Ўзбекистон | 12:50 / 02.04.2020
120938
2 дақиқада ўқилади

«Вазият бир неча ой мураккаблигича қолиши ҳам мумкин» — Отабеков эпидемия қачонгача давом этиши ҳақида

Коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият бир неча ой давомида мураккаб ҳолатда сақланиб туриши мумкин. Бу ҳақида Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков айтиб ўтди.

«Коронавирус эпидемиясининг тўхташи ҳақида мутахассисларнинг прогнозлари турлича. Гап шундаки, биз илгари маълум бўлмаган инфекция қаршисида турибмиз.

Лекин бу касалликни (Covid-19) 2002 йилда атипик пневмония эпидемияси келтириб чиқарган оғир респиратор синдром (SARS) билан солиштириб кўрилса, вазият бир неча ой давомида мураккаб бўлиб туришини тахмин қилиш мумкин.

Чунки SARS’нинг келиб чиқиш сабаби ҳам коронавирус эди, фақат вируснинг бошқа типдагиси бўлган», деди Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда.

Бош санитария инспектори эпидемияни иссиқ об-ҳаво тўхтатиши эҳтимоли юзасидан яна бир бор изоҳ берди.

«Коронавирус эпидемиясига иссиқ об-ҳавонинг таъсири ҳақида яқин ойлардаги вазиятни кузатиш асосидагина жавоб бериш мумкин. Агар вирус мавсумий характерга эга бўлса, унда куз бошланиши билан касалланишнинг янги тўлқини бошланиши эҳтимоли бор.

Ҳали лицензияланмаган бир тадқиқотга кўра, касалланишларнинг 95 фоизи -2-10 даража ҳароратда кузатилган. Бу вируснинг нисбатан салқинроқ об-ҳавода фаол бўлишини кўрсатади», дея таъкидлади Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид