Карантиндан кейин – вакцина топилгунча. Шу оралиқ даврда бизни қандай ҳаёт кутмоқда?
Эпидемиология, биостатистика ва педиатрия фанлари бўйича Калифорния университети профессори Дэвид Кеслер The New York Times нашрида эълон қилинган мақоласида карантин тугагач, то коронавирусга қарши вакцина топилмагунга қадар, ижтимоий муносабатлар қандай бўлиши кераклиги тўғрисида сўз юритади.
Ҳаммаси эски ҳолига қайтиши мумкинми?
Ҳамма ҳозир ўз юртида ҳаёт изига қайтишини ва яна имкон қадар тезроқ ишга, ўқишга боришни хоҳламоқда.
Аммо карантин бекор қилинганидан кейин ҳам, вирус ўзи ташувчи эканини билмаган одамлар орқали бошқаларга юқаверади.
Биз битта фактни тан олишимиз керак: эски ҳаёт тарзига қайтиш ўта секин ва ёқимсиз бўлиши мумкин. Эҳтимол, бунинг учун кўп вақт ва катта сабр талаб этилар.
Вакцинага эга бўлмагунимизча тўлиқ эркин бўлмаслигимиз аниқ. Хўш, шундай экан, биз бу шароитда қандай қилиб хавфсиз ҳаракатланишимиз мумкин?
Жоржия штати университетининг Герардо Ковель бошчилигидаги эпидемиологлари фикрича, инсонлар ўзларининг ижтимоий муносабатларини коронавирус тарқалмасдан олдинги вазиятга қараганда 65 фоизга қисқартиришлари зарур.
Мазкур университет эпидемиологлари шундай йўл тутилса, вирус ҳар сафар битта камроқ одамга юқишига ишонишади. Уларнинг ҳисоблашича, ижтимоий муносабатларни қисқартириш – вирус юқиши кўрсаткичининг пасайишига, ҳолатни назоратда ушлаб туришга ёрдам беради.
Бунга эришиш учун жамиятда умумқабул қилинган нормалар ҳам ўзгариши, одамлар бошқалар билан мулоқот чекланишига ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишга кўникишлари зарур. Яъни одамлар нафақат ўз атрофидаги оиласи, дўстлари, ҳамкасблари учун, балки бутун жамият олдида масъулиятли эканини ҳам сезиши керак.
Қандай қилиб?
Масалан, агар иш шароитимиз имкон берса, одамлар билан алоқаларимизни учдан икки қисмга қисқартиришимиз зарур. Бу қисқартириш уйда бажариш мумкин бўлган вазифаларни офисга бормасдан қилишни назарда тутади. Айримларимиз эса уйда масофадан ишлашни давом эттириш орқали бундан-да кўпроқ ижтимоий муносабатларни қисқартиришга эришишимиз мумкин.
Бундан ташқари, кўчага чиққанда ниқоб тақиш, масофани сақлаш, жамоат транспорти ёки дўконларга кирганда қўлқоп тақиш ва қўлни тез-тез ювиш кабиларга эътиборли бўлишимиз керак. Одамлар билан доимий мулоқотда бўладиган касб эгалари, мисол учун, ҳисобчилар ҳимоя кийимларида бўлиши, шамоллаш аломатлари бор ходимларнинг ишга чиқиши чекланиши зарур.
Шунингдек, бундан буёғига автобус, метро, поезд ёки самолётларда тиқилинч юзага келишига йўл қўйиб бўлмайди. Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи компаниялар янги автобус, поезд ёки самолёт сотиб олиш учун давлатдан субсидия ажратишни сўраши, шу орқали битта жамоат транспортидаги йўловчилар сонини камайтиришга эришиши зарур бўлади.
Ҳар бир қатновда транспорт воситасининг тозалиги алоҳида назоратда бўлиши, учувчи ва ҳайдовчилар ниқобларда бўлиши керак.
Ҳаммаси босқичма-босқич бўлиши керак
Дунёни очиш босқичма-босқич бўлиши керак. Бизнес эгалари иш жойида турли йўллар билан одамларнинг ўзаро алоқада бўлишини қисқартириш ҳақида ўйлаб кўриши зарур. Уйдан ишлаш имкони борларнинг эса масофадан ишлашда давом этавергани маъқул.
Ишчилар оралиқ масофаси кенгайиши, мажлислар онлайн ёки чекланган сонли одамлар билан ўтказилиши керак. Бундан ташқари, одамларнинг бир жойга кўп тўпланиши ва ўта муҳим бўлмаган бизнес сафарларга чеклов қўйган маъқул.
Агар ҳаммаси муваффақиятли бориб, вирус тарқалиш тезлиги пасайса, янги нормал ҳаёт тарзини кенгайтириб бориш мумкин. Овқатланиш жойлари ҳам агар ходимлари ва мижозларига ижтимоий масофа сақлаш имкониятини яратиб бера олса, қайта очилиши, янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаса, спорт заллар, театрлар, концертлар масофа сақлаш тамойили асосида ишлаши мумкин.
Минглаб эмас, миллионлаб тестлар керак
Янги дунёга қадам қўйишдан олдин янги тест қилиш системаси ҳам ўз ўрнига қўйилган бўлиши керак. Бунда ҳозиргидек кунига юз минглаб эмас, балки миллионлаб одамларни тест қилишимизга тўғри келади. Кўплаб лаборатория биноларининг барча керакли жиҳозлари шай туриши ҳисобига, бунга эришиш имкони бор.
Тестлар натижаларига қараб, қайси ҳудудларда яна кўпроқ тест ўтказиш кераклигини белгилаб олиш зарур.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаси инфруструктураси етарли даражада талабга жавоб бера олиши лозим. Хусусий сектор эса тиббиёт ходимлари ва бошқа барча зарурати бўлган одамларга шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқариш учун худди уруш давридагидек етарлича қўллаб-қувватланиши керак.
Гап шундаки, биз кўчага чиқишдан олдин коронавирус тарқалиши назорат остида эканига, етарли шифохона, интенсив даволаш тизими, сунъий нафас бериш аппаратларига эга эканимизга ишонишимиз зарур.
Ва ниҳоят, хавфсиз ва самарали вакцина топилганида, буларнинг барчасидан қутуламиз. Унгача эса барчаси ўзимизни қандай тутишимизга боғлиқ.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024