Иқтисодиёт | 17:57 / 27.03.2020
34349
5 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоровга яна 4 ўринбосар тайинланди

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилган идорада раҳбарият таркиби аниқланди.

Kun.uz манбасига кўра, Акмалхон Жўрахонович Ортиқов вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлайди. У бунга қадар Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаган. 

Акмал Ортиқов

Акмал Ортиқов 1980 йилда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт институтини тамомлаган. 2001 йилдан 2013 йилгача молия вазирлиги таркибида турли лавозимларда ишлаган. 2013-2015 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасига, 2015-2017 йилларда Фарғона вилоятларига раҳбарлик қилган. 2017 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг демография, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини турмуш даражасини ошириш масалалари бўйича ўринбосари. 2018-2019 йилгача Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бобур Қаландарович Абдиназаров Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бобур Абдиназаров

Бобур Абдиназаров 1983 йилда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган, маълумоти олий. 2003 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Шунингдек, Япония Халқаро университетида таҳсил олган. 

У 2007 йилдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизимида турли лавозимларни эгаллаб келган. 2007-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси Хўжалик ҳисобидаги корхоналарда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи услубиёти бўлими бош иқтисодчиси, 2010- 2014 йилларда Республикаси Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси Хўжалик юритувчи субъектлар бухгалтерия ҳисоби услубиёти бўлими бош иқтисодчиси ва бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агросаноат мажмуи молияси бошқармасининг Агросаноат мажмуаси тармоқларини иқтисодий таҳлил қилиш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги молияси бўлимига раҳбарлик қилган. 

2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари ва бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Тайинловга қадар Молия вазирлиги Тариф сиёсати ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш департаменти директори лавозимида ишлаган.

Адиз Музафарович Бобоев Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.  

Адиз Бобоев

Адиз Бобоев 1972 йилда Бухоро вилояти, Вобкент туманида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 

У 2002-2007 йилларда Бухоро вилояти ҳокимияти молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари – жамланма бюджет бўлими бошлиғи ва бошқармаси бошлиғи 1-ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2008-2010 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг Даромадларни прогнозлаштириш бўлим бошлиғи, 2010-2012 йилларда Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасининг Даромадларни режалаштириш ва жамланган бюджет тушумларини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 2012-2017 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғармасининг ижро этувчи директори ўринбосари, 2017 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасининг ижро этувчи директори ўринбосари, 2017-2019 йилларда Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси, бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар Молия вазирлиги Давлат ривожлантириш дастурларини молиявий таъминлаш Департаменти директори лавозимида ишлаб келаётганди. 

Рустамов Олимхон Бакиевич Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.  

Олимхон Рустамов

Олимхон Рустамов 1966 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

2005-2014 йилларда ҳисоб палатаси бош инспектори, 2014-2016 йилларда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2016 йилдан 2017 йилгача «Ўзбекнефтгаз»нинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келган. 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига тушумлар тўлиқлигини назорат қилиш инспекциясига раҳбарлик қилган. 

Тайинловга қадар, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. 

Бундан аввалроқ қайта ташкил этилган янги вазирликни Жамшид Қўчқоров бошқариши, Марказий банк раисининг собиқ биринчи ўринбосари  Илҳом Норқулов ҳам унинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид