Ўзбекистон | 13:33 / 29.03.2020
144022
3 дақиқада ўқилади

ИИВ шахсий автомобилларга қўйилган чеклов бузилиши учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди

Ички ишлар вазирлиги расмийси рухсатнома стикери ёпиштирилмаган шахсий автомашиналар ҳайдовчиларига қандай жазо чораси кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов автотранспорт воситалари ҳаракати  чекланиши билан боғлиқ маълумот берди.

«Автотранспорт воситасидан фойдаланиш имконини берувчи стикернинг орқа томонига Адлия вазирлиги томонидан берилган махсус рухсатнома илова қилинади. Мазкур стикер бўлмаган автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

Бу стикер вилоятлараро ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Стикердан фақатгина ташкилотга тегишли бўлган автотранспортда ҳаракатланиш учун фойдаланилиши керак, ундан шахсий манфаатларда суиистеъмол қилишга йўл қўйилмайди», деди Шоҳруҳ Ғиёсов 26 март куни бўлиб ўтган брифингда.

Вазирлик расмийси рухсат этилган истисно ҳолатларидан ташқари шахсий транспорт воситаларида ҳаракатланиш учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Фуқароларга ўз шахсий автотранспорт воситасидан фойдаланиш фақатгина тезкор тиббий ёрдам зарур бўлганда тиббиёт муассасаларига бориш-келиш учун рухсат берилади. Агарда шахсий транспорт воситаларида шу ҳолатлардан ташқари йўлга чиқилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик кўрилади», дея вазирлик вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, лицензияси бўлган такси ҳайдовчиларига йўловчиларни ташиш мумкин эмас, фақат куръерлик (маҳсулотни уйга етказиб бериш) вазифасини бажариш учун ҳаракатланиш рухсат этилади.

Шоҳруҳ Ғиёсов бирламчи эҳтиёжлар — озиқ-овқат ва дори воситалари хариди учун пиёда чиқишни тавсия қилди.

«Дори ва озиқ-овқат хариди масаласида уйга яқин бўлган савдо маскани ёки дорихонага пиёда чиқиб, керакли маҳсулотни харид қилиш тавсия этилади», деди у.

  • Ўзбекистонда 30 март куни соат 06:00 дан шахсий транспортдан фойдаланишга чеклов қўйилади. 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўра:

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид