Ўзбекистон | 12:27 / 05.04.2020
46558
3 дақиқада ўқилади

4 460 000 сўм жарима тўлашни истамасангиз, автомобилни рухсатномасиз бошқарманг – махсус рейд давом этмоқда

 Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 54-моддасига 2-қисмига мувофиқ, карантин қоидаларини бузиш жисмоний шахсларга – 4 млн 460 минг сўмдан – 6 млн 690 минг сўмгача, юридик шахсларга – 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача жарима солишга асос бўлади. Бундан ташқари, рухсатномани қалбакилаштирган ҳайдовчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Карантин чоралари доирасида 30 мартдан бошлаб махсус рухсатномасиз автомобиллар ҳаракатига белгиланган тақиқларга қарамай, транспорт воситаларининг ҳаракати сусайгани йўқ. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармаси томонидан қўшма амалиёт ташкил этилмоқда. 

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Рафиқжон Жалиловнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг турли ҳудудларида «Мадад» номли махсус амалиётлар ўтказилмоқда. Тадбир давомида, врачлик пунктларидан ота ёки онасини шифохонага зудлик билан олиб бериши учун рухсатнома олган ҳолда, транспорт воситасидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. 

Шунингдек, йўловчи ташиётган такси автомобиллари, рухсатномаси бўлган ҳолда йўловчилар билан ҳаракатланаётган автомобиллар ёхуд рухсат этилмаган шахсий автомобилларида ҳаракатланаётган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда. Бундан ташқари, рухсатномаларни қалбакилаштирган ҳайдовчиларни аниқлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. 

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати раҳбари, майор Қаҳрамон Худойбергановнинг билдиришича, тадбир ўтказилиши бошланган кундан бошлаб шу кунга қадар 1000дан ортиқ ҳайдовчига нисбатан карантин қоидаларини бузганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 

Тошкент шаҳар СЭНБ инспектори Гулнора Раҳматованинг эслатишича, транспорт воситаларидан рухсатсиз ёки бемақсад фойдаланган ҳайдовчилар, ниқоб тақиш талабига риоя қилмаган фуқаролар, йўловчилар ва ҳайдовчиларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилади. 

Шаҳарнинг турли ҳудудларида ўтказилган тадбир давомида ички ишлар ходими буйруғига бўйсунмаслик ҳолатлари ҳам қайд этилди. Бундай ҳайдовчиларга нисбатан, карантин қоидасини бузишдан ташқари ички ишлар идораси ходими буйруғига бўйсунмаганлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий  марказлари ва Тошкент шаҳрида 30 мартдан махсус рухсатномасиз шахсий автомобиллар ҳаракати тақиқланди. Бундан ташқари, куръерлик хизматлари ва йўналишсиз такси автомобилларига фақатгина куръерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилди. 

Мавзуга оид