Ўзбекистонга келган хитойлик мутахассислар коронавирус бўйича қандай тавсиялар беришмоқда?
Консультантлар карантин ҳудудларидаги хоналарда вентиляция йўлларини вақтинча ёпиш, хоналарни фақат дераза орқали шамоллатишни маслаҳат берди. Шунингдек, Фарғонада даволанаётган, бир ойдан буён коронавирусдан тўла соғайиб кетмаган 32 ёшли бемор ҳамда вирус юқтирган онанинг боласини эмизиши масалаларида ҳам ўз тавсиялари билан ўртоқлашишди.
17 апрель куни хитойлик консультантлар ва тиббиёт ходимларидан иборат 15 кишилик гуруҳ Ўзбекистонга келган эди. Гуруҳ таркибидаги 9 нафар мутахассис 20-21 апрель кунлари Фарғона вилоятида бўлди.
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ташриф тафсилотларини маълум қилди.
Қайд этилишича, меҳмонларни Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров ва бошқа мутасадди раҳбарлар тантанали тарзда кутиб олишган.
Дастлаб вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси конференция залида хитойлик мутахассислар билан мулоқот ўтказилди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров меҳмонларга коронавирус пендемияси билан боғлиқ Фарғона вилоятидаги мавжуд вазият, карантин ва даволаш-профилактика чоралари ҳақида тўлиқ маълумот берди.
Шундан сўнг Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари ва хитойлик мутахассислар ўртасида онлайн видеосуҳбат ўтказилди.
Мулоқот жараёнида фарғоналик шифокорлар COVID-19 аниқланган беморларни даволаш масаласида хитойлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашди. Хитойлик мутахассислар эса ўз тажрибаларидан келиб чиқиб зарур тавсияларни беришди.
Масалан, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори С.Боййигитов қуйидагича савол билан мурожаат қилди:
«1988 йилда туғилган аёл 20 март куни COVID-19 аниқланиб шифохонамизга ётқизилган. Унга вирус ва инфекцияга қарши барча зарур даво муолажалари стандарт асосида олиб борилмоқда. Бемор ўзини яхши ҳис қилади, унда касалликнинг клиник белгилари ва бошқа асоратлари сезилгани йўқ. Аммо орадан бир ой вақт ўтса-да, бемордан олинган қон таҳлиллари натижаси мусбат чиқмоқда.
Хитойда ҳам шу каби ҳолат учраганми? Учраган бўлса қандай даво чоралари кўрилган?»
Бу саволга жавобан хитойлик мутахассисларнинг маълум қилишича, Уҳан тажрибасида ҳам бундай ҳолат учраган, баъзида вирус касалланган одам қонида 50 кунгача ҳам сақланиб туриши мумкин. Хорижлик мутахассислар бу бемор шифохонада яна бир неча кун ётиб даволаниши зарурлигини тавсия қилишди.
Шунингдек, фарғоналик мутахассисларнинг «Агар эмизикли аёл ва унинг чақалоғида вирус аниқланган бўлса, чақалоқ онасининг кўкрак сутидан озиқланиши хавфли эмасми? Хитойда бу борада қандай йўл тутилмоқда?» деган саволларига хитойлик консультантлар: «Она шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда чақалоғини эмизишда давом этса бўлади», деган мазмунда жавоб қайтаришди.
Шундан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали мажлислар залида хитойлик мутахассислар ва фарғоналик шифокорлар иштирокида «Шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш» мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди.
Маҳорат дарси жараёнида хитойлик шифокорлар шахсий ҳимоя кийимларини тўғри кийиш ва ечиш, беморларнинг олдида қандай ҳаракатланиш зарурлиги ҳақида кўргазмали машғулот ҳам намойиш қилишди.
21 апрель куни хитойлик шифокорлар бир қатор вилоят даволаш профилактика муассасаларида ташкил этилган захира карантин марказида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Меҳмонлар бу ердаги шароитга ижобий баҳо бериб, ўз тажрибаларидан келиб чиқиб бир қатор тавсияларни ҳам берди. Масалан, хоналардаги ҳавони тозалаб турувчи ҳаво йўлларини вақтинчага ёпиб қўйиш ҳисобига вирус тарқалишининг олдини олиш мумкинлиги, хонани эса фақат деразаларни очиш орқали шамоллатиш кераклиги бўйича фикрлар билдирилди. Чунки Хитой тажрибасида бир хонада ётган бемор одам нафас олганида чиққан вируслар ҳаво йўли орқали юқори қаватдаги бошқа соғлом беморга юқиш ҳолати ҳам учраганини айтишди.
Шунингдек, дезинфекция борасида ҳам муҳим тавсиялар берилди.
Мавзуга оид
17:30 / 28.12.2024
“Бир ўлимдан қолган қизалоқ”: Фарғонада энагага топширилган бола ўласи қилиб калтакланди
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024