«Ҳаммаси ҳам Трамп ўйлаганидек эмас». АҚШда ‘иқтисодий бум’ бўлиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
Дональд Трамп АҚШда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятига, ҳаракатланишга чекловларни тезроқ бекор қилмоқчилигини, шундан сўнг «иқтисодий бум» бўлишини башорат қилди. Лекин иқтисодчилар бунинг аксини таъкидлашмоқда: коронавирус хавфи буткул тугамагунча иқтисодий фаоллик тикланади, деб айтиш қийин.
The New York Times’нинг ёзишича, вирусга қарши вакцина топилмагунча иқтисодиётда ўнгланиш кузатилиши даргумон.
Бизнес эгалари иқтисодий чекловлар бекор бўлгандан сўнг барчаси яна аввалгидек бўлишига ишонмаяпти.
Биргина мисол. Денверда ресторан ва меҳмонхона тармоқлари – Sage Hospitality Group эгаси Уолтер Изенберг 6000 нафар ишчисининг 5000 нафарини ишдан бўшатишга мажбур бўлди. Унинг кунлик даромади 3 млн доллардан 40 минг долларгача (нақ 75 баравар) тушиб кетиши учун атиги 3 ҳафта кифоя қилди.
Қачонлардир ўз фаолиятини идиш-товоқ ювишдан бошлаган Уолтер Изенберг 5000 кишини ишдан бўшатиш осон бўлмаганини айтади.
«Ходимларимга қийинлигини тушунаман. Уларни яна иш ўрнига қайтаришни истайман. Лекин иқтисодий муаммолар йил якунига қадар давом этиши мумкин.
Президент ҳам тезроқ Америка иқтисодиётини оёққа қўйиш ҳақида ўйлаяпти. Лекин ҳаммаси Трамп башорат қилаётгандек эмас. Коронавирус учун самарали даво ёки вакцина топилмагунга қадар иқтисодиёт ҳам «соғая олмайди». Одамлар аввалгидек саёҳат, вақтичоғлик қилишга шошилмаётганини кўриб турибман», дейди Изенберг.
Дональд Трамп карантин ва у билан боғлиқ чекловларни тезроқ юмшатиш тарафдори. Чунки чекловлар 11 йиллик иқтисодий тараққиётни чиппакка чиқарди, миллионлаб америкаликлар ишсиз қолди.
Аммо ҳаммаси чекловларни бекор қилган билан ҳал бўлиб қолмайди. Ресторан ва дўконларнинг яна очилиши инсоният харид учун тайёр дегани эмас: одамларни иқтисодий эҳтиёжлар эмас, вирусни юқтириб олиш ваҳимаси бошқармоқда.
«Яшил чироқ ёниши учун сариқ чироқ даврини ҳам бошдан кечириш керак»
АҚШ савдо палатаси президенти Сюзанна Кларк иқтисодиётнинг қайта жонланиш жараёнини светофорга ўхшатди.
«Ресторан ва дўконларнинг эшикларни очиб қўйганимиз билан иш битмайди. Иқтисодиётнинг жонланиши светофорга ўхшайди. Биз ҳозир қизил чироқдамиз. Ҳамма ҳаракатдан тўхтаган. Яшил чироқ ёниши учун аввал сариқ чироқ даврини ҳам бошдан кечиришимиз керак.
Сариқ чироқ огоҳликни оширишни талаб этади. Уни тўғри ўтказа олсаккина, яшил чироқ ёнади. Одамлар ўзини хавфсизликда ҳис қиляптими ёки йўқ – бизни ўйлантирувчи бирламчи масала шу бўлиши керак
Иқтисодиётни қайта оёққа турғазиш босқичма-босқич амалга оширилади. Ишга чиқадиган ходимларни вирусга тестдан ўтказиш, уларнинг саломатлиги ҳақида маълумотларни махфий сақлаш каби масалалар кўриб чиқилиши керак», дейди Кларк хоним.
Савдо палатаси раҳбарининг иқтисодиёт ҳақида ташвишланиши ҳам ўринли. Ўтган уч ҳафта 16 млн америкаликнинг ишсиз қолиши учун етарли бўлди. Ишсизлик нафақаси сўралган мурожаатлар тобора кўпайиб бормоқда. Иқтисодий инқироз бошланган – ҳамма гап унинг оқибатлари қанчалик хавфли бўлишида.
Чикаго, Стенфорд ва Бостон университетлари мутахассислари жорий йил якунига қадар АҚШ иқтисодиёти 11 фоизга қисқаришини башорат қилишмоқда. Бундай иқтисодий пасайиш 1946 йилдан бери мамлакатда кузатилмаган.
