Ўзбекистон | 16:15 / 19.04.2020
25577
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна 20 бемор соғайди. Тузалганларнинг жами сони 214 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухорода 10 нафар, Тошкент шаҳрида 10 нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайиб, шу вақтгача тузалганларнинг жами сони 214 нафарга етгани ҳақида маълум қилди.

«Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган хавотирли вазиятда одамларни қувонтирадиган, беморларга ишонч бахш этадиган хайрли хабарлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бунда фидойи тиббиёт ходимларининг мардонавор саъй-ҳаракати муҳим ўрин тутмоқда.

Бунинг замирида эса юртимизда коронавирус инфекцияси аниқлангандан то ҳозирги кунгача фидойилик билан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг алоҳида ўрни бор.

Бугун Бухоро вилояти ихтисослашган тиббиёт муассасасидан 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг барчаси жорий йил 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят ихтисослашган тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. Соғайганларнинг 9 нафари эркак, 1 нафари аёл. Уларнинг 3 нафари Самарқанд вилоятидан, 2 нафари Қашқадарё вилоятидан, Тошкент шаҳри, Навоий, Сурхондарё, Жиззах ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 47 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 57 нафарга етди», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида ҳам навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган.

Тузалганларнинг 6 нафари Тошкентдан, 3 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Қашқадарё вилоятидан. Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олишган. Шунингдек, уларнинг 2 нафари Россиядан келган ва «Сокол» оромгоҳида карантинга олинган, яна 1 нафари эса Москва – Тошкент йўналишида чартер рейси орқали келгач, Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанишни бошлашган. Беморларнинг 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.

«Сўнгги текширув натижалари ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 17 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 27 нафарга етди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

19 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1495тага етган. Айни пайтга қадар коронавирус инфекцияси ташхиси қўйилган беморларнинг 214 нафари тўлиқ соғайди, 5 киши вафот этди, 1276 бемор мазкур хасталикдан даволанишда давом этмоқда.

Мавзуга оид