Жамият | 21:35 / 19.04.2020
33026
3 дақиқада ўқилади

«Шерикларим пиёда кетишганди, энди бу йўл ҳам йўқ» – Наманганлик асаларичилар муаммога дуч келишди

Бугунги кунда карантин таъсир қилмаган, ташвиш туғдирмаган соҳанинг ўзи қолмади. Коронавирус пандемияси хавфи туфайли инсонлар соғлигини ҳимоя қилиш учун қабул қилинган қатъий чоралар доирасида шахсий транспорт воситаларида ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома (стикер) жорий қилинди. Натижада маълум хизмат турларида ишловчи кишилар ҳаракати чекланди.

Бу чекловлар асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда.

Асаларичилик соҳасига фақат асал ишлаб чиқариш билангина баҳо бериб бўлмайди. Қишлоқ хўжалиги экинларининг чангланишида асаларилар муҳим рол ўйнайди. Асаларилар ёрдами билан ҳосилдорлик ошишини билган деҳқонлар, боғбонлар асаларичиликни йўлга қўйишга, шу соҳа вакиллари дўст бўлиб уларга шароит яратиб беришга уринадилар.

Наманган шаҳридан таҳририятга алоқага чиққан бир гуруҳ мурожаатчилар уларга рухсатнома берилмаётгани сабабли, асалариларни боқиш учун шахсий автомобилларида туманларга, тумандан шаҳарга, умуман асалари боқиладиган жойларга бориб-келиш масаласи муаммога айланганини билдиришди.    

«Kun.uz сайтида Жиззахга бориб пиёз эккан бешариқлик деҳқонлар муаммосини ўқидик. Айни пайтда биз ҳам худди шундай муаммоларга дуч келмоқдамиз. Касбимиз асаларичилик. Наманган шаҳрида яшаймиз, ариларимизни йилнинг февраль ойидан декабрь ойигача Учқўрғон ва Норин туманларидаги бир неча ҳудудларда парвариш қилиб борамиз. Асалариларга февраль-декабрь ойларида доимий қаров керак. Айнан ҳозирги вақтда арилар тухум қўйишлари учун озуқа бериб, рамкаларга мум қўядиган давр.

Улар вақтида парвариш қилинмаса, тегишли тадбирлар ўтказилмаса, ари уялари бўлиниб кетиб, нобуд бўлади. Биз ариларимизни шаҳардан 78 км узоқликда бўлган жойларда парвариш қиламиз. Икки шеригим ўша ҳудудга 2 кун олдин пиёда йўлга чиқиб кетишган. Наманганда карантин янада қатъийлашиб, энди пиёда юриш ҳам муаммога айланиб қолди.

Шахсий автомобилларимизда ҳаракатланишга рухсат берувчи стикер олиш учун адлия бўлимларига, вилоят ҳокимлиги, Наманган давлат ўрмон хўжалигига бир неча бор мурожаат қилдик. Лекин, муаммо ҳал бўлмади.

Сизларга кўплаб асаларичилик билан шуғулланаётган инсонлар номидан мурожаат қилмоқдаман. Етти нафар асаларичи номидан турли мутасадди ташкилотларга ёзган мурожаатларимизни ҳам жўнатяпмиз. Ҳар биримизда 300 қутидан асаларилар бор. Наманганда бу соҳа билан шуғулланувчи кишиларнинг сони жуда кўп. Муаммоларимиз ҳал бўлишига умид қилиб қоламиз», дейди асаларичи Зайниддин Холмирзаев.    

Карантин ўз қоидалари билан карантин. Албатта унга бўйсунмасликнинг иложи йўқ. Шундай бўлса ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, қишлоқ хўжалигида  ходимларига уларнинг техникаларига ҳаракатланишлари учун маълум имтиёзлар берилди. Асаларичилик ҳам озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи соҳа бўлиши билан биргаликда зироатчилик, боғдорчиликда, экинларни чанглатишда муҳим ўринга эга. Шунинг учун асаларичиликни қўллаб-қувватлаш, уларга етарли даражада шароит яратиб бериш зарур.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид