Ўзбекистон | 21:21 / 03.04.2020
41497
2 дақиқада ўқилади

Шаҳар кўчаларида нега тўсиқлар ташкил этилди?

Йўл патруль хизмати ходимлари автомобиль ҳаракати чекланган шаҳар кўчаларида махсус тўсиқлар ташкил этмоқда. Бу амалиёт карантин даврида ўрнатилган тартибни менсимай, ҳуқуқбузарлик қилаётган ҳайдовчиларга нисбатан таъсирчан чора сифатида кўрилмоқда.

Фото: AP

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Кун.узʼга маълум қилишича, автомобиллар ҳаракатини чеклаш мақсадида кескин чоралар ҳам татбиқ қилинмоқда. Лекин кўп фуқаролар буни тушунмай, айрим баҳоналар билан ўтиб кетиш пайида бўляпти.

«Ўтган сутка давомида (4 апрель ҳолатига кўра - таҳр.) айнан автотранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан карантин қоидаларига риоя қилмаслик бўйича 1239та ҳолат қайд этилган, 600дан ошиқ автотранспорт воситалари жарима майдончасига қўйилди», - дея маълумот берди у.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, 4 апрелдан бошлаб, шаҳар кўчаларида махсус тўсиқлар ташкил этилган бўлиб, ЙПХ ходимлари барча автомобилларни назоратдан ўтказмоқда.

«Бу - зарурий чора. Бу фуқароларни жазолаш, камчилик қидириш мақсадида эмас, балки айнан транспорт ҳаракатини чеклаш учун амалга оширилаётган тадбир саналади. Кўп ҳолатларда ЙПХ ходимлари автомобилда стикер бўлса-да, уни тўхтатади: машинада йўловчи бўлиши мумкин, тиббий ниқобсиз ҳаракатланиши мумкин. Бундан бошқа қоидабузарлик ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун, улар ҳар бир автотранспорт воситасини текшириб кўришга ҳақли», - деди у.

Мавзуга оид