Иқтисодиёт | 20:30 / 03.04.2020
27963
3 дақиқада ўқилади

Битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам «фавқулодда ҳолат» деб қаралиши керак – президент

Президент инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар ва давлат бюджетига тушумлар прогнозининг бажарилишига бағишланган йиғилишда битта корхонанинг ёпилишини ҳам фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаш лозимлиги ҳақида гапирди.

Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, пандемия дунё иқтисодиётига 2 триллион доллардан зиёд зарар етказиши кутилмоқда. Ҳамма жойда савдо алоқалари, кўплаб хизматлар тўхтаб қолган. 

Мамлакатда ушбу инқироз иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлат раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди.

Бугунги йиғилишда президент корхоналарнинг изчил ишлашига кўмаклашиш, барча имконият ва захираларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлигини таъкидлади.

«Битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам «фавқулодда ҳолат» деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминламоқда. Йил бошида барча ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириши бўйича мурожаат қабул қилиб, катта марраларни белгилаб олган эдик. Ҳозир синов даври. Қайси ҳоким ҳисоб-китобини жой-жойига қўйиб, ички резерв, яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланса, бу марраларга, албатта, эришади. Тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, мушкулини осон қилиш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳозирги пайтда ҳар доимгидан ҳам муҳим», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолияти умуман тўхтамаслиги кераклиги таъкидланди. Бунинг учун уларнинг ҳар бирига Президент маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик, идора ва банклар раҳбарлари масъул этиб бириктирилди. Ушбу корхоналарда карантин тартиб-қоидаларига қатъиян амал қилган ҳолда, Республика махсус комиссиясининг қарорларига риоя этган ҳолда иш ташкил этилади. Бириктирилган раҳбарлар корхоналарга инфратузилма ва хомашё таъминоти, маҳсулот ва ишчиларни ташиш, солиқ, кредит, божхона масалаларида амалий ёрдам бериб боради.

Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам равишда бирма-бир ишлайди. Туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида штаб ташкил этилиб, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиб борилади.

«Ҳамма шуни яхши билиши керак: бирорта ҳам тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз», деди давлат раҳбари.

Президент бугун «Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаганини айтиб ўтди. Унда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, хусусан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириб, соҳага қатор енгилликлар берилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид