«Уйимиз олов ичида» — Грета Тунберг инсониятни огоҳликка чорлашда давом этмоқда
Швециялик ёш экофаол Грета Тунберг асос солган иқлим ўзгаришига қарши кураш ташкилоти 22 апрель – Халқаро Ер куни муносабати билан кичик фильм суръатга олди. Фильмда уйида алангаланаётган гулханга эътиборсиз тарзда одатий ҳаёт кечираётган, тонгда болаларини ўқишга кузатаётган оила тасвирланади.
Фильм пандемия туфайли бошқа муаммоларга чалғиган инсонлар эътиборини иқлим ўзгариши муаммоларига қаратиш учун тайёрланган.
Жаҳон иқтисодий форуми фильмга Грета Тунбергнинг 2019 йилги Давос форумидаги нутқини қўшди.
«– Уйимиз олов ичида. Ва мен шу ерда туриб, уйимиз ёнаётганини айтяпман. Иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш – инсоният юз тутган энг муҳим ва энг қийин муаммо.
Катталар ёш авлодга умид беришаётганини айтишмоқда. Бироқ менга сизнинг умидингиз керак эмас. Мен умидвор бўлишни эмас, сизнинг ҳам хавотир олишингизни хоҳлайман. Мен ўзим ҳар куни ҳис қилаётган қўрқувни сиз ҳам ҳис қилишингизни хоҳлайман.
Ва ҳаракат қилишингизни хоҳлайман. Ўзингизни худди инқироздан чиқиш учун ҳаракат қилгандай тутишингизни истайман. Уйингиз олов ичида қолгандек ҳаракат қилишингизни хоҳлайман», – дея Давосда нутқ сўзлаган Гретанинг мазкур мурожаати фильмга қўшилган.
Халқаро Ер кунида 17 ёшли Грета Тунберг барқарор тараққиёт масалалари бўйича халқаро даражада тан олинган профессор Жоҳан Рокструм билан онлайн тарзда суҳбатлашган.
The Guardian нашрининг ёзишича, бу суҳбатда Грета коронавирус пандемиясидан сўнг одамлар «янги йўл»дан юриши кераклигини айтиб, ўзи аввалроқ айтганидек, жамият барқарор эмаслигини таъкидлаган.
Швецариялик ёш иқлим фаолининг сўзларига кўра, COVID-19`га нисбатан глобал миқёсда кўрсатилаётган реакция агар одамзод бирлашса ва олимларнинг сўзига кирса, ўзгаришлар қандай тез содир бўлишини кўрсатиб берди.
Грета иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам худди мана шундай принципда курашилиши керак, деб ҳисоблайди.
«Биз хоҳлаймизми ёки йўқ, яшаб турган дунёмиз бундан атиги бир неча ой олдингидан ҳам фарқ қилади. Балки энди ҳеч қачон олдингидай бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун биз ўзимизга янги йўл танлашимиз керак.
Агар кичик бир вирус бир неча ҳафтада иқтисодиётларимизни издан чиқариб юборган экан, демак, бу бизнинг узоқ келажакка доир хавфларни ҳисобга олмаслигимизни кўрсатади», – дейди Грета Ер кунининг 50 йиллик юбилейидаги онлайн мулоқотда.
Унинг суҳбатдоши, ер системаси бўйича олим – Постдам университети директори Жоҳан Рокструмнинг фикрига қараганда, пандемия ва экологик инқироз ўртасида кучли боғлиқлик бор.
Масалан, ўрмонлар кесилиши ва ёввойи ҳайвонлар савдоси вирусларнинг тур чегарасидан чиқиб кетиши эҳтимолини кучайтирган, ҳаво ифлосланиши эса нафас респираторларининг кучсизлашига, оқибатда эса, инсониятнинг заифлашишига сабаб бўлган. Ҳаво йўллари орқали саёҳатга кенг миқёсда рухсат берилиши эса вируснинг тезроқ тарқалишига йўл очиб берган.
«Илмий фактлар буларнинг бир нарса эканлигини ва бир хил инқироз қисмлари эканлигини кўрсатди», – дейди Жоҳан.
Иккала эколог – Жоҳан Рокструм ва Грета Тунберг ҳам пандемиядан дарс олган ҳукуматлар олимларнинг сўзларига кўпроқ қулоқ солишлари керак, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, швециялик 17 яшар экология фаоли Грета Тунберг 2019 йилда Time журнали томонидан жаҳонда «Йил одами» сифатида тан олинган эди. Бундан ташқари, швециялик қиз Time журнали тузган 1920 йилдан кейинги даврда тарих силсиласига сезиларли таъсир кўрсатган 100 нафар хотин-қизлар рўйхатига ҳам киритилганди.
Мавзуга оид
22:15 / 04.09.2024
Грета Тунберг Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказилган норозилик акциясида ҳибсга олинди
08:52 / 09.05.2024
Грета Тунберг Швеция парламенти олдида намойиш ўтказгани учун жаримага тортилди
13:42 / 13.03.2024
Грета Тунберг Швеция парламенти олдидаги акциядан четлаштирилди
20:05 / 06.12.2023