Жаҳон | 17:22 / 28.04.2020
50889
18 дақиқада ўқилади

Супервулқонлар, коинот жисмлари ва иқлим ўзгариши: инсоният учун яна қандай таҳдидлар бор?

Инсониятнинг метеорит зарбасидан ҳалок бўлиш эҳтимоли қандай? Кучли вулқон отилиши ёки ўта янги юлдуз портлаши натижасида-чи? Оксфорд файласуфи Тоби Орднинг янги «Жар» (The Precipice: Existential Risk and the Future of Humanity) номли китобида шулар ҳақида сўз боради. Republic ундан парчалар келтирди.

40 ёшли муаллиф Оксфорд университетида рўйхатда туради, ЖССТ, Жаҳон банки, Бутунжаҳон иқтисодий форумига маслаҳатлар беради.

У бир неча йилдан буён инсоният олдида турган глобал масалаларни ўрганади. Ўзининг олдинги ишида у бутун жаҳондаги қашшоқликнинг этик муаммоларини ўрганган. Бунинг натижасида у ўзининг 10 фоиз даромадини жаҳондаги аҳволни яхшилашга хизмат қилаётган энг самарали хайрия фондларига ўтказиб боришга ваъда берган. Шу мақсадда у 4600 кишини бирлаштирган Giving What We Can ташкилотини тузган. Аъзолар аллақачон 126,7 миллион доллар хайрия қилишган ва умрлари давомида 1,5 миллиард доллар хайрия қилишга ваъда беришган.

Тоби Орд. Фото: tobyord.com

Унинг янги ўта муҳим мавзу — иши инсоният тури ўзига ўзи яратаётган экзистенциал таҳдидларни қандай енгиши мумкинлигига бағишланади, дейди «Сунъий интеллект: замонавий ёндашув» китоби муаллифи Стюарт Расселл. «Тоби Орд — бугунги Карл Саган. Унинг аниқ ва илҳомлантирувчи китоби инсониятнинг гуллаб-яшнаши учун умид уйғотади», — дейди НКО Foresight Institute асосчиларидан бири Кристин Петерсон.

Тоби Орднинг янги китоби. Фото: twitter.com/tobyordoxford

«Кўплаб инсонлар инсониятни нималар кутаётгани ҳақидаги китобларни ўқишни хоҳлаши яқинда ойдинлашди. Ювал Ной Ҳарарининг «Sapiens» китоби каби. Тоби Орднинг янги китоби бу жанрга ўз ҳиссасини қўшади ва бестселлер бўлиш учун арзийди», — деб ёзади Evening Standard тақризчиси.

Контекст

Ўз тарихида илк бор инсоният ўзини ўзи йўқ қилиб юбориш салоҳиятига эга бўлиб турибди, деб ёзади Тоби Орд. Инсониятнинг кейинги тараққий топиши билан бирга бу салоҳият ҳам оша боради. Ўз китобида у тик жарлик концепцияси — глобал ҳалокатлар олдида энг ожиз қолган инсоният тарихидаги даврни ўрганади.

Бу ҳолатда Орд инсониятнинг жонзот тури сифатида буюклигини шубҳа остига олмаган. Лекин биз ҳозир экзистенциал ҳалокатлардан ҳимояланиш ҳақида қайғурмас эканмиз, дейди у, бизнинг авлодларимиз миллионлаб ёки миллиардлаб йиллар яшай олмаслиги, улар (камида ҳозирча) сайёрамиздаги, балким бутун коинотдаги энг ақлли ва зукко тур вакиллари сифатида яшашлари мумкин.

1945 йилнинг 16 июли бутунжаҳон координациялашган вақти (UTC) билан соат 11:29да Жарлик даври бошланди. Бу — бутун инсоният тури ва бизнинг муваффақиятларимизни йўқ қилиб юбориши мумкин бўлган жаҳондаги илк атом бомбасининг синалган вақти. Лекин бу йўқотишнинг ягона йўли эмас. Яқин келажакда инсоният ўзи яратган экзистенциал таҳдидлар кенгайиб боради, мавжуд табиат таҳдидлари эса йўқолмасдан сақланиб туради. Келинг, бизга нималар таҳдид қилаётганини синчиклаб ўрганамиз.

⁠Тоби Орд олдимизда турган таҳдидларни уч тоифага бўлади: табиий, атнропоген (инсон қўли билан яратилган) ва бўлажак. Бу ҳолда мантиқан табиий деб аташ мумкин бўлган айрим таҳдидларнинг эҳтимоли инсоният фаолияти натижасида кескин ортади. Бундайларга, масалан, эпидемиялар киради ва келажакда улар жуда хавфли бўлиб бориши мумкин. Бўлажак таҳдидлар деганда Орд бугун мавжуд бўлиши мумкин эмас, бироқ эртага уларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли борларини тушунади. Улар ҳақида футурологлар бош қотиришмоқда.

1. Табиий таҳдидлар

Сайёрадаги ҳаётни дўзахга айлантириш учун нисбатан кичикроқ метеорит етарли. Диаметри 10 км бўлган, Ерга саотига 60 минг км тезликда келиб урилган коинот жисми динозаврларни қириб юборган деб келинмоқда. Тўқнашув натижасида Ҳирошимага ташланган бомбанинг 10 миллиардтасига тенг энергия ажралиб чиққан. 1000 км радиусдаги борлиқ иссиқликдан ўлган, тўқнашув натижасида чанг ва парчалар атмосферага кўтарилиб, сайёрани қора булут қоплаб олган. Қуёш нурлари улардан ўта олмасди, шунинг учун Ер юзаси совиб кетган. Сайёра биохилма-хиллигининг тўртдан уч қисми тез орада йўқлик сари юз тутган, жумладан ўша пайтдаги «етакчи» турлар ҳам. Инсоният ҳам шундай тақдирга дучор бўлиши мумкин.

Бугун астрономлар яқин коинотдаги деярли барча астероидларнинг ҳаракатини назорат остига олишган. Уларни уч тоифага бўлиш мумкин. Диаметри 10 километрдан ортиқ бўлганларини оммавий қирилишга олиб келувчи ўта хавфлилари деб билишади. Диаметри 100–150 м бўлганлари ҳам ҳам потенциал хавфли саналади.

 

Коинотдан келадиган чақирилмаган меҳмонлардан нечоғлик ҳимояланганмиз?

Экзистенциал таҳдидларнинг бошқа бирортаси олимларнинг бу қадар эътиборини торта олмайди. Бу ерда ҳали кўп ишлаш керак. Кометаларнинг таҳдиди астероидлардан кам бўлмаган ҳаракат йўллари ҳам ҳали яхши ўрганилмаган. Бундан ташқари, таҳдид аниқлангач ундан ҳимояланиш усулларини ўйлаб топиш керак. Бу астероидларни вайрон қилиш ёки қайтариб юбориш усуллари бўлиши мумкин, тизим энди жуда кеч бўлмасдан аввалроқ тайёр бўлмоғи керак.

Астероидлар яхши ўрганилгани сабабли метеорит ёғилиши эҳтимолини ҳисоблаш мумкин. Бахтимизга бу асрда эҳтимол жуда кам: ўртача астероид учун 120 мингдан бир, йириги учун 150 миллиондан бир эҳтимол. Кейинги асрларда бу борада эҳтимоллар 1/6000 ва 1/1,5 млн бўлади.

Супервулқонлар отилиши

Суперотилишлар — сайёрамизда иқлим ўзгаришлари сабаб бўлувчи массивли вулқон отилишлари. Оддий вулқонлардан фарқи тоғ чўққисида кратер ҳосил бўлмайди, кальдера — ер сиртида кенг ўпирилишлар ҳосил бўлади. Ана шундай кальдерадан бири Суматрадаги Тоба супервулқонида жойлашган ва унинг майдони 2 минг квадрат километрга тенг.

АҚШдаги Йеллоустоун кальдераси.

Астероид ёки комета зарбаси каби супервулқон отилиши Ердаги ҳаётни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Вулқондан сўнг сайёрани чанг қоплаб олади, бунинг ортида ерда ҳарорат пасайиб кетади ва кўплаб жонзот турлари қирилишга маҳкум бўлади, жумладан, инсонлар ҳам. Агар «ўртача» супервулқон (8–9 балл қувватлиси) диаметри 1–10 км бўлган астероид билан тенг бўлса, Тоба каби вулқонларнинг отилишини бемалол экзистенциал ҳалокат деб аташ мумкин.

Суперотилишнинг эҳтимолини ҳисоблаб бўлмайди, чунки вулқонларни ҳам зилзила каби олдиндан айтиш иложсиз. Лекин уларнинг эҳтимоли метеорит зарбасидан кўра анча юқори: масалан ўртача супервулқонлар учун 1/200, йириклари учун 1/600 деб оламиз. Отилишларни олдиндан аниқ айтиб бера олмаслигимиз туфайли, реал таҳдид туғдирувчи бу таҳдидларни ўрганишга кўпроқ куч сарфлаш керак бўлади.

