Бешигигача сув боcган самарқандликлар ёрдам кутишмоқда
Кетма-кет ёғган ёмғирлардан сўнг Самарқанд кўчаларини яна сув босди. Бу шаҳарда кўчаларни сув босиши одатий ҳолга айланиб бўлган, ҳар баҳорда шу бўлар такрор, буёғи. Тошқин эса одамларнинг уйигача бостириб кирмоқда. Боз устига, баҳор ёмғири қорга айланиб кетди...
Таҳририятга Самарқанд шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласи фуқаролари мурожаат қилишди. Улар уйларини сув босгани, шаҳар ҳокимлигидан ёрдам кутаётганларини айтишди. Сув одамлар уйининг ичигача кириб борган. Ҳатто болалар ётган бешиклар ҳам сувда қолган...
Собиқ Охунбобоев кўчаси бўйидаги бу маҳалла пастликда жойлашгани учун ёмғир ёғганда сув босиши одатий ҳолга айланган. Маҳалланинг ижтимоий муаммолари ҳақида 2019 йил 29 ноябрь куни Kun.uz’да «Истиқболи кўринмаётган истиқболликлар» сарлавҳали мақола эълон қилинган ва унда ёмғир вақти бу маҳаллани сув босиши ҳақида ҳам сўз борган.
2012 йил ҳам худди шу каби сув босган вақт одамларни кўчириш масаласи кўтарилган ва кадастр идораси ходимлари уйларни ўлчаб, улар бузилиши ва ўрнига уй берилиши мумкинлиги айтилган. Аммо мутасаддилар кейинчалик жимиб кетишган.
Уйининг ичигача сув босган одамлар карантин вақтида каерга боришини билмаяпти. Боз устига, қор ёғиб аҳвол оғирлашди. Маҳалладаги уйларни сув босгани ҳақидаги биринчи хабар сайтда эълон қилинганидан кейин, одамларнинг айтишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан вакиллар борган.
Ҳокимлик вакиллари одамларга ижара ҳақи 1 миллион сўмгача бўлган уй топишни ва бу пулни шаҳар ҳокимлиги тўлаб беришини айтишган. Аммо одамлар карантинда уй топишга қийналган: «Суриштирдик, ижарага уйлар ойига камида 150-200 доллар. Сўмга пул қабул қиладиган уй ҳам топилмади», дейишмоқда улар.
Маҳалланинг ижтимоий муаммолари ҳақида олдинги чиқишимиз ҳокимлик томонидан жавобсиз қолдирилганди. Бу гал эса аҳвол жиддий. Шундоқ ҳам қийин паллада бу қўшимча муаммо... Хуллас, «Истиқбол»ликларга ёрдам зарур.
Ўз навбатида, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу борада ишчи гуруҳ тузилгани ва одамларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди.
Таъкидлаш ўринлики, Самарқандда фақат шу маҳалладаги уйларни сув босмаганини айтиш керак. Шаҳарда пастликда жойлашган бир нечта кўча бор ва у ерда яшайдиганлар доим ёмғир ёғса, юрагини ҳовучлаб туради. Маҳаллий ҳокимлик ҳеч бўлмаса карантин вақтида бундай муаммога дуч келганларга ёрдам бериши керак, бизнингча...
Ўткир Жалолхонов,
журналист
Мавзуга оид
11:21 / 29.11.2024
Дам олиш кунлари айрим жойларда кучли ёмғир ёғиб, қорга айланиши мумкин
13:24 / 28.11.2024
“Самарқандни одамлар шаҳрига айлантиришимиз керак, ҳозир машина-шаҳарга айланган” — Турдимов
21:39 / 27.11.2024
Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин
20:51 / 03.11.2024