Жамият | 23:28 / 10.04.2020
18055
3 дақиқада ўқилади

Бугун Қодирийнинг туғилган куни — биз унинг ўлимидан сабоқ чиқара олдикми?

Бугун адиб Абдулла Қодирийнинг туғилган куни. Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Бир томондан қараганда, адибнинг ҳаёти ва ижоди қадар, унинг ўлими ҳам ибратларга тўла.

Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрида қамоққа олинди. «Менга қўйилган айбларни бошдан оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар, кўкрагимни кериб тураман...», — деган эди у.

1938 йилнинг 4 октябрида юзлаб ўзбек зиёлилари қотил тузум томонидан отиб ўлдирилган. Тарихчилар бу кунни ўзбек тарихидаги энг қора кунлардан бири деб ҳисоблайдилар. Шу куни СССР олий суди ҳарбий коллегияси 12 кун ичида 507 нафар ўзбек зиёлиларини отувга ҳукм қилган ва ҳукм ижро этилган.

4 октябрь куни Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби эл ардоғидаги шоир ва ёзувчилар, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов каби адабиётшунос олимлар, биринчи ўзбек кинорежиссёри ва фотографи Худойберган Девонов отувга ҳукм қилинди. Улар ҳукм чиқарилган куниёқ, 1938 йилнинг 4 октябрида, шошилинч қатл этилди.

Одатда, танлаб амалга оширилган қотилликлар геноцид дейилмайди, ҳар қандай ўзбек бундан қутулиб қолиши мумкин бўлгандек тасаввур уйғотади. Лекин ундай эмас — агар танлов ноҳақ, адолатсиз ва бегуноҳ инсонлар ўртасида экан, бу — геноциддир!

Иккинчи жаҳон урушидан кейин немис зиёлилари қандай тарбиялангани ҳақида эшитган эдим.

Ўша урушга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бир ўқитувчи, ўзига ўхшаганлардан ташкил топган гуруҳ билан мажбурий меҳнатга юборилади. Иш — фашистлар томонидан кўмиб юборилган ёки бомба тагида қолган жасадларни кавлаб олиш ва қабрга қўйиш.

Ҳалиги немис ўқитувчисини куйиб кетган гўдак жасадини бир муддат қўлида ушлаб туришга мажбур қилишаркан. Шу орқали у, гарчи фашизмни қувватламаган бўлса-да, ўзининг бефарқлиги Германия тепасига кимларнинг келишига сабаб бўлганини ҳис қилиб, ўзини бошқа миллатлар олдида айбдор санар экан. Худди мана шу туйғу уларни дунёнинг энг ривожланган жамиятлардан бирига айлантирди.

Афсуски, Сталинни бундан кам бўлмаган жиноятлари учун ҳеч ким жазолай олмади. Бефарқ бўлиш тугул, ўша отиб ўлдирилган зиёлиларни сотиб берганлар, қатл қилганлар қаҳрамон бўлишди, медаллар олишди, яхши яшашди.

Биз ҳануз 1938 йил ва ундан кейинги воқеалар даҳшатини ҳис қилмадик. Ҳалигача, Сталинни оқлайдиган, унинг яхши ишлари ҳам бўлганини санайдиганлар орамизда бор.

Менимча, Қодирийларнинг ўлимини тўлиқ англаб етмагунимизча, бу билан биз нималарни йўқотганимизни тушуниб етмагунимизча, уларнинг ғоясини ҳаётга татбиқ қилиш, йўлини давом эттиришни ўзимизга вазифа қилмагунча, якдил жамиятга айланмаймиз. Мустақилликка том маънодаги таҳдидлардан қутулмаймиз.

Қаҳрамон Асланов.

Мавзуга оид