Юлдузларнинг портлаши

Юлдуз ичида икки кучнинг доимий кураши кечади — юлдуз моддасини сиқишга ҳаракат қиладиган гравитация кучи, унга бундай қилишга қаршилик кўрсатадиган босим. Айрим юлдузларда тортишиш кучи эртами-кечми барибир ғолиб чиқади. Ўшанда юлдузнинг коллапси бошланади. Юлдуз моддаси тезда янгидан янги сиқилиш кучлари тўлқинини ҳосил қилганча ўта зич ҳолатга ўтади ва улар юлдузни портлашга мажбур қилади. Юлдуз ўта янги юлдузга айланади.

Портлаш чоғида юлдузлар қарама-қарши тарафга гамма нурланишнинг ингичка тарамларини ажратади — бу ҳодиса гамма чайқалиш деб ном олган. Улар биринчи навбатда Ерга хавф туғдиради. Ўта янги юлдузнинг Қуёш тизими яқинида пайдо бўлиши ва биз томон йўналган гамма чайқалиш фалокатли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Ўта янги юлдуз

Коинот нурларининг ўзи атмосферадан ўтиб Ер сиртига етиб кела олмайди, лекин атмосферадан хавфли реакциялар вужудга келтириши мумкин. Гамма нурларнинг азот оксидлар пайдо қилиш хусусияти энг катта хавф туғдиради. Бу оксидлар сайёрамиз атмосферани ўзгартириб, озон қатламига зарар етказиши мумкин, бунинг оқибатида биз коинот нурларидан ҳимоясиз қоламиз.

Олимларнинг ҳисоблашича, озон қатламининг 30 фоизга йўқолишини экзистенциал фалокат ўлароқ баҳолаш мумкин. Бундай ҳодисаларнинг эҳтимоли юқорида саналганлардан кўра пастроқ: яқиндаги ўта янги юлдузнинг портлаши 5 миллиондан бир, гамма чайқалишларнинг таъсири 2,5 миллиондан бирга тенг. Астероидлар билан бўлгани каби, осмондан таҳдидларни ахтара туриб, бу ҳодиса эҳтимолини ҳам жорий аср учун ҳисоблаб қўявериш мумкин. Бунинг учун 100 ёруғлик йили масофасида потенциал ўта янги юлдузларни каталоглашни бошлаш керак.

Айрим бошқа таҳдидлар бизга минглаб, миллионлаб йиллар давомида хавф солиши мумкин. Масалан, Қуёшнинг сўниб қолиши, глобал совиб кетиш, янги муз даври) ёки турли эволюцион сценарийлар: инсониятнинг деградацияга учраши ёки унинг бошқа турга трансформация бўлиши.

Ҳар қандай ҳолатда инсоният табиий таҳдидларни кузатиб бориши керак. Ҳозирча астероид таҳдиди яхшилаб ўрганилган бўлиб турибди, шунинг учун бошқа таҳдидлар бўйича ҳам билимларни ўша даражага чиқариб олиш керак.

2. Антропоген таҳдидлар

Совуқ уруш даврида дунё бир неча марта ядро уруши остонасига келиб қолди. Кариб инқирози — жуда машҳур, бироқ ягона ҳолат эмас. АҚШнинг ҳам, СССРнинг ҳам тарихида бир неча мураккаб ядровий тревогалар бўлган, фақатгина масъулларнинг ақл билан иш кўришигина ракета зарбалари билан алмашинишдан сақлаб қолган.

Бугун аҳвол бирмунча яхшироқ, лекин ядро қуроллари ҳануз юқори ҳарбий тайёргарлик ҳолатида турибди, уларни ишга тушириш учун дақиқалар етарли. Қолаверса, дунё аллақачон кўп қутбли бўлишга улгурган, КХДР каби янги уруш бошловчилар пайдо бўлган. Хўш, ядро қуролларининг таҳдиди нимада?

Биринчиси — радиоактив ёмғирлар. Назарияга кўра, кўп миқдордаги ядровий портлашлар атмосферада бутун сайёрани қоплаб олувчи заррачалар тўпланишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатда ҳар бир ҳудуд зарарланади, оқибатда ҳалокатли ўлим ва касалланиш ҳолатлари кузатилади.

Бахтга кўра, бунинг учун бугунги кундаги ядровий арсеналларнинг ўн карраси керак бўлади. Ифлос бомбалар деб аталувчи бомбалардан фойдаланиш, жумладан, фаразий кобальт бомбалари ҳам бу хавфни каррасига орттиради, бироқ уларни ишлаб чиқариш жуда мураккаб, шунинг учун ушбу сценарийни эҳтимоли пастлар сирасига киритиш мумкин.

Ядровий қиш сценарийсига эса жуда жиддий қараш керак. Ҳужумга учраган шаҳарлардаги оловли уюрлар стратосферага йўл оладиган чанг ва тутундан иборат қуюн устунларини кўтаради. Бундай баландликда улар ёмғир билан қайтиб туша олмади ва шу сабабдан номаълум муддатгача самода туради. Ядровий зарбалар бот-бот такрорланганида бундай булут билан бутун Ер шарини қоплаб олиб, Қуёшни кўринмайдиган қилиб қўйиш мумкин. Бунинг оқибатида келадиган узоқ қиш туфайли қишлоқ хўжалиги экинлари нобуд бўлади, миллиардлаб инсонлар очликдан ўлади. Америкалик иқлимшунос ва ядровий қиш бўйича мутахассис Алан Робок 5 йил мобайнида ҳарорат 7 даражага тушиши, сўнг кейинги 10 йил мобайнида меъёрга қайтишини тахмин қилади.

Ядровий қиш

Ҳисобга олиш керакки, совуқ урушдан сўнг қурол-яроғлар сонининг кескин камайиши ядровий қиш эҳтимолига суст таъсир ўтказади. Робокнинг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зарбалар алмашинувига бағишланган тадқиқотига кўра, локал уруш ҳам шундай кенг миқёсли иқлим совиб кетишига олиб келиши мумкин.

Совуқ урушга қайтиш амалга ошириб бўлмас сценарий бўлиб кўринмаяпти, шу сабабли оқибатларни ўрганиб, ядровий қуроллар тўғрисидаги келишувлар, айниқса ўрта ва яқин масофаларга учирилувчи ракеталар тўғрисидаги барбод бўлган шартнома каби халқаро битимларни тиклаш керак.

Иқлим ўзгариши

Бугун жаҳон ўртача ҳароратининг ўзгаришлари саноатлашиш даврига нисбатан 1 даражага ошгани қайд этилган. Бу рақам ўсишда давом этмоқда. Иқлим ўзгаришлари об-ҳаво беқарорлиги, жаҳон океани сатҳини ошиши ва бошқа нохуш оқибатларни келтириб чиқаради.

Воқеалар ривожининг энг хавфли сценарийси — иссиқхона эффектининг назорат қилиб бўлмайдиган ўсиши (runaway greenhouse effect). Иссиқ ҳаво совуғидан кўра сув буғларининг атромосферада кўпроқ ушланиб туришига олиб келади. Сув буғлари эса, ўз навбатида, кучли парник газлари ҳисобланади ва ўзлари ҳам исишга таъсир ўтказади. Атмосферада буғлар борган сари кўпая боради, сиртмоқ ҳосил бўлади ва унда эффект чексиз равишда оша боради.

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, Ер сиртини Қуёш янада қаттиқроқ қиздириши ҳам бўлиши мумкин (Венера сайёрасида шундай бўлганга ўхшайди). Лекин олимлар бу эффектни фақат инсоннинг саъй-ҳаракатлари вужудга келтира олмайди, деган фикрда. Муқобил сценарийга кўра, океанлар парланиб бўлгач (албатта бу, сайёрадаги кўплаб жонзотлар учун ҳалокатли) ҳарорат ўсишдан тўхтайди, лекин унинг эҳтимоли ҳам шубҳали.

Биз ҳозирча ҳарорат ошганида нималар рўй беришини аниқ билмаймиз. Балким табиий музликларда қамалиб қолган табиий углерод ва метаннинг сизиб чиқиши кузатилар, бу ҳам ҳароратнинг янада исишига олиб келади. Хавфни баҳолаш учун бу соҳада янада кенгроқ тадқиқотлар олиб борилиши керак.

Бўлажак таҳдидлар

Муаллиф пандемияларни ҳам бунга киритишмоқда. Унинг ишонтиришича, келгусида уларнинг таҳдиди ортиб боради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бугунги кунда эпидемияларнинг ҳайвонлардан ўсимликларга ўтиш эҳтимоли ошмоқда. Сўнгги йигирма йил ичида биз тўртта йирик эпидемияга гувоҳ бўлиб турибмиз: SARS, чўчқа ва парранда гриппи ҳамда Covid-19 келтириб чиқарувчи ҳозирги SARS-CoV-2. Бу ҳайвонлар билан яқин контактлар ошгани туфайли рўй бермоқда. Табиатда мавжуд вируслардан ташқари яна бир таҳдид бор: лабораторияда яратилган вируслар. Бу ерда бирини иккинчисидан ажратиш мумкин эмас, чунки кўпинча лабораторияларда мавжуд табиий вируслар устида тажрибалар ўтказилади ёки янгиси яратилади.

