Light | 07:40 / 06.04.2020
16881
5 дақиқада ўқилади

Алифбодан лифтоляторгача: катта ихтироларнинг кичик муаллифлари

Турмуш тарзини осонлаштириш, инсонга максимал қулайлик яратиш мақсадида кўплаб ихтиролар қилинган. Уларнинг орасида шундай жиддий ихтиролар ҳам борки, тарихига назар солсангиз, муаллифи кичик ёшдаги болалар бўлиб чиқади.

Психологлар фикрича, ташқи таъсирлар натижасида тасаввурнинг ҳали чекланмагани, турли қонуниятларга бўйсунувчанликнинг йўқлиги болаларнинг ажойиб ихтиролар қилиш эҳтимолини оширади.

Брайл алифбоси

Кўзи ожиз инсонларга қўл сезгиси орқали ўқиш имконини берувчи нуқтали ёзув – Брайл алифбоси кўпчиликка маълум. Алифбо 1824 йилда оддий француз этикдўзининг ўғли Луи Брайл томонидан ихтиро қилинган.

Луи 3 ёшлигида отасининг устахонасида ўралашиб юрганда кўзи жароҳатланади ва кўз нурини йўқотади. 15 ёшига келиб бола кўзи ожизларга ёзиш ва ўқиш имконини берувчи нуқтали алифбони ишлаб чиқади.

Унинг бу ихтироси миллионлаб одамларга имконияти чекланганига қарамай, таълим олиш имконини яратди.

Оромкурси

Бенжамин Франклинни кўпчилик америкалик сиёсатчи сифатида танийди, аммо у кўплаб ихтиролар муаллифи ҳамдир. Улардан бири– оромкурси.

Албатта, одамлар бунга қадар ҳам оромкурсидан фойдалангани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ 15 ёшида ўриндиқнинг оёқларига ёғочнинг қайрилма шаклдаги бўлагини тиркаш орқали оромкурси ясаган Франклиннинг таваллуд санаси – 17 январь халқаро ихтирочи болалар куни деб белгиланган.

Сузиш куракоёқлари

Болалигиданоқ зукколиги билан тенгдошларидан ажралиб турган Бенжамин аслида ихтирочиликни анча аввал бошлаб қўйган эди. 12 ёшида у пляжда балиқ қанотчаларини эслатувчи икки матоҳ билан пайдо бўлади: у оёқларига резина «қанотчалар» тақиб олган эди.

Тенгқурларининг мазахларига эътибор бермаган Бенжамин ўша куни сузиш бўйича ҳаммадан зўр натижани кўрсатади. Балиқларнинг қанотчалар ёрдамида тез сузишини кузатиб, нега одамда ҳам шунақа бўлиши мумкин эмас, деган саволни ўзига бериш орқали у сузиш учун мўлжалланган резина қанотларни (ласт) ихтиро қилди.

Хуштаъм десерт мевали муз

Кўпчиликнинг севимли ширинлиги бўлган мевали муз ҳам 11 ёшли болакай томонидан ихтиро қилинган. Америкалик Френк Эпперсон қиш кунларининг бирида ҳовлида лимонад қуйилган стаканини унутиб қолдиради. Кечки изғириндан сўнг, тонг отгач музлаб қолган лимонадли стаканни топиб олади. Уни аслига қайтариш ҳаракатида лимонад қотиб, ёпишиб қолган қошиқни ялаб кўради ва бу таъм унга жуда маъқул келади.

Қизиғи, бундай ширинлик анча пайт Эпперсоннинг кичик сири бўлиб қолди, у фақатгина ўзига тез-тез «музлатилган лимонад» тайёрлаб турарди. 18 йилдан кейингина бу хуштаъм десерт рецептини бошқалар билан баҳам кўриш фикри пайдо бўлади ва ўз рецепти учун патент олади.

Батут

1930 йилда 16 ёшли гимнастикачи Жон Ниссен Айова штатида ўзининг содда, аммо хуш кайфият бағишловчи ихтиросини амалга оширди. Темир каркасга таранг брезент бўлагини қоплади – қарабсизки, батут тайёр.

Дастлаб бу мослама дам олиш, болалар ўйнаши учун оромгоҳларда ўрнатилди, кейинчалик спорт мақсадларида ҳам кенг қўлланила бошланди.

Юқоридагилар – нисбатан аввалроқ қилинган ва оммалашишга улгурган ихтиролар. Яқин йилларда ўтказиб келинаётган турли танловларда тақдим этилган қатор ҳам лойиҳалар борки, улар бир қарашда ўта содда ва болаларча фантазияга асослангандек кўринади. Ким билади, балки улар ҳам куни келиб, турмушимизнинг ажралмас қисмига айланар?

Санчқисовиткич

Олти ёшли қизалоқ Амелия Лиддл қайноқ овқатдан бир неча марта куйган бўлса керак. У «Санчқи/қошиқ  ва фенни бирлаштирсак, овқатни тезда керакли ҳароратга тушириб берувчи мослама пайдо бўлади», дейди мактабида ўтказилган «Жажжи ихтирочилар» танловида.

Хазонтуткич

14 ёшли Эльси Рональд хазонрезги даврида кўчаларнинг ифлосланишига қарши ечим топди.

«Мен хазонларни осон терувчи мосламани яратдим. У жуда ҳам оддий ва камхарж, ҳар бир дарахтга ўрнатса бўлади. Мослама шохлардан тушаётган қуриган баргларни тутиб қолади. Уларни жамлаб, тегишли жойга ташлаш осонлашади», дея изоҳлайди у ўз ихтиросини.

Лифтолятор

Шарлотта Скот 11 ёшида одамларни турли табиий офатлар, урушлардан ҳимоялаш ҳақида қайғурди.

«Ер юзида қандайдир хавф пайдо бўлганда, уйингиз пойдеворига ўрнатилган лифтолятордан фойдаланишингиз мумкин. Биргина ричагни туширсангиз кифоя: лифтолятор уйни ҳеч қандай шикаст етказмасдан хавфсиз баландликка кўтаради. Уй ўқўтмас қоплама билан ўраб олинади», дейди у.

Мавзуга оид