Инқироз вақтидаги келишув. Нефть қазиб олишни камайтиришда АҚШ ҳам қўшилгани Россиянинг ғалабасими?
Ниҳоят нефть бозоридаги «нарх уруши» тугайдиган бўлди. ОПЕК+ давлатлари кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини май ойидан бошлаб 9,7 миллион баррелга қисқартириш бўйича келишув имзолади.
Бир томондан коронавирус сабаб талабнинг камайиши, бошқа томондан Саудия Арабистони ва Россиянинг бир-бирига «аччиқ қилиши» сабаб нефть бозорида парокандалик юзага келганди. Оқибатда нефть ўз таннархидан ҳам арзонлаб, «қора олтин» бозори касодга учрай бошлади.
Аҳвол ҳозиргидан ҳам даҳшатлироқ инқирозга қараб кетаётган бир вақтда катта давлатлар, тўғрироғи, АҚШ бундай давом этиш мумкин эмаслигини айтиб, келишишга чақирди. Дунё нефтининг 33 фоизига эгалик қиладиган ОПЕК ташкилотига аъзо давлатлар ниҳоят келишувга эришиб, нефть ишлаб чиқарувчиларнинг «кўкрагига шамол тегди».
Аввалига 6 апрель кунига белгиланган ОПЕК+ давлатларининг видеоконференция форматидаги учрашуви 9 апрелга кўчирилганди. Аммо шу куни ҳам Мексиканинг қайсарлиги сабаб 10 соат давом этган музокаралар чала қолиб кетди. Якшанба куни эса ОПЕК+ давлатлари нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишув имзолаб барчасини расман тасдиқлашди.
Бу нефть бозоридаги нархларга қандай таъсир қилади? АҚШ ва Россия ўртасидаги сиёсатнинг бу келишувга қандай алоқаси бор? ВВС бу борада мулоҳазаларни жамлади.
Кувайт нефть вазири Холид ал Фадилнинг твиттерда ёзишича, «тарихий келишув» 2020 йил 1 майдан кучга киради. Чиндан бу тарихий келишув бўлди. Келишув шунчалик тарихий бўлдики, ундан олдин бу каби нарсаларга аралашмаган АҚШ ҳам қўшилди.
Келишувнинг асосий вакиллари Саудия Арабистони ҳамда Россия эди. Эндиликда, ҳар икки давлат кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 2,5 миллион баррелгача қисқартиради. Аста-секин бу чеклов камайиб боради ва шу тариқа бозордаги нарх мувозанатга келади.
Ҳаммаси қандай бошланганди?
Нефть бозоридаги «нарх уруши» қандай пайдо бўлгани ҳақида кўп ёзганмиз, аммо бу ҳолатни яна бир бор эсласак, зарар қилмас. Майли, бу гал оддийроқ ракурсдан қараймиз. Аввалига март ойида Саудия Арабистони ОПЕК+ давлатларига кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 1,5 миллион баррелга қисқартиришни таклиф қилди. Бу мамлакат таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар куни бозорда ўртача шунча миқдорда ортиқча нефть пайдо бўлаётганди. Аммо бу таклифга Россия кескин қаршилик қилди.
Саудия Арабистони эса март ойи бошларида нефть арзонлаши ўзига ҳам зарар келтиришини ўйлаб ўтирмай ҳамкорларига чегирма асосида катта миқдорда нефть сота бошлади. Яъни, жаҳон бозорига жуда катта миқдорда нефть киритди. Келишув ташкил қилинган вақтда жаҳон бозорида нефть нархи 1 баррел учун 51 доллар эди. Таққослаш учун, Россия йил бошида ўз нефтини 44 доллардан сотишни режа қилганди, яъни йил бошидаги нарх Россия учун зўр кўринишда эди. Аммо Саудия бир пасда Россиянинг орзуларини парчалаб ташлади. Россиянинг Urals нефти 10 долларгача арзонлаб кетди.
