Ўзбекистон | 16:02 / 07.04.2020
7103
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» фонди карантин вақтида 250 миллион сўмга яқин хайрия қилди

«Вақф» хайрия жамоат фонди карантин бошланганидан буён муҳтож қишилар учун жами 190 миллион сўмлик хайрия қилган. Бундан ташқари, фонд ҳисоб рақамидан коронавирусга қарши кураш учун ташкил этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 50 миллион сўм ўтказиб берилган.

«Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Сўнгги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳамжиҳатликни, меҳр-мурувватни талаб қилади. 

Ушбу жараёнга «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳам озми-кўпми ҳисса қўшмоқда. Фонд томонидан 16 март – 2 апрель кунлари ёрдамга муҳтож аҳоли вакиллари учун жами 190 миллион миллион сўмга яқин хайрия ёрдамлари етказилди. 

Бунда хайриялар ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларининг пластик карта рақамларига (дори-дармон, даволаниш учун), эҳтиёжманд кишиларнинг уйларига эса озиқ-овқат маҳсулотлари шаклида, шунингдек, маҳалла ва аҳоли гавжум жойларда бепул ниқоблар кўринишида тарқатилди», деди Халилов Kun.uz мухбирига.

Искандар Халилов

Фонд директори Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қон-у жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни бугунги синовли кунларда намойиш этиш палласи келгани, хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланганини таъкидлаб ўтган.

«Бу борада «Вақф» фонди коронавирусга қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун таъсис этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига асосий ҳисоб рақамидан 50 миллион маблағ сўм ўтказиб берди (закот, фитр-садақаси ва ижтимоий хайрия акцияларидан ташқари маблағлар).

Нима демоқчиман? – Ҳар биримиз синовлар аввало Аллоҳдан эканини англаган ҳолда ўзаро бирдам, сабр-у матонатли бўлиб, эзгу ишларни кўпайтирсак, хайрли дуолар қилсак, бошимизга келган мусибатдан тез орада эсон-омон ўтамиз, иншо Аллоҳ», дейди Искандар Халилов.

Мавзуга оид