Жаҳон | 00:34 / 27.04.2020
53953
2 дақиқада ўқилади

«Жарроҳнинг қўллари қалтираган»: Ким Чен Инда ўтказилган жарроҳлик амалиёти тафсилотлари пайдо бўлди  

Япониянинг “Сюкан Гэндай” нашри Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўтказган жарроҳлик амалиёти тафсилотлари келтирилган мақолани эълон қилди.

Мақола муаллифи Хитой тиббий доираларидаги манбага таяниб, Ким Чен Инни операция қилган жарроҳ жуда асабийлашганини, унинг қўллари қалтирагани ва шу сабабли операция бир дақиқа ўрнига 8 дақиқага чўзилиб кетганини маълум қилган. 

“Шимолий Корея раиси Ким Чен Ин ҳудудлардан бирини кўздан кечираётганда тўсатдан юрагини ушлаб қолиб, йиқилиб тушган. Унга ҳамроҳлик қилган шифокорлар шошилинчда юрак массажи ўтказиб, уни яқин орадаги тиббий ёрдам бўлимига етказишган”, дейилган мақолада.

Манбанинг таъкидлашича, Шимолий Корея томони шундан кейин Хитойдан зудлик билан ёрдам сўраган. Хитой бунга жавобан Пекиндан 50 га яқин шифокордан иборат гуруҳни махсус бортда Пхеньянга жўнатган.

“Бироқ шимолий кореялик шифокорлар хитойлик тиббиётчиларни кутишса, бемор омон қолмайди, деб ҳисоблаб, ўзлари юракка стент ўрнатиш бўйича шошилинч операцияни ўтказишга қарор қилишган”, деб таъкидлаб ўтган манба. 

Таъкидланишича, стентлаш бўйича операция унча мураккаб ҳисобланмайди ва “стентни юракнинг бош қон томирига ўрнатиш тахминан бир дақиқа вақт олади”.

“Бироқ операцияни ўтказган жарроҳ кучли асабийлашган, унинг қўллари қалтираган. Унда семиз беморларда бундай операциялар ўтказиш тажрибаси бўлмаган. Шу сабабли стентни ўрнатишга 8 дақиқа вақт кетган”, деб келтирган нашр хитойлик манба сўзларини.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг Daily NK нашри Ким Чен Ин юрак-томир тизими билан боғлиқ операциядан кейин даволаниш курсидан ўтаётганини маълум қилган. Шундан кейин АҚШнинг New York Post нашри Шимолий Корея етакчиси вафот этганини, япон нашри эса у операциядан кейин “вегетатив ҳолатда” эканини ёзган.

Мавзуга оид