Ўзбекистон | 15:27 / 30.04.2020
20668
15 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда юридик таълим ва фанни қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Президент томонидан куни кеча имзоланган Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони барча соҳалар каби илмий ишлар ва инновациялар йўналиши бўйича ҳам университетимиз фаолиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Фото: KUN.UZ

Қайд этиш зарурки, бугунги кунда таълим тизими, айниқса юридик таълим глобаллашув даврида жамият ва иқтисодиёт олдимизга қўяётган янги чақириқларга тез мослашувчан бўлиши талаб қилинади.

Ўзбекистонда юридик таълимни рақамлаштириш бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда

Фармонга асосан илмий тадқиқот ва инновациялар йўналишида юридик соҳада бир қатор янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

Биринчи янгилик, замонавий таълимни рақамлаштирмасдан, уни турли муҳитга тез мослашувчанлигини таъминлаш масаласи. Айниқса, таълим жараёнини электронлаштириш ва унга ушбу технологияларни киритиш заруратини пандемия шароитида сезиб турибмиз.

Фармон билан университетда тўлиқ электрон ҳужжат алмашинувига ўтиш, илмий тадқиқот ва ўқув жараёнини рақамлаштириш вазифаси белгилаб берилди.

Қайд этиш зарурки, ривожланган хорижий давлатларда электрон университет лойиҳалари узоқ йилларда бери самарали қўлланиб келинаётган дастур саналади.

«Электрон университет» (E-University) лойиҳасини нима беради ва уни афзалликлари нималардан иборат деган табиий савол туғилади?

Аввало, ушбу лойиҳани университетга тўлиқ жорий қилиниши нафақат илмий тадқиқотлар соҳасида, балки ўқув жараёнини ҳам тўлиқ автоматлаштириш имкониятини яратади.

Буларга машғулотлар жадвалини шакллантириш, имтиҳонларни ўтказиш, баҳолаш, талабалар рейтингини шакллантириш, масофавий дарс машғулотларини йўлга қўйиш, илмий тадбирларни режалаштириш, онлайн диссертация муҳокамаларини ўтказиш каби имкониятларни санаб ўтиш мумкин.

Бундан ташқари, “Электрон университет” (E-University) тизимини жорий этиши очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, коррупциясиз таълим муҳитини яратишнинг муҳим элементи саналади.

Кўриниб турибдики, ушбу белгилаб берилган вазифа 2020 йил «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурига ҳам тўлиқ мос келади.

Иккинчи янгилик, Фармон билан юриспруденцияда янги ахборот технологиялари ва тизимларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш мақсадида Legal Tech лабораториясини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланмоқда.

Legal Tech технологияси Ўзбекистон учун мутлақо янги тизим бўлиб, у орқали давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказилиши белгиланади.

Ушбу технология нима ва уни юридик соҳадаги аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Бугунги замонда ахборот технологиялари ҳар қандай соҳага кириб боришга улгурган.

Таъкидлаш жоизки, ривожланган хорижий мамлакатларда ҳуқуқий амалиётда ҳам юқоридаги сингари ахборот технологиялари дастурларидан унумли фойдаланиб келинмоқда. Бундай ҳуқуқий технология Legal Tech деб аталади.

Масалан, АҚШ Иллинойс технологиялар институти жамоаси томонидан ҳуқуқий низо бўйича АҚШ Олий суди томонидан қандай қарор қабул қилинишини башорат қилишга қаратилган дастур ишлаб чиқилган. Одатда таҳлилий башоратнинг 70 фоизи тўғри бўлиб чиқади.

Шунга ўхшаш бўлган дастурлар Канадада ҳам яратилган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва бунинг учун полиция томонидан берилган жаримадан норози бўлган шахснинг адвокат ёрдамисиз судга мурожаат қилиши ҳамда унинг иши қисқа муддатларда кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган махсус онлайн дастурни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Шунингдек, ҳуқуқий низолар, муаммоларга татбиқ этиладиган қонун ҳужжатлари нормаларини излаб топиш, шартномаларни экспертизадан ўтказиш сингари дастурларни ҳам алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Бундай ҳуқуқий технологиялар Legal Tech лабораториясида яратилади. Бу айни пайтда юристлар ва ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларини ҳамкорликда ишлашни талаб этади.

Ўзбекистонда юристлар, шу жумладан, адвокатларнинг етишмаслиги шароитида Legal Tech дастурларини яратиш ва амалиётга жорий этиш келажакда адвокатларнинг Legal Tech ёрдамида кўплаб фуқароларга қисқа фурсатларда юридик хизмат кўрсатиш имкониятини оширади.

Магистратурага қабул қилиш ва ўқиш шаклини ташкил қилишга замонавий ёндашувлар жорий қилинмоқда

Фармон билан ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тизимида ҳам жуда муҳим ислоҳотлар амалга ошириш белгилаб берилмоқда. Мазкур ўзгаришлар энг аввало, ривожланган давлатларнинг юридик соҳадаги таълимини чуқур таҳлил қилинган ҳолда, уларни ижобий тажрибасидан келиб чиқади деб айтиш мумкин.

