Ўзбекистон | 10:39 / 24.04.2020
42992
6 дақиқада ўқилади

1197 ва хайрия марказларининг бошқа телефон рақамлари нега жавоб бермаяпти? – Водий вилоятларидаги ҳолат

Маълумки, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 1 апрелдан жорий қилинган янги карантин чоралари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилган эди.

Янги тартиб бўйича эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли тарзда етказиш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил қилинган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази орқали амалга ошириладиган бўлди.

Марказ ташкилотчилигида ижтимоий ёрдам маҳсулотлари маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари, шунингдек, карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларнинг оилаларига етказиб берилиши кўзда тутилган.

Хайрия маркази билан 1197 қисқа рақамига ҳар куни соат 9:00дан 17:00гача қўнғироқ қилган ҳолда боғланиш мумкин.

Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари» телефон рақамларини ҳам эълон қилди. Фуқаролар хайрия маблағлари масаласида мана шу рақамларга боғланишлари керак.

Хўш, водийнинг уч вилоятида мазкур 1197 телефон рақами орқали ижтимоий ёрдам олиш имкони бўляптими?

Наманган вилояти, Учқўрғон тумани Яшик қишлоғида яшовчи Элмурод Имомов айнан шу мавзуда мурожаат қилди.

«Ҳар йили кунлар исигач, Қозоғистон ва Тошкент вилоятига чиқиб ишлаб келар эдик. Шу орқали оиламизни тирикчилиги ўтарди. Коронавирус туфайли йўллар беркилди. Ўзимизда карантин туфайли иш йўқ. Бизга ҳам ижтимоий ёрдам бўладими? Ҳокимиятга роса кўп бордик. Ҳозир бизнинг туманда карантин янада кучайиб, ҳокимиятга ҳам бора олмай қолдик. Кўчаларимизга «блок» қўйилган.  1197 ва сизлар томонингиздан эълон қилинган бошқа рақамларга уланишнинг иложиси йўқ. Рақамга кун бўйи терсак ҳам тушиб бўлмаяпти. Биз нима қилайлик? Кимдан ёрдам сўраймиз», дейди у.

Яна бир учқўрғонлик фуқаро Мансуржон Ашуров ўз «Дамас» автомашинасида йўловчи ташиб тирикчилик қилишини, карантин туфайли кунлик даромад қила олмаётганини билдирди.

«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси хайрия марказининг 1197 телефон рақамига жуда кўп маротаба қўнғироқ қилдим. Нега олишмаётганини билиш учун бошқа рақамларга ҳам уланишга уриндим. Бирор марта боғлана олмадик. Нега ишламайдиган телефон рақамларини эълон қилишади. Чақиради-чақиради, лекин биров кўтармайди. Ишга чиқа олмаяпмиз. Менга ҳам ижтимоий ёрдам жуда зарур», дейди М. Ашуров.

Таҳририятимизга шу мавзуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Биз Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари билан боғланишга уриниб кўрдик.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Наманган вилояти Хайрия марказининг колл-марказидан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган телефон рақамларга қўнғироқ қилиб уланишнинг иложи бўлмади.

Биз рақамларга уч кун давомида турли вақтларда кўп бора боғланишга уриниб кўрдик. Эҳтиёжманд аҳоли кўмак кутаётган ёки хайриячи маблағ ўтказиши учун боғланиши лозим бўлган телефон рақамлар кун бўйи банд кўрсатди ёки чақирди, лекин кўтаришмади.

Андижон вилояти Хайрия марказининг эълон қилинган телефон рақамлари билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. 1197 қисқа рақамига бирор марта тушиб бўлмади ёки чақирса ҳам кўтаришмади.

Хайрия маблағлари масаласида фуқаролар боғланиши зарур бўлган бешта рақам билан боғланишга уриниб кўрганимизда улардан учтаси «Рақам ўчирилган» режимида эканлигини билдик. Фақат битта рақам билан узоқ уринишлардан сўнг алоқа боғладик ва оператор ёки мутасадди мазкур рақам ҳомийлар учун эканлигини айтди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Фарғона вилоятида ҳам 1197 рақамига боғланиш қийин бўлаётгани ҳақида фуқаролардан келган мурожаатлар кўп. Хайрия маблағлари масаласида фуқаролар боғланиши зарур бўлган олтита телефон рақамидан биттасидан «Рақам нотўғри терилган» жавобини эшитган бўлсак, бештаси ўчирилган бўлиб чиқди. Битта рақам билан эса узоқ уринишлардан сўнг боғландик ва ходим хайрия маблағлари, мурожаатлар қабул қилишини билдирди.

Хулоса ўрнида

Кўринмас бало ва офат бўлган коронавирус пандемияси хавфи туғилган пайтда ҳукумат томонидан иқтисодиётни салбий таъсирларсиз олиб чиқиб кетиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси учун бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Якка тартибдаги хайриялар вақтинча тўхтатилиб, мувофиқлаштириш марказлари орқали амалга оширилиши ҳам шулар жумласидандир.

Бироқ кўмак сўраб 1197 рақами орқали колл-марказига қилинаётган кўплаб қўнғироқлар жавобсиз қолаётгани ҳам бор гап. Вилоятлардаги колл-марказларда операторлар сони 10 нафар атрофида.

Аҳолиси 2-3 миллиондан зиёд бўлган вилоятлар учун колл-марказда хизмат қилувчи операторлар сони озлик қиляпти ёки ишга масъулиятсизлик билан қаралмоқда.

Фуқароларнинг хайрия маблағларини жалб қилиш масаласида боғланиши керак бўлган рақамларнинг деярли ишламаслиги эса ғалати ҳолат. Ахир, телефонлар ўчирилган бўлса, хайрия қилмоқчи бўлган фуқаро ким билан қандай боғланади?

Ижтимоий тармоқларда якка тартибда хайрия ташкил қилиб, юзлаб муҳтож оилалар ҳолидан хабар олаётган блогер ёки кўнгиллиларнинг катта ҳажмда иш олиб бораётганидан хабардормиз.

Хайрия марказларининг телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали имкониятга эга тадбиркор ва фуқароларни хайрия қилишга чақирадиган тарғибот ишлари олиб борилиши ҳам суст.

Вилоят марказлари мутасаддилари худди шундай колл-марказлар туманларда ҳам ташкил қилинганини айтишди. Карантин пайтида қийналган аҳоли учун туманларда шундай имконият бўлса, ОАВ орқали ташвиқот қилиш ёки туман марказларига телефон рақамлари ёзилган баннерлар илиш мумкин-ку? Ҳозир туманларнинг қийналган аҳолиси ҳам 1197 рақамига қўнғироқ қилишга уриняпти холос.

Биз аҳоли мурожаатларига кўра, водийнинг уч вилоятидаги ҳолат билан танишдик. Навбатда эса бошқа ҳудудлар турибди.

Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров

Мавзуга оид