Депутат: ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга қизиқиш билан қараётган инвесторлар фикрини салбий томонга буриши мумкин
Партия сайтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг шу мавзудаги мулоҳазалари эълон қилинган.
Депутат Ўзбекистонга биринчи навбатда интеграция ва жаҳон бозори кераклиги, аммо ЕОИИга аъзолик масаласида ҳар тарафни жиддий ўйлаб қадам ташлаш муҳимлигини билдиради.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон аввало, иттифоққа аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳолатини ўрганиши ва бунда икки йилдан буён иттифоқ кузатувчиси мақомида қолаётган, лекин аъзо бўлмаган Молдова давлати тажрибасига эътибор қаратиши керак.
«Ўзбекистоннинг иттифоққа кузатувчи бўлиб кириши ёки тўлақонли аъзолиги унинг ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлар, хусусан, Хитой, Туркия ва Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий, инвестициявий муносабатларига салбий таъсири бўлиши мумкинми? Масаланинг бу томонига ҳам эътибор қаратиладими-йўқми, деган саволлар бизни ўйлантириш керак», дейди депутат.
У шунингдек, ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга қандай оқибатларни олиб келиши мумкинлиги борасидаги фикрларини билдиради. У бу борада қуйидаги учта йирик хавфни кўрмоқда:
- ЕОИИга аъзо бўлиш билан ушбу иттифоқда етакчи давлат қўйган шартларга кўнишимиз керак бўлади.
«Бугун хорижий инвесторларга бож тўловларини ўзимиз мустақил белгилаймиз, аммо иттифоққа аъзоли билан бу божларни унинг шартлари асосида белгилашга мажбур бўламиз.
Ёки қайсидир маҳсулотимиз ЕОИИга аъзо бирор мамлакатда санитария нормаларига тўғри келмаса, иттифоқнинг бошқа давлатлари бозорига ҳам киролмаслиги шундай шартлардан биридир. Яъни бу борада бозор ва бож сиёсатидаги мустақиллигимиз чекланади», дейди у.
- ЕОИИга аъзо давлатлар миллий валютасининг охирги ойларда кескин қадрсизлангани бошқа аъзо мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
- Иттифоққа аъзолик Ўзбекистонга қизиқиш билан қараётган инвесторлар фикрларини ҳам салбий томонга буриши мумкин. Чунки Россия ҳозирда турли санкция ва босимлар остида қолган. Бу салбий муносабат ЕОИИга ҳам тегишли.
Депутат Қирғизистоннинг иттифоққа аъзо бўлиши ортидан ушбу давлатга нисбатан Хитой инвесторларининг қизиқиши кескин пасайганини эслатган.
Кўпчилик мутахассислар томонидан иттифоққа киришнинг ижобий жиҳатларидан бири сифатида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда патентсиз ишлаши имконияти асосий аргумент сифатида келтирилишига жавобан «Ўзбекистон бундан буён ҳам меҳнат муҳожири етиштириб берувчи давлат мақомида қолмоқчими?» деган савол қайтарилади.
«Эндиликда, қўл меҳнати билан эмас, интеллектуал меҳнат билан даромад топадиган давр келмоқда. Сўнгги йилларда ўзгараётган сиёсат, ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон болалари боғча ёшиданоқ кучли ва сифатли таълим олмоқда. Янги давр янги кадрларни етиштириб беради. Демак, мақсадимизни меҳнат муҳожири етиштиришга эмас, малакали ва рақобатдош мутахассислар етиштиришга қаратишимиз керак.
Аммо бозорни йўқотмаслик учун кузатувчи мақомида бўлиш, иттифоқ фаолиятини чуқур ўрганиш энг тўғри йўл бўлади», дея фикрларини якунлайди Гулбаҳор Саидғаниева.
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024