Биринчи янгилик, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини ТДЮУ магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабулини амалга оширилади.

Бундан ташқари, базавий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларини жорий этиш белгилаб берилмоқда.

Кўриниб турибдики, Фармон билан университет томонидан таклиф қилинаётган таълим шакллари ҳам кўпайиб, замон талаблари асосида ташкил қилинмоқда.

Шунингдек, базавий олий юридик маълумотга эга ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга раҳбар ходимларни магистратурага, тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсияси асосида, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиш учун қабулини, кириш тест синовларсиз, тўлов-контракт асосида амалга ошириш тартиби жорий қилинди.

Бу фуқароларимизга нима беради деган савол туғилиши табиий.

Қайд этиш зарурки, шу кунга қадар юриспруденция соҳасида бакалавр дипломи бўлар туриб, иш фаолиятининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда магистратурага кириш ва илмий тадқиқот фаолиятини олиб бориш имкониятидан маҳрум бўлган минглаб фуқароларимиз бор.

Энди ушбу фуқароларимиз Фармон билан белгиланган мазкур имкониятлардан фойдаланиб, бемалол тест синовларисиз тўлов контракти асосида магистр дипломини қўлга киритиши мумкин.

Ушбу шахсларга ўз имкониятларидан келиб чиқиб университет томонидан таклиф қилинаётган масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларидан бирини танлаш имконияти яратилмоқда.

Худди шундай имтиёз, базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимларга ҳам жорий қилинмоқда.

Иккинчи янгилик, Фармон билан иқтидорли ва бакалавр босқичида юқори натижаларни кўрсатган талабаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги жорий қилинаётган тартибга кўра, “юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов контракт асосда, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб ўқиш имконияти яратилмоқда.

Ушбу янги тизим нимаси билан афзал саналади?

Мазкур имтиёз берилаётган кадрлар келгусида ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда фаолият кўрсатувчи юқори малакали мутахассислар бўлиб фаолият кўрсатадилар.

Бу ўз навбатида юридик кадрларни тайёрлаш тизимида авлодлар алмашинувини изчилликда таъминлашга ва иқтидорли ёшларни кадрлар тайёрлаш тизимига жалб қилишга хизмат қилади.

Тошкент давлат юридик университетининг миллий ва халқаро рейтингини ошириш бўйича қандай вазифалар белгилаб берилган

ТДЮУнинг миллий рейтингдаги ўрнини юксалтириш, шунингдек уни 2030 йилгача халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси белгиланмоқда.

Тошкент давлат юридик университети ушбу йўналишда ўз олдига қисқа ва узоқ муддатли муҳим вазифаларни белгилаб олган. Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқларидан келиб чиқиб, ушбу фаолият йўналишларимизни яна бир бор такомиллаштириш имконияти яратилмоқда.

Қайд этиш зарурки, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари халқаро тан олинган олий таълим муассасалари саналади.

Юқорида қайд этилган комплекс чора-тадбирлар университетимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл фуқароларини ўқиш имкониятларини ошириш, таълим дастурларини самарадорлиги ва халқаро тан олинишига, профессор-ўқитувчилар илмий-тадқиқот натижаларини халқаро илмий техник базалардаги (Scopus, Web of Science ва б.) журналларда эълон қилинишига, бир сўз билан айтганда университет халқаро рейтингини ошишига хизмат қилади.

Мазкур вазифани мантиқий давоми сифатида Фармонда ҳуқуқ соҳасидаги халқаро маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш (LexisNexis, WestLaw, JStore ва бошқалар) вазифаси ҳам белгиланмоқда.

Бу, ўз навбатида, нафақат университет профессор-ўқитувчилар учун, балки бутун юридик илм-фан вакиллари учун халқаро юридик илм-фаннинг энг сўнги ютуқлари билан танишиш имкониятини яратиб беради.

Бундан ташқари, Фармонга асосан “TSUL Legal Report” тақриздан ўтувчи талабалар юридик журналини жорий этиш ҳамда уни қоғоз ва электрон шаклда тизимли равишда нашр этилишини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилмоқда.

Мазкур масала ниҳоятда долзарб саналади. Сабаби, шунга кунга қадар талабалар учун, уларнинг илмий тадқиқотларини чоп этиш учун махсус журнал мавжуд эмас эди.

Бу ўз навбатида, иқтидорли талабаларни илмий-тадқиқот фаолияти билан узвийлигини таъминлашга, илм-фанга интеграция қилишга хизмат қилади.

Юридик соҳада инновациялар ва ҳуқуқий ташаббусларни тижоратлаштириш истиқболлари қандай?

Юридик соҳада ҳуқуқий ташаббуслар ва инновацион ғояларни тижоратлаштириш масалалари ушбу соҳани ҳаётдан ажралиб қолмаслиги, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган.

Шу мақсадда, Тошкент давлат юридик университетида ҳуқуқни қўллашнинг тизимли муаммоларини олдиндан прогнозлаш, аниқлаш ва бартараф этишга, шу жумладан кафедралар ва юридик хизмат истеъмолчилари ўртасида алоқаларни ўрнатишга имкон берадиган Ҳуқуқий ташаббуслар ва инновациялар маркази (Innovation Center) ташкил қилиниши режалаштирилган. Ушбу марказ ёрдамида самарали фаолият кўрсатадиган “илмий-инновацион марказ – кафедра – ишлаб чиқариш” триадасини яратиш вазифасидир.

Бу вазифани бажариш орқали “University 3.0” концепциясини амалга ошириш учун “Форсайт-прогнозлаш” инновацион тизимини босқичма-босқич жорий этиш имконияти яратилади.

Шу мақсадда, юридик соҳада инновациялар ва ҳуқуқий ташаббусларни тижоратлаштириш соҳасида қандай устувор йўналишлар белгиланмоқда:

- турли ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига мураккаб консалтинг, шу жумладан илмий-амалий тадқиқотларни ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатиш;

- ҳуқуқий билимларни оммалаштириш мақсадида ТДЮУ томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган таълим хизматлар турларини кенгайтириш;

- ҳуқуқий соҳага ахборот технологияларни киритиш орқали ТДЮУ томонидан турли ахборот-таҳлилий ва маслаҳат хизматларни йўлга қўйиш.

Ушбу устувор йўналишлари тадқиқотларни амалга ошириш учун хўжалик шартномаларни тузиш, стартап-корхоналарни ташкил этиш ҳамда давлат-хусусий шерикчиликни йўлга қўйиш орқали амалга оширилади.

Хорижда юридик университетларда ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилган.

Гарвард ва Оксфорд университетларининг даврий молия ҳисоботларига эътибор қаратсак, ҳуқуқ соҳаси бўйича илғор университетларининг умумий даромадларидан ўртача 6 фоизи илмий тадқиқотлардан, 6 фоизи бошқа тадбиркорлик фаолиятидан келиб тушади. Яъни умумий ҳажмда инновациялар ва ҳуқуқий ташаббуслардан даромаднинг 12 фоизи шаклланади.

2020 йил 1 январдан бошлаб ТДЮУ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтганлигини инобатга олсак, ушбу йўналишда белгилаб берилган вазифалар университетнинг молиявий келажаги ва барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Буларни барчаси ТДЮУ томонидан инновация ва илмий фаолиятни тижоратлаштириш ҳамда молиявий ресурсларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш орқали ўз хизматларини тижоратлаштириш имкониятини яратади.

Халқаро ҳамкорлик соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда

Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетининг жами 40 га яқин хорижий ҳамкорлари бўлиб, уларнинг 31 таси халқаро рейтингда нуфузли ўринда турувчи университетлар ҳисобланади. Ушбу халқаро ҳамкорлик доирасида талабаларни академик алмашинуви, юридик фан-таълим соҳасида профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги, стажировка масалалари белгилаб олинган.

Мазкур халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ривожланган ҳуқуқий давлатларнинг ҳуқуқини қиёсий таҳлил қилиш, ўша давлатлар олимлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш бўйича бир қатор вазифалар олдимизга қўйилган.

Шу мақсадда Германия Федератив Республикаси Регенсбург университети билан 2020 йилда ТДЮУда немис тили ва ҳуқуқи билимларига эга юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказини очиш тўғрисида келишувга эришилган бўлиб, ушбу лойиҳа жорий йилда ўз ишини тўлиқ бошлайди.

Яқин йилларда ТДЮУда Буюк Британия ва Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари билан ТДЮУда инглиз ва хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ҳам ташкил қилиш бўйича ишлар жадал амалга оширилаётганлигини ҳам қайд этиш зарур.

Мазкур тадқиқот марказлари ўзбек юриспруденциясига нима беради, деган ҳақли савол туғилади.

Ҳеч бир ҳуқуқий тизим ўзи мустақил, интеграциялашувсиз бугунги кунда мавжуд бўла олмайди. Бу айниқса, смарт контрактлар ва халқаро электрон шартномаларга асосланиб ривожланаётган халқаро савдо, халқаро хусусий ҳуқуқий муносабатларда яққол намоён бўлади.

Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, товар ва хизматларни экспорт ҳамда импорти бўйича юқори натижаларга эришишни мақсад қилган эканмиз, халқаро ҳуқуқнинг ушбу соҳадаги янги талаблари ва андозаларига жавоб берадиган ҳуқуқий фан ва таълимни ташкил қилишимиз зарур.

Шу мақсадда, юқоридаги тадқиқот марказлари билан бир қаторда ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил қилинмоқда.

Буларнинг барчаси Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқи ва ҳуқуқий тизимларини қиёсий тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш вазифасини олдимизга қўймоқда.

Хулоса қилиб айтганда, яқин келажакда ўзбек юридик фани ва таълими жаҳоннинг илғор юридик таълими билан чуқур интеграциялашган ҳолда, мамлакатимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

Тошкент давлат юридик
университети проректори,
юридик фанлар доктори,
Н.Салаев

Мавзуга оид