Жамият | 19:27 / 28.04.2020
53584
10 дақиқада ўқилади

«Энг яқин инсонларимни шу касаллик туфайли йўқотганман» – онколог шифокор билан суҳбат

Ўсма касалликлари – ўлимга олиб келиш бўйича юрак қон-томир тизими касалликларидан кейинги ўринда туради. Тиббиёт неча асрлардан буён курашиб келаётган онкологик касалликлар чуқур тадқиқотни талаб қилади, даволашда кичик янгилик ҳам жиддий қабул қилинади.

Бугунги суҳбатдошимиз – онколог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Дилшод Эгамбердиев. У билан соҳадаги янгиликлар, муаммолар ва уларнинг ечими, хориж тажрибаси ҳақида суҳбатлашдик.

– Дилшод, нега айнан онкология соҳасини танлагансиз?

– Энг яқин одамларимни шу касаллик туфайли йўқотганман, шунинг учун шу соҳани чуқур ўрганиб, имкон қадар кўпроқ беморларга ёрдам беришни ният қилганман. Ва умуман онкологик касалликлар шу қадар мураккабки, улар билан жиддий курашмаса бўлмаслигини англаб етганман.

Қолаверса, юртдошларимизнинг бу касалликларни олдини олишдаги ҳаракатлари кўнгилдагидек дея олмайман. Профилактика оқсаши билан бирга касалликнинг оғир босқичларигача мурожаат қилмасликлари соҳа ходимлари саъй-ҳаракатларининг самарасига путур етказади.

– Афсуски, юртимизда онкология ва трансплантологияга эҳтиёжи борлар минглаб, балки юз минглаб топилади. Kun.uz сайтига хайрия сўраб келганларнинг аксарияти ҳам буйрак, жигар каби ҳаётий муҳим аъзоларни даволаш ёки кўчириш учун Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга бориш истагини билдиришади. Жанубий Корея қисман тушунарли, лекин Ҳиндистон тиббиётининг муваффақияти сири фикрингизча нимада?

– Ҳиндистон тиббиётининг мувафаққияти сири, биринчидан, инсон омилида деб биламан. Ҳозир нафақат Ҳиндистонда, балки ривожланган аксари давлатлардаги етакчи шифокорларнинг кўпчилиги ҳинд шифокорлари ҳисобланади. Ҳинд талабаларининг аксарият қисми ўз давлатида ва камчилик вакиллари хорижий тиббиёт университетларида ниҳоятда тиришқоқлик билан ўқишади. Халқаро даражада рақобатбардошлари дунёнинг энг илғор клиникаларидан яхши иш топишади.

Ҳиндистонда ҳам ғарб давлатлари каби тиббиётда ўқиш жуда қиммат ва узоқ вақт талаб қилади. Ҳиндистонлик шифокор ҳамкасбимизнинг айтишича, аксари шифокорлар ўртаҳол оилалардан чиқар экан. Оиланинг барча аъзолари ишлаб пул топиб, тиббиётда ўқиётган бир талабанинг ўқишини таъминлашар экан ва у келажакда етук шифокор бўлиб, бутун оилани қўллаб қувватлар экан.

Иккинчидан, хусусий тиббиётнинг ривожлангани. Ҳиндистон, Жанубий Корея ёки бошқа тиббиёти ривожланган давлатлар рейтингини кузатсангиз, барча топ-клиникалар хусусийдир. Хусусий клиникалар энг илғор тиббий технологияларни ва рейтинги юқори шифокорларни жалб қилиб, даволаш натижаларининг яхши бўлишига ва шу билан бирга ўз даромадини оширишга эришмоқда.

Ҳиндистон чет элда ишлаётган, рейтинги юқори ҳинд шифокорларининг ўз ватанига қайтиб, хусусий тиббиёт ривожланишига шароит яратди. Бунинг натижасида эса ҳозирда Ҳиндистон тиббиёти Осиё, Марказий Осиё ва Африка давлатлари учун ўрнак бўларли даражага етди.

