хабарда.
COVID-19 коронавирус ҳам айнан Хитойда тарқалиб, пандемияга айлангани ва йил бошидан буён жаҳон бўйича 17 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетгани фонида ушбу янгилик анча хавотирли қабул қилинди.
Бугун, 24 март кун ҳантавирус сўзи Twitter трендида биринчи ўринга чиқди.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, ҳантавирус эпидемияга айланиши эҳтимоли йўқ. Вируснинг Анд тоғларида (Жанубий Америка) учрайдиган бир туридан ташқари, қолган ҳеч бир шакли одамдан одамга юқмайди.
Ҳантавирус нима?
АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотига кўра, ҳантавирус оиласига кирувчи вируслар асосан кемирувчилар орасида тарқалган бўлиб, одамга юққанида бир неча хил касалликни келтириб чиқаради.
Инсон уни фақатгина кемирувчи билан контактда бўлиб, унинг сийдиги, ахлати ва сўлаги орқали, кам ҳолларда эса кемирувчи тишлаб олиши оқибатида юқтириши мумкин.
Вирус ўз ташувчиси – кемирувчида касаллик келтириб чиқармайди. Одамга юққанида эса икки хил синдром ривожланиши мумкин: ҳантавирус ўпка касаллиги (1) ёки буйрак етишмовчилиги билан кечувчи геморрагик иситма (2).
Биринчи ҳолатда касаллик иситма, ҳолсизлик, мушакларда оғриқ билан бошланиб, баъзи ҳолларда бош оғриши, бош айланиши ва титроққа сабаб бўлади. Даволанмаган тақдирда йўтал ва нафас етишмовчилиги билан 38 фоизгача ҳолатда ўлимга сабаб бўлади.
Иккинчи шакл синдром ҳам шунга ўхшаш симптомлар билан бошланиб, қон босимининг тушиб кетиши, кучли шок ҳолати ва ўткир буйрак етишмовчилигини чақириши мумкин.
Профилактика
Касалликка қарши эффектив дори воситаси йўқ, симптоматик даво ва иммунитетни оширишга қаратилган чоралар кўрилади.
Ҳантавирус тарқалишига қарши асосий чора – кемирувчилар популяцияси кўпайиб кетишига йўл қўймасликдир.
Шунингдек, омборхона ва гараж каби ёпиқ жойларда сичқон ва каламушларга қарши курашиш муҳим. Бу каби жойларга кирган киши кемирувчининг ахлати чангини ютиши оқибатида зарарланиши мумкин.
Тарихи
1950-1953 йиллардаги Корея уруши вақтида кореялик ва америкалик аскарларнинг 3 мингдан ортиғи бу вирусдан зарарланиб, улардан 10 фоизи вафот этган. Бунинг сабаби орадан чорак аср ўтганидан кейин аниқланиб, касалликни дала сичқонлари тарқатгани маълум бўлган.
1993 йили АҚШнинг тўртта штатида ҳантавирусдан зарарланишнинг 20дан ортиқ ҳолати қайд этилиб, 12 киши вафот этган.
Вирус Австралиядан ташқари барча қитъаларда қайд этилган. 1995-2017 йиллар оралиғида АҚШда 728та ҳолат, Россияда 2006 йилнинг ўзида 7197та ҳолат қайд этилган.
Ҳантавирус номи Жанубий Кореядаги Ҳантан дарёси номидан олинган. Ҳантавируслар оиласи ўнлаб вирусларни ўз ичига олади.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024