Пандемия жаҳонда қаҳва танқислигини келтириб чиқариши мумкин
COVID-19 чақирувчи коронавирус инфекциясининг тарқалиши Лотин Америкасидаги қаҳва плантацияларини теримчиларсиз қолдириши мумкин. Боз устига, АҚШдаги қовурилмаган қаҳва донлари захираси сўнгги беш йилдаги энг паст кўрсаткичгача қисқариб кетди.
Bloomberg агентлигининг маълумотларига кўра, 2020 йилда қаҳвага бўлган талаб таклифдан ортади, лекин етишмовчилик олдинги йиллардаги ҳосиллар ҳисобига қопланади. Бироқ, пандемиянинг бошланиши қаҳванинг «ваҳимали харидлари»га сабаб бўлган (АҚШда қовурилмаган қаҳва донлари захираси сўнгги беш йилдаги минимумгача тушган), COVID-19 эса янги ҳосилни териб олишни таҳдид остида қолдирган.
Жаҳон бозорларига қаҳва етказиб бераётган Лотин Америкаси давлатларида COVID-19’га чалиниш ҳолатлари АҚШ ва Европадагидан камроқ (Бразилияда —31 минг (1952 ўлим), Перуда — 12,5 минг (274 ўлим), Колумбияда — 3,2 мингдан сал кўпроқ (144 ўлим), бироқ ҳозирдан бу касаллик қаҳва плантацияларини теримчиларсиз қолдириш билан таҳдид қилмоқда. Масалан, Колумбияда қаҳва ҳосилининг катта қисми қўлда терилади.
Bloomberg’нинг эслатишича, қаҳва терувчиларга Лотин Америкасида жуда кам ҳақ тўлашади, улар тўп-тўп бўлиб яшашади, шу сабабли теримчилардан биргинаси вирус юқтириб олса ҳам коронавируснинг тарқалишида катта хавф юзага келади.
Колумбия қаҳва ишлаб чиқарувчилар миллий федерацияси (Fedecafe) ижрочи директори Роберто Велеснинг билдиришича, касаллик аллақачон баъзи муаммоларни яратган. Унинг сўзларига кўра, Fedecafe ҳосилни йиғиб олиш учун етарли ишчиларни, жумладан, иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларида ишдан бўшатилаётганларни жалб қилиш учун зарур чораларни кўрмоқда. Бироқ вазиятни қаҳва плантациялари жойлашган ҳудудларда ҳаракатланиш чеклангани янада оғирлаштирмоқда.
Перуда ҳам вазият оғир. Бу ерда ҳосилни йиғиш май ойида бошланиши керак, бироқ қаҳва етиштирувчи хўжаликларни бирлаштирувчи Cecovasa кооперативи бош директори Жимми Ларико ишчилар етишмаслигидан ташвишда. Боз устига, фермерларнинг ўзи ҳам маҳсулотлар ва зарур товарлар етишмаётгани сабабли фермаларини тарк этишмоқда.
«Кўплаб одамлар фермаларини тарк этишмоқда. Карантин сақланадиган бўлса, ҳосил хавф остида қолади», — дейди Ларико, инсонлар ҳаракати чеклангани сабабли пиёда кетишга мажбур бўлаётганини қайд этиб.
Bloomberg`нинг ёзишича, қаҳвага талабнинг ошиши қаҳвахона ва ресторанларнинг ёпилишини секинлаштириши мумкин, лекин бу Лотин Америкасидаги ишлаб чиқарувчиларни янада қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Бунга қўшимча равишда, улар ишчи кучи етишмаслигига маҳсулотни ўтказиш муаммоларига ҳам дуч келишади.
Мавзуга оид
18:11 / 14.10.2024
Қаҳва инсулт хавфини оширади, чой эса камайтиради — тадқиқот
23:08 / 21.09.2024
Бразилиядаги қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари бутун дунёда қаҳва нархининг ошишига олиб келмоқда
11:29 / 10.05.2024
Қаҳва нархи сўнгги 45 йилликдаги рекордни янгилади
14:19 / 09.06.2023