Ўзбекистон | 19:55 / 26.03.2020
65117
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус билан курашаётган шифокорларга 25 миллион сўмдан ойлик устама тўланади

Коронавирусга қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини рағбатлантиришга оид президент қарори эълон қилинди.

Қарорга асосан, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган қатор тоифа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

– врачлар ва врач-лаборантларга 25 миллион сўм;
– ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан;
– кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан;
– бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан.

Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш пайтида вирусни юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга бир марталик тўлов миқдори 100 миллион сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириши натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига 250 миллион сўм тўлаб берилади.

Маълумот учун, вирус юқтириб олгани аниқланган 65 нафар бемор орасида 11 нафар тиббиёт ходими ҳам бор.

Мавзуга оид