Спорт | 22:02 / 25.04.2020
20952
2 дақиқада ўқилади

Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси пневмония билан оғригани хабар қилинди

Фото: Дарья ИСАЕВА/"СЭ"

UFC бўйича мутлақ жаҳон чемпиони россиялик Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси Абдулманноп Нурмагомедов касалхонага ётқизилди. У пневмония билан оғриган. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар қилмоқда.

«У бетоб бўлиб қолди. Пневмония бўлиши мумкин дейишяпти. Анализ натижалари аниқ эмас. У икки кун оёқда турди, бугун эса Маҳачқалъадаги касалхонага ётқизилди», деб шарҳловчи Рамазан Рабадановнинг сўзларини келтирмоқда ТАСС. Бошловчи UFC чемпионининг отаси билан дўст экани айтилади.

Хабарда самбо ва UFC бўйича мураббий сифатида фаолият олиб борадиган Абдулманноп Нурмагомедов 2019 йил юрак операциясини ўтказгани эслатилган.

Рамазан Рабаданов Ҳабиб Нурмагомедовнинг амакиваччаси ва жамоадоши Шамиль Завуров ҳам бетоб экани, у ҳам пневмония билан оғриган бўлиши мумкинлигини айтган. Завуров ММА жангчилари орасида машҳур ва у профессионал фаолиятида 45 марта октагонга кўтарилиб, 38 марта ғалаба қозонган.

Кейинроқ Абдулманноп Нурмагомедовнинг қонидан коронавирус чиқмагани, унга оддий пневмония ташхиси қўйилгани аниқ бўлди.

Маълумот учун, коронавирус одам организмида ўткир пневмонияни келтириб чиқаради ва шу сабаб пневмония билан оғриганлар тезда жиддий назоратга олинмоқда.

Мавзуга оид