Келинг, бу ҳолатни ўзимизнинг оддий бозор тили билан тушунтиришга ҳаракат қилсак. Айтайлик, сиз картошка сотувчисисиз. Ажойиб кунларнинг бирида, ўзингиз каби бошқа картошка сотувчиларига «Ўртоқлар, келинг ҳар куни бозорга 1 тонна камроқ картошка олиб кирайлик, бўлмаса картошка кўпайиб, нарх тушиб кетиши мумкин», дедингиз. Бошқа бир сотувчи эса сизга кескин қаршилик қилди.
Сизнинг картошкадан бошқа бизнесингиз ҳам бор, ҳалиги қайсар сотувчининг эса тирикчилиги фақат картошка орқасидан. Сени боплайман, дедингизда, бозорга ҳар куни 1 тонна кам эмас, 2 тонна кўп картошка олиб кириб, зарарига бўлса ҳам сота бошладингиз. Оқибатда нарх тушиб ҳалиги қайсар сотувчи касод бўла бошлади.
Нефть бозорида ҳам мана шу ҳолат юз берди. Бозорда ортиқча хомашё кўпайиб кетди ва нарх пастлади. Етмаганига коронавирус сабаб нефтга талаб ҳам камайганди. Ахир бутун дунёда машиналар деярли юрмаяпти, заводлар ишламаяпти, самолётлар учмаяпти.
Демак, яна ОПЕК+ келишувига қайтсак. Хуллас, 9 апрель куни Мексика кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 400 минг баррелга қисқартиришга рози бўлмади ва кунига фақат 100 минг баррел камайтириши мумкинлигини маълум қилди. Шунда катта саҳнага Дональд Трамп чиқди ва АҚШ кунлик қазиб олиш ҳажмини 250 минг баррелга камайтиришини маълум қилди. Бу Мексиканинг улушини компенсация қилиши керак эди.
Россия энергетика вазири Александр Новакнинг айтишича, ҳозир дунё бозорида нефтга кунлик эҳтиёж 10-15 миллион баррелгача камайиб кетди ва бу кўрсаткич кунига 15-20 миллион баррелгача етиши мумкин.
Россия нефть соҳасининг катталаридан яна бири Михаил Леонтевнинг («Роснефть» вакили) фикрича, қазиб олиш ҳажми қисқаришидан АҚШ корхоналари ютади ва бунинг Россия учун фойдаси йўқ. ОАВда Россиянинг қазиб олишни камайтирмаслиги «Роснефть» раҳбари Игорь Сечиннинг позицияси бўлгани ҳам айтилади. У ҳам келишув Россия учун фойдасиз эканини айтган. Аммо Путин бунга розилик билдирди.
ОПЕК+ давлатларининг келишиши ҳақидаги хабардан сўнг нефть нархи 10 фоизгача қимматлаганди, аммо нархлар яна пастлай бошлади. Чунки инвесторлар қазиб олиш ҳажми ҳар қанча камаймасин бу бозордаги сўнгги икки ойда содир бўлган тушишнинг зарарини қоплашига ишонишмаяпти. Бир сўз билан айтганда, инвесторлар нефть соҳасига пул тикиш хавфсиз эмас деб ҳисоблай бошлади. Чиндан, ҳозирда нефть корхоналарининг акцияси арзонлашиб кетяпти.
Апрель ойида нефть қазиб олиш ҳажми яна ўсди. Масалан, Argus нашрининг ёзишича, Саудия Арабистони ва Яқин Шарқ мамлакатлари март ойига қараганда апрель ойида 11 фоиз кўпроқ нефть қазиб олган. Россия эса қазиб олиш ҳажмини ўзгаришсиз қолдирган. Ахир хомашё арзонлаб кетаётган бир вақтда уни сотаверишдан ҳам маъни йўқ. Апрель ойида дунё нефть саноати тарихда бўлмаган шокни бошдан кечирмоқда. ОПЕК+ келишувисиз аҳвол янада ёмон кўриниш олар ва нефть бозори касодга учрарди.