Ўзбекистонда ҳам президентимиз ташаббуси билан хусусий тиббиётнинг ривожланиши жадал тус олди. Илк бор хусусий шифохоналарга онкологик касалликларни даволашга рухсат берилди. Ҳозир кўпгина хусусий шифохоналар бу борада жуда яхши иш бошлашди.

Учинчидан, нафақат Ҳиндистон, балки барчи тиббиёти ривожланган давлатларнинг муваффақияти бу – тиббий суғуртанинг йўлга қўйилгани, деб ҳисоблайман. Тиббий суғурта бемор учун юқори сифатли тиббиётни ва шифохона учун юқори даражадаги тиббий таъминотни таъминлаб беради.

Мамлакатимизда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги экспертлари ЖССТ билан ҳамкорликда бу борада жуда муҳим концепция тўғрисида иш олиб боришмоқда. Ўзим ҳам бу борада онкология соҳаси бўйича ишчи гуруҳ аъзосиман.

– Суҳбатимизнинг асл мақсадига, кўпчилик ўйлаб турган саволга келдик. Бу соҳада Ўзбекистон тиббиётини қандай истиқболлар кутмоқда? Биз лоақал (балки орзудаги) Ҳиндистон даражасига етишимиз учун қайси муаммоларни ечишимиз керак?

– Ўзбекистон тиббиёти Марказий Осиё ҳудудида янги даражадаги лидер мавқейини олиши мумкин. Бунинг учун асосий омил – инсон омилини ривожлантиришимиз керак.

Президентимизга ташаккур айтамиз, охирги 3 йилдан буён тиббиёт ходимларини тиббиёти ривожланган чет элда қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш тизими йўлга қўйилди, чет эл билан ҳамкорликда хусусий тиббиёт университетлари ташкил қилинмоқда. Инсон омилини ривожлантириш – тиббиёт ходимларининг ўз қўлларида; бу борада барча тиббиёт ходимларни имкон қадар дунёнинг ривожланган давлатларидаги узоқ муддатли (1-3 йил) малака оширишга чорлаб қолардим.

Инглиз тилини тиббий мулоқот даражасида билмайдиган аксарият тиббиёт ходимлари МДҲ давлатларида малака оширишни лозим кўришади. Лекин бу давлатлар биздан жуда олдинга ўтиб кетишмаган.

Яратилган имкониятдан фойдаланиб, 2019 йил Корея Миллий саратон марказида узоқ муддатли малака оширишда бўлдим ва бу тренинг менга ҳақиқатдан ҳам далилларга асосланган (evidence-based) замонавий тиббий технологияларни ўрганиш имконини берди. Замонавий тиббий техника, технологиялар ва дори воситаларни билган, уларни ишлатиб кўрган мутахассисгина хоҳ давлат, хоҳ хусусий шифохона учун далилларга асосланган шундай технологияларни йўлга қўя олади.

Бу – менинг фикримча, ечишимиз керак бўлган биринчи муаммо.

Иккинчи муаммо – мажбурий тиббий суғурта тизимини яратиш ва йўлга қўйиш. Бу борада Жанубий Кореядан халқаро эксперт жалб қилинган, лекин жамоат соғлиқни сақлаш тизимида халқаро даражадаги миллий экспертларимиз бўлиши ҳам муҳим.

Иккинчи муаммонинг ечилиши билан учинчи муаммо – хусусий тиббиёт муаммосининг ечилишига, яъни ривожланишига эришилади. Давлат шифохоналарида эса замонавий менежмент ва маркетинг тизимини йўлга қўйилиши – манфаатдорликни ошириш зарур.

Халқаро даражадаги рақобатбардош клиникалар ташкил топиши, уларни халқаро аккредитация ва сертификацияларни (JCI каби) олиши лоақал (балки сиз айтгандай орзудаги) Ҳиндистон даражасига етишимиз йўлидаги умумий муаммолардан муҳимлари деб биламан.

– Адашмасам, икки йил аввал академик Воҳидов номидаги клиникада ўзбек шифокорларининг жигар трансплантацияси амалга оширилгани тиббиётимизнинг катта ютуғи сифатида кенг ёритилди. Аммо кейинчалик бундай янгиликларни эшитмадик. Сиз вазиятдан бохабармисиз?

– В.Воҳидов номидаги РИЖИАТМда амалга оширилаётган жигар трансплантацияси ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидаги маълумотга эгаман.

Жигар трансплантацияси бутун дунёда катта муаммолардан бири ҳисобланади, буни Жанубий Кореяда шу соҳада малака ошириш давомида яхши англаб етдим. Муаммо тизимли ёндошувни талаб қилади – донор масаласи, унинг юридик жабҳалари, иммуносупрессив терапия протоколлари, замонавий технологиялар, бир марталик воситалар ва ҳоказо.

Билишимча, «Аъзо ва тўқималар трансплантацияси» тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиб, муҳокама босқичида. Ўйлайманки бу қонун қабул қилингандан кейин соҳа ривожланади ва беморларимизни чет элга боришларига ҳожат қолмайди.

– Бевосита соҳа вакили сифатида ойига ёки йилига нечта операция ўтказишни режалаштиргансиз ва режаларингиз қанчалик амалга ошмоқда?

– Айни вақтда амалий ва илмий фаолиятимни асосан жигар ўсмаларини даволашга қаратганман ва йилига 40-50та ҳар хил ҳажмдаги жигар амалиётларини амалга оширмоқдамиз.

Корея Миллий саратон марказида малака ошириб қайтгандан сўнг жигар амалиётларида бир нечта янгиликларни амалиётга татбиқ қилдим. Онкология тизимини ривожлантириш давлат дастури асосида ўз соҳамни ривожлантириш учун зарур замонавий тиббий ускуналар ва тиббий воситалар рўйхати шакллантирилди, жигар саратони амалиётида янги технологияларни йўлга қўйиш – яқин келажакдаги режаларимизда.

Озгина меҳнатларимиз эътиборга олингани ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси» ҳамда «Йилнинг энг яхши шифокори» мукофотларига лойиқ кўрилганим учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман.

– Трансплантологиядаги азалий баҳслардан бири – марҳумларнинг (айтайлик, бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганларнинг) аъзоларини олиш масаласи. Бу борада шахсан сизнинг фикрингиз қандай?

– LDLT (living donor liver transplantation), яъни яшаётган донордан жигар трансплантациясини маъқул деб биламан.

– Соҳа бўйича хориж билан ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилган?

– АҚШнинг Thomas E. Starzl трансплантология институти ва Европадан Варшава тиббиёт университети билан ҳамкорлик тўғрисида келишувларимиз бор. Корея Миллий саратон марказининг Жигар саратони маркази билан асосий ҳамкорлик йўлга қўйилган, мендан ташқари яна бир мутахассисимиз малака оширишда булди. Бошқа мутахассисларимиз – анестезиолог, амалиёт ҳамширалари, тиббий ҳамширалар, гепатологларни ҳам малака оширишини режалаштирганмиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Маълумот учун, Дилшод Эгамбердиев – 2003 йилда тиббиёт институтини тугатган, 2005 йилдан буён онкология соҳасида фаолият юритади.

Турли йилларда Сингапурнинг Johns Hopkins халқаро тиббиёт маркази, АҚШ Миллий саратон маркази, АҚШнинг Томас Жефферсон университети The Sidney Kimmel саратон маркази каби хорижий муассасаларда малака ошириб қайтган. 2018 йилда Европа Иттифоқининг Horizon 2020 халқаро гранти совриндори сифатида Португалиянинг Лиссабон университетида, 2019 йил эса Корея Миллий саратон марказининг Жигар саратони марказида малака оширишда бўлган.

АҚШ, Германия, Франция, Испания, Швейцария, Бразилия, Жанубий Корея, Сингапур каби мамлакатларда бир қатор халқаро мукофотларни қўлга киритган. 2019 йил Ўзбекистондаги «Йилнинг энг яхши шифокори» танловининг биринчи ўрин соҳиби, «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонига эга.

Мавзуга оид