Жаҳон | 22:55 / 29.04.2020
7438
2 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар шарафига авиашоу ўтказилди 

Нью-Йоркда коронавирус эпидемияси вақтида шифокорларга бағишланган America Strong (Америка кучли) деб номланган авиашоу ўтказилди.

AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, 28 апрелда иккита авиация эскадрильяси – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Thunderbirds гуруҳининг 6 та ва Blue Angels гуруҳининг 6 та самолёти кўргазмали парвозлар амалга оширган. Сўнгра самолётлар Филадельфия томон йўл олган.

Самолётлар шаҳарнинг барча туманлари узра учиб ўтган. Thunderbirds эскадрильяси сардори Жон Калдуэллнинг таъкидлашича, учувчилар “шаҳар аҳолиси хавфсизлиги учун жонбозлик қилаётган барчага ҳурмат бажо келтириш”дан хурсанд бўлишган. Ушбу парвозга бир ой давомида тайёргарлик кўрилган.

Бундай парвозлар АҚШнинг турли шаҳарларида май ўртасигача давом этади. Улардан мақсад мамлакат аҳолисини, айниқса оғир шароитларда ишлаётган шифокорларни илҳомлантириш ҳамда учувчиларга машғулот ўтказиш ва ўз малакасини йўқотмасликда ёрдам бериш ҳисобланади.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга қарши курашаётганлар ва вирусдан вафот этганлар шарафига ҳарбий авиациянинг кўргазмали парвозлари ўтказилишини эълон қилганди.

Мавзуга оид