Музхоналарга талаб ортмоқда. АҚШда вирусга қарши кураш манзаралари
5 апрель. 2020 йил. Нью-Жерси штати. АҚШнинг Нью-Йоркдан кейинги коронавирус авж олган иккинчи оғриқли нуқтаси. Касаллик шиддатидан нафақат одамлар, шифокорлар ҳам ваҳимада.
The New York Times мақоласида Нью-Жерси штатидаги вазият ҳақида сўз боради.
Кислород хоналарида жой қолмаган
Нью-Йоркнинг яхшигина таъзирини берган вирус Нью-Жерсига шиддат билан кириб келди. Вирус бу штатда илк марта март ойи бошларида пайдо бўлганди.
5 апрель ҳолатига кўра, штат бўйича касалланиш ҳолати 122 мингта. Улардан 4100 нафари вафот этди. Аҳоли энг гавжум бўлган биргина Берге округида 6187 нафар бемор. Шулардан 189 нафари хасталикка енгилди.
Энг йирик округлардан бири бўлган Тинекда ҳам вазият яхши эмас – 421 нафар бемор. Округдаги «Муқаддас ном» касалхонасида 150 беморга 2 нафаргина врач қараяпти. Касалхонанинг 12 нафар шифокорида ҳам вирус аниқланган.
Тамаддихоналар ва болалар бўлимлари ҳам интенсив терапия учун мослаштирилган. Беморлар орасида 19 ёшли ўспирин ҳам, 90 ёшли қария ҳам бор. Кислород хоналари тўлиб бўлган. Битта касалхонада 20 беморнинг вирусга таслим бўлиши учун 72 соат кифоя қилди.
«Ҳаммаси яхшиланишидан аввал ҳаммаси ёмонлашиши керак»
Жума куни штат губернатори Фил Мёрфи аҳолига муроажаат қилди:
«Ўзингизни вирус сизда яшаётгандек эҳтиёткор тутинг. Ҳаммаси яхшиланишидан аввал ҳаммаси ёмонлашиши керак».
Иккита касалхонадан кислород мосламалари, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситалар деярли қолмагани ҳақида мурожаат тушди. Уларнинг бирида ҳатто беморларни тинчлантирувчи таблеткалар ҳам қолмаганди.
Губернатор ва соғлиқни сақлаш бўйича штат комиссари баъзи касалхоналарга қўшимча музхоналар олиб келинишини айтишди. Сабаб – ўликхоналарда жасад қўйишга жой йўқ.
Вирус қурбонлари хотирасига штатдаги барча байроқлар тушириб қўйилди.
«Қариндошларингни даволаш, уларнинг ўлимига гувоҳ бўлиш оғир»
«Муқаддас ном» шифохонаси бош ҳамшираси Мишел Ацито Нью-Жерсидаги вазиятни ҳаммадан кўпроқ ҳис қиляпти. У раҳбарлик қилаётган шифохонага қайнонаси, қайниси ва қайнисинглисини олиб келишди. Ташхис – COVID-19.
Қайнонаси сешанба куни 89 ёшни қарши олди. Касалхонада. Ўзгача туғилган кун – махсус ҳимояланган эшик ортидан фойеда бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар «туғилган кунингиз билан» деб ҳиргойи қилишди. Кекса аёл 9 нафар фарзандидан меҳрли табрикларни iPad орқали қабул қилди. Келини Мишел эса қўлидан ушлаб турарди.
Шанба тонгида аёлнинг жони узилди.
«У кетди... Уйга бориб юз-қўлингни ювганингда бу манзараларни унутгандек бўласан. Ҳаммаси ювилиб кетади. Аммо улар орасида жигарларинг, қадрдонларинг бўлса, бунинг доғи юракда қолади», дейди Ацито.
Ацито ҳозирча сунъий нафас олдиришга ўтказилмаган қайниси ва қайнисинглисининг тузалиб кетишига умид боғлаяпти.
«Қадрдонларим билан кўришиб турганим – худонинг марҳамати. Муҳими, биз биргамиз», дейди у.
Кириш-чиқиш амри маҳол бўлган шифохонада беморлар учун ҳамширалар – ҳақиқий нажот фаришталари. Улар қадрдонлар билан дийдорлашишга ёрдам беришади. Бемор ҳамшира берган, микробдан ҳимоялаш учун махсус пластикка ўралган iPad’га тикилиб, оиласи билан суҳбатлашади.
«Вазифамиз фақатгина тиббий ёрдам кўрсатиш эмас. Бемор учун қайғурувчи инсон бўласан, унга керакли нарсани топиб беришга ҳаракат қиласан. Кези келганда унга она, сингил, ука бўласан. Ишинг кўп, лекин каравотда ётган бемордан кўз узгани юрагинг бетламайди», дейди Ацито.
Кетма-кет беш ўлим
Ҳакенсак университети тиббиёт маркази илк ўлим ҳолати ҳақида 10 март куни хабар берди. Вирусга таслим бўлган киши – Жон Бреннан. Марҳум ўлимидан аввал Монмут округида яшайдиган қариндоши – Фускога ҳам вирусни юқтирган бўлиши мумкинлигини айтиб, безовталанди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай вирус Фусколар оиласига мотам олиб келди. 73 ёшли кекса она – Грейс Фуско 3 фарзанди билан вафот этди.
Ҳимоя воситалари ва тиббий ходимлар етишмовчилиги
Шифокорлар касаллик динамикасига ўзларини руҳан тайёрлашган. Вазият бир неча ҳафтагача мураккаблигича қолиши мумкин. Шифохона ошхонаси ҳам аҳволи нисбатан енгил 74 беморни сиғдирувчи интенсив даволаш бўлимига айлантирилди.
