Жамият | 23:58 / 28.03.2020
72498
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда огоҳлантиришга қарамасдан тўй қилган шахслар жавобгарликка тортилди — ИИВ

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 4-мавзе «Қашғар» маҳалласида яшовчи фуқаро бир кун олдин маҳалла раиси ва профилактика инспектори томонидан огоҳлантирилган бўлишига қарамай, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб жорий этилган карантин қоидаларига амал қилмай тўй қилган.

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, тўй тўхтатилган, унинг ташкилотчилари жавобгарликка тортилган.

«Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 176-сонли қарорида коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгунга қадар ҳар қандай тўй маросимлари оилавий тадбирларни ўтказиш тўхтатилиши белгиланган. Бироқ бу вазиятни тўлиқ англамасдан, белгиланган чекловларга қарши ҳаракатларни содир этаётган фуқароларимиз ҳам учрамоқда.

Жорий йилнинг 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани 4-мавзе «Қашғар» маҳалласида карнай-сурнай садолари эшитилди. Ҳолатдан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори воқеа жойига борганда карантин даврида оилавий тадбир ўтказилаётганлигини аниқлади», — дейди Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи Музаффар Саидазимов.

Қайд этилишича, оилавий тадбирдан бир кун аввал профилактика инспектори ва маҳалла раиси хонадон эгаси билан учрашиб, тадбирни ўтказмаслик ҳақида огоҳлантирган бўлишига қарамай, мазкур маросим барибир ўтказилган.

«Тўй қилмаслик ҳақида огоҳлантирилгандим, лекин ҳукумат қарорида уч кишидан ортиқ киши жамоат жойларида тўпланмаслиги керак, қариндошлар бундан мустасно, деб ёзилганди, адашмасам. Шунинг учун жамоат жойларидамас, уйимизга 4-5 кишилик куёв навкар келиб, келинни олиб чиқиб кетмоқчи эди. Тўйни карантин тугагандан кейин қилмоқчи эдик», — дейди қизини узатаётган хонадон эгаси.

«Маросим учун ёзилган дастурхон, ёшларнинг югур-югурию, эсдалик учун тасвирга олиш жараёнлари — буларнинг барчаси санитария ҳолатларига мутлақо зид. Тадбир ташкилотчилари эса ички ишлар бўлимида ўтирибди.

Юртдошларимизга бу ҳолатдан ўринли хулоса чиқаришни, карантин чекловлари ва талабларини тўлиқ бажаришларини сўраймиз. Акс ҳолда, жавобгарликка тортилишингиз, унинг оқибатидан ўнлаб инсонларнинг саломатлигини хавф остига қўйишингиз мумкин», — дейилади ИИВ ахборот хизматининг хабарида.

Мавзуга оид