Ўзбекистон | 13:10 / 28.04.2020
56981
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи бўлиши учун овоз беришди

Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Иттифоқда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди. 

Бугун, 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида кириши масаласини кўриб чиқишди.

Ушбу қарор бўйича йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатдан 86 нафари Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи бўлишини ёқлаган, 32 нафар депутат қарши бўлган, 14 нафари эса бетараф овоз беришган.

Регламентга кўра, энди Сенатнинг навбатдаги йиғилиши бу қарорни тасдиқлаши лозим.

Кейин Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИга иттифоқда кузатувчи мақомида иштирок этишни сўраб ариза топширади. Бу сўров тахминан бир ой ичида бўлиши кутилмоқда. 

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи чоғида Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида аъзолик ҳақида расман эълон қилинади.

Олдинроқ «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров партия Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб киришига қаршилигини билдирган эди. «Партия фракцияси иттифоққа аьзо мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни давом эттириш керак деб ҳисоблайди», деганди у.

Мавзуга оид