Иккинчи тўлқин хавфи
Оқ уйда ўтказилган брифингда Трамп берган маълумотга кўра, мамлакатда чекловларни бекор қилиш режасини ишлаб чиқиш деярли якунланган. Штат губернаторларига ҳам ўз ҳудудларини очиш бўйича кўрсатмалар берилиши айтилди.
«Иқтисодиёт ўз ўрнига қайтиши билан биз яна тараққиётда давом этамиз. Америкаликлар ўз иш жойларига қайтишни исташяпти», дейди Трамп.
Иқтисодчилар эса одатий турмуш тарзига бирданига қайтиб бўлмаслигини айтишмоқда. Бунинг учун алоҳида эҳтиёт чоралари кўрилиши керак. Акс ҳолда, вируснинг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши, бу эса ўз навбатида, иқтисодий муаммоларни янада мураккаблаштириши мумкин.
Иккинчи тўлқин бошқа давлатлар мисолида ҳам кўринди. Хитой, Сингапур, Ҳонконгда ўрнатилган чекловлар вирус тарқалишини жиловлашга ёрдам берганди. Аммо чораларни бевақт юмшатиш касалланиш ҳолатларининг янги тўлқинига сабаб бўлди.
«Одамларни чекловлар эмас, вирус ҳақидаги ахборотлар бошқаряпти»
Evercore ISI бошқарув директори Эрни Тедески чекловларнинг америкаликлар ҳаётига таъсири ҳақида қизиқ кузатувни маълум қилди.
«Уйда ўтириш талаби бутун Америка бўйича бир хилда амалга оширилгани йўқ. Баъзи штатлар эртароқ, баъзилари кечроқ чекловлар ўрнатди. Ҳалигача ҳеч қандай чеклов ҳақида ўйламаётган штатлар ҳам йўқ эмас.
Қизиғи шундаки, ишсизлик даражаси штатлардаги чекловлар билан боғлиқ эмас. Барча штатларда ишсизлик нафақаси сўрови билан мурожаат қилаётганлар сони бирдек ортиб боряпти. Демак, ҳукумат чеклов ўрнатиш-ўрнатмаслигидан қатъи назар аҳоли ўзининг одатий турмуш тарзидан чекина бошлаган эди», дейди тадқиқотчи.
Upwork бош иқтисодчиси Адам Озимек ресторан бизнесида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганини таъкидламоқда. Унинг айтишича, умумий овқатланиш жойларида мижозлар оқими маҳаллий ҳокимият томонидан чекловлар ўрнатилишидан анча аввал тўхтаб қолган эди.
«Гап ҳукуматнинг қандайдир бюрократик чекловларида эмас. Одамларни давлат эмас, вирус ҳақидаги ахборотлар бошқаряпти. Улар учун ўзларини хавфсизликда ҳис қилиш муҳимроқ», дейди Озимек ўз интервьюсида.
Тадқиқотлар: Аҳоли одатий турмушига қайтишга тайёр эмас
Ижтимоий фикрни ўрганиш билан шуғулланувчи ташкилотларнинг тадқиқотлари ҳам аҳоли одатий турмуш тарзига қайтишга тайёр эмаслигини кўрсатади.
Civis Analytics информацион агентлиги тадқиқоти натижасига кўра, ҳар 10 нафар америкаликнинг 8таси ресторан ва спортзал сингари жамоат жойларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни қўллаб-қувватлайди.
Сетон-ҳилл университети ўтказган сўровда ҳар 10 нафар америкаликнинг 7таси жамоат жойлари ўз фаолиятини бошлаган тақдирда ҳам у ерга бормаслигини, чунки бу жойларда ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини таъкидлаган.
Сўнгги сўровномаларга кўра, америкаликлар икки ҳолатда ўзларини эркин ҳис қилишларини айтишган: тиббиёт ходимлари вазият изга тушганини айтишса ёки вакцина топилгани эълон қилинса.
Одамлар режаларини жиддий қайта кўриб чиқмоқда
Sports and Leisure тадқиқот гуруҳи раҳбари Жон Ластга кўра, АҚШ аҳолиси ҳордиқ чиқариш, саёҳат қилиш билан боғлиқ режаларини ўзгартирган.
«2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирози ва 2001 йилдаги эгизак бинолар портлаши воқеалари ҳам америкаликларнинг режаларига бунчалик таъсир кўрсатмаган», деб ёзади у.
Вазият оғирлигига қарамай, бизнес эгалари, хусусан, Уолтер Изенберг ҳам ҳаммаси яхши бўлишига умид боғламоқда:
«Менга бир нарса доим тасалли беради. Ҳар тонг уйғонганимда вакцина топиладиган ўша ажойиб кунга бир қадам яқинлашганимизни ҳис қиламан....»
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024