Иқтисодиёт | 12:31 / 11.04.2020
29200
4 дақиқада ўқилади

Давлат қанча муддат давомида ёрдам бериши керак: фақат карантиндами ёки ундан кейинги инқирозда ҳамми?

АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «MFactor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, коронавирус пандемияси ва карантин чораларининг иқтисодиётга таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

Фото: KUN.UZ

“[Давлат томонидан пулнинг] карантин давомида берилишининг яхши томони одамлар каратиндан қийналмаган ҳолда чиқиб кетиш эҳтимоли бўлади. Гап энг қийналган 5-10 миллионта оила ҳақида кетяпти. Иккинчиси, карантиндан кейин берилишининг ҳам ўзига яраша яхши томони бор: иқтисодиётнинг бошдан юриб кетишига замин яратади. Бу иқтисодий ислоҳотлар билан биргаликда амалга оширилса, яхшироқ бўлади. Масалан, импорт божларининг бекор қилиниши. Агар импорт божлари бекор қилинса, ҳамма товар ва хизматларнинг нархи тушади. Шунга ўхшаган ислоҳотлар билан биргаликда қилинса, Ўзбекистон инқироздан нисбатан тезроқ ўтиб кетиши мумкин”, - деди Беҳзод Ҳошимов.

У давлат қарзни қаердан олиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Ҳозир халқаро молиявий ташкилотлар бор: Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки. Шу икки ташкилот ҳам ёрдам бериш ҳақида гапиришяпти. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки бор. Улар ҳам Ўзбекистон каби мамлакатларга ёрдам бериш ҳақида гапиришяпти.

Ўзбекистон қарз олиши мумкин. Қарзни облигациялар орқали олиш мумкин. Яқинда Ўзбекистон Лондон биржасида тахминан 1 миллиард долларга евробондларга жойлаштирганди, худди шундай қилиб, чет элдан қарз олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бундай маблағ ўз вақтида керак”, - деди Ҳошимов.

Олимнинг таъкидича, ёрдам берилиши керак бўлган одамларни маҳалла қўмиталаридаги маълумотлар орқали топиш мумкин.

“Ўзбекистоннинг меҳнат статистикасига қараладиган бўлса, меҳнатга лаёқатли инсонлар таҳминан 25 миллион атрофида. Шулардан 5,6 миллиони расмий иш жойида ишлайди. Яъни солиқ қўмитаси уларнинг иш даромадлари ҳақида хабари бор. Қолган 18,9 миллиони эса норасмий секторда фаолият юритишади. Уларнинг даромадлари ҳақида биз ҳеч нарса билмаймиз. Шунинг учун ҳам кўп мамлакатларда турли ижтимоий дастурлар бор. Улар одамлардан қанча даромад олишлари ҳақида сўраб, уни билишга ҳаракат қилади. Кўпинча даромади кўп одамлар бундай нарсаларга боргиси келмайди. Чунки у ердаги бюрократия – ҳужжат топшириш, ўзини камбағал деб айтиш каби тўсиқлар бор. Пули бор одам бу нарса билан шуғулланмайди”, - деди Ҳошимов.

Одамларга ёрдамни пул билан берган яхшими ёки озиқ-овқат биланми?

“Мен иқтисодчи бўлганим учун пул билан берган яхши деб ҳисоблайман. Чунки ҳар бир оила ўз шароитидан келиб чиқиб, нима олишни бошқалардан кўра яхшироқ билиши мумкин. Кимгадир дори-дармон, яна бошқа одамга кийим керакдир. Масалан, кунбай ишлайдиган юз минглаб одамлар рўзғорини тебратарди: кунига пул олиб, шу пулдан қарзини тўларди, свет, газга тўларди, уйини таъмирларди. Шунга ўхшаган харажатлар бор. Ҳамма пулини ҳам озиқ-овқатга сарфламайди.

Ҳозирда қилинаётган волонтёрлик ишлари жуда ҳам олийжаноб, муҳим деб ўйлайман. Лекин давлат сиёсати нуқтайи-назардан пулни картошка, гуручга чақиб берган яхшими ёки пул беришми деганда, албатта пул дердим. Энг заиф одамлар, яъни фарзандлари бор, камбағал одамларга пул орқали ёрдам беришни яхши сиёсат деб ўйлардим”, - деди Беҳзод Ҳошимов.

Тўлиқ суҳбатни «MFaktor» лойиҳасининг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид