Олот ва Қоракўл туманларида сув тошқини ҳақида уйдирма тарқатиб, ваҳима қўзғаган шахслар ушланди
27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси Бухоро вилояти ҳудудида кучли шамол туриши оқибатида кўплаб бино ва иншоотлар, инфратузилма тармоқлари ва объектлари талафот кўрди.
28 апрель куни Олот ва Қоракўл туман фуқаролари «Олот туманини сув босади деб», ваҳимага берилиб, оила аъзолари билан биргаликда яшаш манзилларини тарк этиб, Жондор туман ҳудудига ўтишга ҳаракат қилишган. Натижада йўлларда тирбандлик ва тартибсизлик ҳолати юзага келган.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида Олот ва Қоракўл туманларида олиб борилган суриштирув ишлари жараёнида аҳоли орасида асоссиз ваҳима уйғотган бир неча шахс аниқланган.
Назаров Умар Итолмасович, 1970 йилда туғилган. Олот тумани «Жайхунобод» маҳалласида яшайди. Ушбу шахс Туркманистон Республикасининг Фароб тумани ҳудудидан сув тошқини кўтарилиб, Олот тумани ҳудуди сув босиши мумкинлиги тўғрисидаги ёлғон уйдирмаларни қўни-қўшнилари ва маҳалладошларига тарқатиб, аҳоли орасида ваҳима уйғонишига сабабчи бўлган.
Раҳматов Мурот Ҳамроевич, 1969 йилда туғилган. Қоракўл тумани «Қувача» маҳалласида яшайди. Ушбу шахс ҳам Туркманистон Республикасидан сув тошқини келиши тўғрисида эшитган гапларини танишлари Мансуров Сойиб ва Эргашов Бобоназар орқали халқ орасида кенг ёйилишига сабабчи бўлган.
Норбоев Рахимжон Нарзуллаевич. 1977 йилда туғилган. Қоракўл тумани «Янгибозор» маҳалласида яшайди. Яшаш манзили кўчасига чиқиб, фуқаролардан эшитган тошқин тўғрисидаги ёлғон хабарга ишониб, қўни-қўшниларига ва танишларига айтиб, улар ваҳимага тушишига сабабчи бўлган.
Маттиев Отамурод Аминжонович, 1995 йилда туғилган. Қоракўл тумани «Қувача» маҳалласида яшайди. 28 апрель куни онаси Боқулова Фазолатдан сув тошқини бўлиши мумкинлиги тўғрисида ёлғон хабарларни эшитиб, қишлоқдошлари ва танишлари орасида ваҳима чиқиши ҳамда аҳоли тартибсизлигига қўшилиб, ваҳима уйғонишига сабабчи бўлган.
Юқоридаги номи келтириб ўтилган шахслар билан олиб борилган суриштирув ишлари жараёнида ҳақиқатан ушбу ҳаракатларни содир этиб, халқ орасида ваҳима уйғонишига сабабчи бўлишганини тан олишди ҳамда халқдан кечириб сўраб, видеомурожаат тақдим қилишди.
Шу куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказилди.
Турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.
«Шу ўринда фуқароларимизга мурожаат қилиб қоламиз, табиий офат натижасида юзага келган ҳолатда ортиқча ҳиссиётларга берилиб, халқ ўртасида уйдирма гаплар тарқатманг», дейилади Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
12:22 / 08.11.2024
Бухорода Хитой иштирокида саноат парки барпо этилади
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
20:51 / 03.11.2024