Губернатор Мёрфи штат учун давлат захирасидан қўшимча шахсий ҳимоя воситалари ва кислород қурилмалари олишга ҳаракат қилди. 650та кислород қурилмаси ажратишди. Лекин касаллар сони шу тезликда ортаверса, 650та қурилма ҳеч нарса бўлмай қолади. Қурилмаларнинг 14тасида эса носозлик бор.
Штат полиция бошлиғига барча ҳимоя воситалари захиралари – ниқоблар, кислород қурилмалари, тиббий халатлар устидан шахсан назорат олиб бориш тайинланди.
Ҳакенсак ва «Муқаддас ном» шифохоналари маъмурлари кислород қурилмалари ҳозирча етарли эканини айтган бўлишса-да, бу узоққа чўзимаслиги мумкинлигини қўшимча қилишган.
«Ҳакенсакдаги анестезия қурилмаларини ҳам кислород бериш учун мослаштирдик. Аҳволи нисбатан яхши бўлган беморларда шуни ишлатиб турсак бўлади», дейди доктор Варга.
Ҳозир энг муҳими – мураккаб вазиятда ўзини йўқотиб қўймайдиган тиббиёт ходимлари керак.
«Каравотлар бор. Аммо бу каравотда ётган беморни даволай олувчи ходим керак», деди Варга.
«Бутун мамлакатда ўзим биладиган тиббиёт ходимларини қўнғироқ қилиб, ёрдамга чақирдим. Бир вақтнинг ўзида 100 беморга ёрдам кўрсата олиш учун тайёрланяпмиз. Агар ходим бўлмаса, қўл-оёқсиз қоламиз», дейди «Муқаддас ном» касалхонаси бош шифокори Адам Жаррет.
Нью-Жерси маъмурлари тиббий маълумотга эга кўнгиллиларни ҳам ёрдамга чорлашди. 3 апрель ҳолатига кўра, 7539 нафар волонтёр ёрдамга тайёрлигини билдирган.
Қариялар уйларида ҳам вазият оғирлашяпти
Штатдаги барча қариялар уйларида вазият таранг. 80дан ортиқ ўлим ҳолатлари қариялар уйларида яшовчилар орасида кузатилган.
Вудбриждаги Авлиё Йозеф қариялар уйининг шу қадар кўп ходими ва қариялари касалликка чалинганидан, муассасани вақтинча ёпиб, 100 кишини бошқа жойга кўчиришга тўғри келди.
Қариялар уйларида хизмат қилаётган ходимлар мунтазам хирургик ниқобларда юриши шартлиги белгиланди. Иситмаси, йўтали бўлган беморларга ҳам ниқоб тақиш, уларни муассасанинг алоҳида бурчакларида изоляциялаш ҳақида кўрсатма берилди.
«Дастлаб ходимларга ниқоб тақмаслик ҳақида айтишганди. Мақсад – кекса беморларда ваҳима пайдо қилмаслик. Энди ходимларнинг ўзи уйда бетоб ётибди», дейди ота-онаси ветеранлар уйида яшовчи Лиза Кроули.
Штатдаги барча қариялар уйлари кириш-чиқиш учун ёпилган. Фақат ўлими яқинлашиб қолганларгина яқинлари билан кўришишига рухсат бор.
Қариялар уйларидаги муносабатларни ўрганувчи ташкилот раҳбари Лори Брюер етарли маълумотнинг йўқлиги, уй қамоғи, вирус ваҳимаси – буларнинг барчаси одамларни ўзларини ҳимоясиз ҳис қилишга мажбур қиляпти, деб ҳисоблайди.
«Менга бир аёл қўнғироқ қилди. Онаси қариялар уйида экан. «Кекса онам фақат менинг қўлимдан овқат ейишга ўрганиб қолган. Олдида мен бўлмасам, ҳеч нарса емайди. Мени киритишмаяпти», деяпти...»
«Икки ёшли ўғлим уни нега қучоқлай олмаслигимни тушунмайди»
32 ёшли Эшли Фицпатрик «Муқаддас ном» касалхонасида ишлайди. Уни оддий ҳамширалик бўлимидан оғир аҳволдаги беморларга ёрдам кўрсатиш бўлимига ўтказишди.
«Ишдан уйга қайтганимда фарзандларимга яқинлаша олмайман. Икки ёшли ўғлим нега уни қучоқламаётганимни тушуна олмай ҳайрон», дейди у.
«Муқаддас ном» ҳамширалари ўлим нафасини ҳар лаҳза ҳис қилишади. Илк касаллик ҳолати аниқлангандан бери 51 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. Таранг вазият ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтирган.
Улар бир-бирига жуда суяниб қолишганини айтишади. Маҳаллий ресторанлар, скаутлар ҳам четда қараб туришмади – ҳар куни таом, егулик етказиб туришибди.
Доктор Жаррет жума куни уч беморнинг аҳволи анча ўнглангани, уларни энди кислород қурилмасидан чиқариб олиш мумкинлигини хурсандчилик билан айтиб берди.
«Ғалабага эришганингга ақлинг бовар қилмайди. Аммо ҳаракат қилишдан тўхтай олмайсан. Тўхтасанг, ҳаммаси издан чиқади...»
Мавзуга оид
21:05 / 24.12.2024
Ироқ АҚШ қўшинларини ўз ҳудудида қолдиришга тайёр — ОАВ
19:49 / 24.12.2024
American Airlines авиакомпанияси АҚШга барча рейсларни тўхтатди
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
17:05 / 24.12.2024