Жамият | 22:39 / 16.04.2020
31341
8 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди

Президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор билан Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди.

Белгиланишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

  • университетга таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг билимини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқи берилади;
  • университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилади;
  • хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари ТДШУ томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади;
  • университетда шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари ўқитувчилари учун доимий фаолият юритувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади ҳамда курслардан муваффақиятли ўтган педагог кадрларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.

2020/21 ўқув йилидан бошлаб, университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб эса ушбу тажриба бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этилади.

ТДШУ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётганини ҳисобга олиб, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

  • профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқади ҳамда уларнинг иш фаолиятини дарсларга сифатли тайёргарлик кўришга ва илмий салоҳиятини кучайтиришга қаратади;
  • илмий лойиҳаларни бажариш жараёнига иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларни жалб қилишни кенгайтиради;
  • иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларнинг илмий, инновацион ва стартап лойиҳаларини танлов асосида молиялаштириш чораларини кўради;
  • факультетлар таркиби ва кафедралар йўналишларини кўриб чиқсин ҳамда уларнинг фаолиятини етакчи хорижий ОТМлар тажрибаси асосида қайта ташкил этади;
  • таълим сифатини ошириш, ўқув ва илмий фаолиятни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этади;
  • профессор-ўқитувчилар ва масъул ходимлар учун, зарурат туғилганда, тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида кредит-модуль тизимига ўтиш бўйича семинар-тренинглар туркумини ташкил этади;
  • нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда салмоқли илмий нашрлар эълон қилган, “устоз-шогирд” тамойили асосида иқтидорли талабалар, магистрантлар, докторантлар ёки ёш профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда юқори импакт-факторли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий этади.

Қарор билан, 2020-2023 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университетини комплекс ривожлантириш дастури ва 2023 йилгача Тошкент давлат шарқшунослик университетини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.

Дастурда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • ўқув режаларида амалий ва сайёр машғулотларни ўтказишни кенгайтириш, талабаларда амалий компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган фанларга ажратилган соатлар улушини ошириш;
  • таълим мазмунини креатив фикрлаш, инновацион ғоя ва ишланмаларни шакллантиришга хизмат қилувчи таълим технологиялари билан бойитиш;
  • илғор хорижий тажриба асосида бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилар фаолиятини комплекс баҳолаш индикаторлари асосида моддий рағбатлантириш тизимини яратиш;
  • Университет салоҳиятини босқичма-босқич ошириш мақсадида Университет докторантурасига қабул квотасини кўпайтириш, янги ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
  • профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабалар учун бадиий, илмий ва ўқув адабиётлари электрон каталоглари ҳамда жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, Университетнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 июлга қадар ТДШУ ҳузуридаги академик лицей фаолиятини танқидий ўрганиб, унинг фаолиятини такомиллаштириш, қабул жараёнига қўйилган талабларни қайта кўриб чиқишни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлайди.

Чора-тадбирлар дастурида академик лицейга ўқувчилар хорижий тилни билиш даражасига қараб қабул қилинишини ҳамда Университет кафедра мудирлари ва етакчи олимларининг академик лицей ўқув гуруҳларига бириктирилишини назарда тутилади.

Қайд этилишича, шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 2020 йил 1 августга қадар бу техникумларни шарқ тилларини ўқитишга мослаштириш, уларни малакали педагог кадрлар билан тўлдириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли чораларни кўриш топширилди.

Шунингдек, университет тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Синхрон таржима лабораторияси ва Мультимедиа маркази ташкил этилади.

Бундан ташқари, ТДШУ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Университет Ёзма ёдгорликлар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан бепул таъминланади.

Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва музейлари ҳузурида ТДШУнинг адабий ва тарихий манбашунослик йўналишларида кадрлар тайёрловчи кафедраларининг филиаллари очилади.

Инновацион ривожланиш вазирлигига Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ҳар йилги илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантиришда уларда шарқшунослик соҳаси бўйича мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилишини назарда тутиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси университет билан биргаликда:

  • Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа буюк аждодларимиз томонидан яратилган Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тили, маданияти ва тарихига оид ёзма манбаларни;
  • Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари тарихи, антропологияси, тили ва адабиёти, ижтимоий-сиёсий жараёнлари, ички ва ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширади.

Қатор идораларга 3 ой муддатда “Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритиш топширилди.

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 20а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда ТДШУга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб берилади.

2021 йил 1 августга қадар ТДШУга бериган шу ҳудудда университетнинг янги 9 қаватли биноси ва спорт мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилади.

Мавзуга оид