Ўзбекистон | 19:00 / 03.04.2020
128853
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имконияти тақдим этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имконини тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Коронавирус инфекцияси дунёнинг деярли барча давлатларига таҳдид солиб турган бир пайтда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини самарали ва тўғри ташкил қилиш, фуқароларни ишончли ва тўлақонли маълумотлар манбаси билан таъминлаш муҳимдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги очиқлик ва шаффофлик тамойилига асосланиб, фуқароларимизнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги, уларни ишончли маълумотлар билан таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олишда кўрилаётган чоралар тўғрисида объектив ва ишончли маълумот билан таъминлаш, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб бериб бориш мақсадида вазирлик томонидан 1003 қисқа рақамли Call-маркази ишга туширилган эди.  

Шунингдек, кечагина фуқароларнинг саволларига тиббий асосланган жавобларни беришга қаратилган «Ягона интегратор UZINFOCOM» МЧЖ ҳамкорлигида онлайн телеграм бот ишга туширилгани ҳақида хабар бердик. Бугун эса беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имкони яратилгани тўғрисида айтмоқчимиз.

Covid-19 билан касалланганлар мамлакатимизнинг қайси ҳудудларидан, улар ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида даволанишни бошлашларидан аввал қандай жойларда бўлишган, эҳтиёт чораларини кўриш учун улар билан мулоқот эҳтимолини қандай билиш мумкин?

Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида вазирликнинг Covid-19 бўйича расмий сайтида «Ягона интегратор UZINFOCOM» МЧЖ ҳамкорлигида янги функция яратилди. Яъни, биринчиси, сайтда касаллик қайси ҳудудларда тасдиқланганини ифода этувчи харита билан танишиш мумкин.  

Иккинчиси эса, ушбу харита остида «Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути» тугмасини боссангиз, беморларнинг шифохонага келишларидан аввал қаерларда бўлганликларини кўришингиз мумкин бўлади. Ушбу маълумотларни олгач, эҳтиёткорлик юзасидан бу ҳудудларга бормасликка ҳаракат қилинг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Шифокорларга чин дилдан ёрдам бермоқчи бўлсангиз, уйда қолинг!», дейилади хабарда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқаролардан ишончли ва тўлақонли маълумот олиш учун 1003 қисқа рақамли Call-марказига мурожаат қилишлари ҳамда вазирликнинг расмий сайти ва телеграм канали, Covid-19 бўйича расмий сайти, «coronavirusyordam» телеграм бот каналидан фойдаланишни тавсия этади.

Мавзуга оид