ДНКни секвенирлаш арзонлашгани сайин бу хавф ортиб бормоқда. Вирус ўлдирувчи воситага айланиши учун айнан ҳарбий мақсадда яратилган бўлиши шарт эмас: шунчаки йирик лабораториядан эҳтиётсизлик оқибатида чиқиб кетса бас. Биологик қурол ҳам алоҳида таҳдид туғдиради. Глобаллашган дунё шароитида эпидемия бир зумда локалдан глобал ҳодисага айланади (Бунга барчамиз ҳозир гувоҳмиз).

SARS-CoV-2 пандемияси

Жаҳонда ҳозирча биологик таҳдидга нисбатан таъсирли қуроллар йўқ. Бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қуролларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва тўплашни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги 1972 йилги конвенция иш бермаяпти. Чунки СССРда ҳам, АҚШда ҳам бундай қуроллар концвенция имзоланганидан кейин ҳам яратилганини тасдиқловчи далиллар бор. Назорат учун кучли халқаро ташкилот керак бўлади. Унга эса ҳали асос солиш лозим.

Нодўстона сунъий интеллект

Таажжубли кўриниши мумкин, лекин у Тоби Орд учун бош таҳдид экан. Агар сунъий интеллект кўп жабҳаларда биздан ўзса, у бизнинг туримизни йўқотишга хизмат қилмаса ҳам, бизнинг мавжудлигимизда маъни қолмайди. Орднинг фикрича, биз буюк салоҳиятни ишга солиш қудратидан мосуво бўламиз. У роботларга ўтади.

Эҳтимол, бугун роботларга ишлаш ўргатилаётган рағбатлантириш тизими бўлмаганида, хавф туғилганида уларни ўчириб қўя қолган бўлар эдик. Ўргатиш мобайнида роботлар ўз фойдасини максималлаштиришга ўргатилади — унга ўзини ўзи сақлаб қолиш инстинкти ҳам киради. Бундай ҳолатда роботнинг бош мақсади ўзини ўчириб қўйиш усулларини йўқ қилиш бўлиб қолади. Ва бу қийин иш эмас, вирус ёрдамида интернет қўлга киритилса бас.

Бошқа сценарийга кўра, роботлар ўз фойдасини максималлаштириш учун Ернинг жамики ресурсларини ишлатиб бўлади. Очкўз ва баджаҳл бўлганлари учун эмас, шунчаки, улар ўзларига ўргатилган дастурларни қиёмига етказиб бажаришади. Таҳдид нечоғлик эҳтимолли? Умумий маъноли қилиб айтиш қийин, лекин кўплаб футурологлар ва компьютер тадқиқотчилари бундай оқибат ўринли эканлигини таъкидлашмоқда.

Дистопия

Экзистенциал таҳдид албатта қириб юборилишни назарда тутмаслиги мумкин. Инсониятни салоҳиятдан мосуво қилса бас. Жаҳондаги тоталитар режим шароитида айнан шу реаллика айланиши мумкин. Бундай режим бўлиши ҳам шарт эмас; у етарли тарзда узоқ давом этса бас. Масалан, (метеоритнинг қайтариб бўлмас зарбаси тушадиган) нуқта бор дейлик, уни бошдан кечирган инсоният таҳдидни камайтира олмайди, чунки қўл-оёқлари тоталитаризм занжири билан боғланган бўлади.

Бунинг эҳтимоли нечоғлик? Тоталитаризмга юмалаб тушиш имконияти доимо сақланиб туради. Жаҳон ҳукуматини яратиш томон бўлган чақириқлар қанчалик кўп янграса, вазиятни шунчалик қаттиқроқ кузатиш керак, бир вақтнинг ўзида кузатув ва назоратнинг янги усулларини ҳисобга олиб, уларга қарши туришни ҳам ўрганиш керак.

Ўз китобида Орд фақат ўз нуқтайи назарига кўра реал таҳдидларга тўхталган. Эҳтимол, 50–100 йилдан сўнг, балким ундан ҳам олдинроқ рўйхат ўзгариб қолиши мумкин. Лекин бизнинг ўзимиз ўзгармас эканмиз, таҳдидлар сони фақат кўпая боради, асло камаймайди.

Мавзуга оид