Жамият | 22:20 / 13.04.2020
203422
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Рамазон ойини ўтказиш бўйича фатво эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Рамазон ойини ўтказиш бўйича қабул қилинган фатвони эълон қилди.

«Юртимизда вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларини уйда адо этишлари лозим эканлиги етказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди.

Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди», дейилади муфтий Усмонхон Алимов томонидан «Ўзбекистон 24» телеканали орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда.

Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгаши мамлакатдаги барча мусулмонларни бир қатор кўрсатмаларга қатъий риоя этишга чақирган. Жумладан, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровеҳ намозларини, Хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказиш тавсия қилинган.

Шу билан бирга, қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зидлиги сабабли бундай маросимларни ўтказиш тақиқланган, ифторлик савобидан умидвор бўлган саховатпеша мусулмонлар бундай маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож оилаларга етказишга чақирилган.

Мавзуга оид