Ўзбекистон | 17:17 / 24.03.2020
72373
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги тажриба бекор қилиниши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Юнусобод туманида жорий қилинган, лимитдан ортиқча ишлатилган газ ва электр энергияси учун қимматроқ тарифда тўланиши кўзда тутилган тартибни бекор қилишга доир чоралар бошлаганини маълум қилди.

«Айрим ОАВ тарқатаётган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани аҳолисига электр энергияси ҳақини тўлаш бўйича бошқа абонентларга қараганда тенг бўлмаган шароитлар яратилган.

Бу ҳол 2019 йил 1 январдан Юнусобод туманида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида жорий қилинган янги экспериментал ҳақ тўлаш тизимининг жорий қилинганлиги билан изоҳланмоқда.

Ҳозирги пайтда, карантин билан боғлиқ вазиятни, яъни аҳолининг кўпчилик қисми ўз вақтини уй шароитида ўтказишини ҳисобга олган ҳолда, Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва Молия вазирлигига ушбу тажриба бекор қилинишини сўраб, мурожаатнома юборилди. 

Шу муносабат билан Юнусобод тумани аҳолиси учун базавий меъёрни бекор қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилимоқда», дейилади Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Kun.uz сайтида «Якунига етказилмаган ислоҳот юки юнусободликларнинг чўнтагига тушмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда бутун республика аҳолиси электр энергияси ва табиий газ учун бир хил тарифда пул тўлаётган бир пайтда, Юнусобод тумани аҳолиси лимитдан ортиқча ишлатган энергия ресурслари учун 20 фоиз қиммат нархларда тўлов қилаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Kun.uz сайти Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигидан тегишли жавоб кутиб қолади.

Мавзуга оид