Жамият | 09:30 / 05.04.2020
118027
3 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида жорий ҳафтада икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди. Бири эркак, бири аёл бўлган марҳумларнинг ёши 50-60 орасида. 

«Америка овози» хабар беришича, улар Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган, оилалари ҳам шу ерда.

Марҳум эркак Нью-Жерси штатида коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида дафн этилган. Жаноза ўқилган, лекин бошқа урф-анъаналар четлаб ўтилган.

Маълум қилинишича, 6-7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган фуқаро қанд касаллигидан қийналган. Устачилик билан шуғулланган 51 ёшли эркак март ойи ўрталарида шамоллаб касалхонага тушганди. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган.

3 апрель куни эса Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг яқинлари у Covid-19’дан вафот этганини тасдиқлаган. Ёши 60дан ошган аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган.

Қайд этилишича, айни вақтда коронавирус тарқалишининг АҚШдаги ўчоғига айланган Нью-Йорк шаҳрида ўн минглаб ўзбекистонликлар яшайди. Коронавирусдан зарарланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Хусусан, беморлар орасида ҳомиладор аёллар, қолаверса, ёшлар ва кексалар бор. Касалхоналарда жой етишмагани боис ва аҳволига қараб, шифокорлар муайян талаблар билан баъзиларни уйига жўнатмоқда.

«Ўзбекистон фуқоролари орасида вирусдан ўлим ҳоллари юз берганида ва умуман фуқаролар ҳозирги фавқулодда ҳолатларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги консуллиги билан боғланиши тавсия қилинади. Ваколатхоналар ҳар жиҳатдан кўмак кўрсата олмаслиги мумкин, лекин элчихона ва консуллик ҳужжатлар ва бошқа заруратлар борасида кўмаклашишга тайёр эканини эслатиб турибди», дейилади хабарда.

  • Маълумот учун, АҚШда 4 апрель куни рекорд даражада ўлим қайд этилди - яна 1331 киши коронавирус қурбони бўлди. Мамлакатда жами зарарланиш ҳолатлари сони 311 мингдан ошган, жами ўлимлар сони 8,4 мингдан ошган. 
  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 1,2 миллиондан ошди, шундан 65 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 246 мингдан ортиқ киши тузалган.

Мавзуга оид