Трампнинг хато твити
2 апрель куни нефть нархи 1 соат ичида 20 фоизга қимматлашди. Чунки Дональд Трамп твиттерда бу борада пост қолдирди: «Ҳозиргина дўстим Муҳаммад ибн Салмон билан гаплашдим. У ўз навбатида Владимир Путин билан гаплашган. Улар кунлик нефть қазиб олишни кунига 10 миллион баррелгача қисқартиришини кутяпман, балки ундан ҳам кўпдир. Бу нефть соҳаси учун жуда яхши иш бўларди», деб ёзганди Трамп.
Кўп ўтмай у нефть қазиб олиш кунига 15 миллион баррелгача етиши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзди.
Аммо Кремль Путиннинг Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан гаплашганини рад этди. Эртасига эса Путин Россия қазиб олиш ҳажмини 10 миллион баррелга қисқартириш режасини қўллаб-қувватлашини, аммо бунга фақат «шерикчилик асосида» рози бўлишини айтди: «Биз бу борада ОПЕК+ ҳамда АҚШ билан ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Бозордаги мувозанатни тиклаш ва қазиб олиш ҳажмини назорат қилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш керак».
Ўз навбатида Путин ОПЕК+ келишуви бекор бўлганига Россия эмас, Саудия айбдорлигини айтди: «Ҳаммаси тушунарли, бу рақобатчиларидан қутулишни истаётган Саудия Арабистонидаги ҳамкорларимиз билан боғлиқ».
АҚШнинг қўшилиши Россиянинг ғалабасими?
АҚШнинг ОПЕК+ келишувида бўлмаслиги деярли аниқ эди, чунки Қўшма Штатлар олдин бундай келишувларда бўлмаган. 6 апрель куни АҚШ энергетика вазири Дэн Бруйет мамлакат шундоғам талаб пасайгани сабаб қазиб олишни камайтирганини айтганди. Америкада бозор эркин ва барчасини айнан бозор назорат қилади. Шу боис, қазиб олиш табиий тарзда 11 фоизга, яъни кунига 11,76 миллион баррелга камайиб кетганди.
Financial Times нашрининг ёзишича, нефть нархи 35 долларга тушиши АҚШда кунлик қазиб олиш ҳажми 10-13 миллион баррелгача камайиши учун етарли бўлади. Аммо Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу борада қизиқ гапни айтди ва қайсидир маънода Путиннинг позициясини билдирди: «Табиий қисқариш билан келишув асосида қисқартириш бошқа-бошқа нарса. Ахир баландлик билан кенгликни сотиштириб бўлмайди-ку?».
Яъни, нефть қазиб олишни камайтиришда АҚШнинг ҳам қатнашиши шахсан Путин учун принципиал масала бўлган. Бу борада Bloomberg ҳам ёзди. Нашрнинг вазиятдан хабардор манбаларининг айтишича, Россия учун АҚШнинг келишувда расман қатнашиши муҳим бўлган. Манбанинг айтишича, Россия АҚШнинг ҳали ҳеч қачон қўшилмаган бу турдаги келишувга расман кирганини ғалаба сифатида қабул қилади ва натижада Путин обрўсини сақлаб қолади. Шунингдек, Россия АҚШдан яна бошқа енгилликлар, масалан, санкцияларни камайтириш кўринишидаги ёрдам кутади.
Аммо бу ҳам мантиқан қараганда, унчалик тўғри фикр эмасдек. Чунки келишувга кўра, АҚШ кунига 250 минг баррел нефть қазиб олишни камайтирса, Россия 2,5 миллион баррел камайтиради. Бундан ташқари, АҚШда нефть арзонласа, ошиб борса битта соҳа инқирозга учраши мумкин. Аммо Россияда бу кўпроқ сезилади...
Мавзуга оид
19:01
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ва Озарбойжонга боради
12:37 / 27.10.2024